Жамият | 22:47 / 20.02.2018
17796
3 дақиқада ўқилади

Гулистондаги маҳалла гулдек очиладими ёки лойга ботиб ётаверадими? 

Инсон бир уй қуриш ёки сотиб олиш учун қанча тер тўкади: пул йиғади, жисмоний меҳнат қилади, шунга яраша орзу-ҳавас қилади. Аммо янги хонадонида оёқ чўзиб, умргузаронлик қиламан деганда, муаммо чиқиб қолса дили хира бўлади, кўнглига ҳеч нарса сиғмайди. Ана шундай дилхиралик бугун Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги “Зарбдор” маҳалласи аҳолисини ҳам қийнаб келмоқда. KUN.UZ таҳририятига келиб тушган навбатдаги мурожаатда шундай дейилади:

“Ассалому алайкум! Бизни 7 йилдан бери қийнаб келаётган, муаммо бор. Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳридаги “Зарбдор” деган маҳаллада янги намунали уйлар тушган. Бизни уйлар 2010 йилда қуриб битказилган. Лекин ҳали бирор бир кўча асфальт қилинмаган. Ҳужжат бўйича эса асфальт қилингани кўрсатилган. Ёғингарчилик бўлганда, у кўчада яёв юриб бўлмайди, одам лойга ботиб қолади. Ёзда қуруқ кунларда кўчани тупроқ чангига чидаб бўлмайди. Асфальтни пулини еб қўйган ташкилотни ҳеч ким билмайди. Арз қилсак, порталга ёзманглар, қилиб берамиз, деб 7 йилдан бери алдаб келишади. Сизлардан илтимосимиз шу муаммони олиб чиқсангиз”.

Суратлар бу гаплар нечоғли тўғрилигини кўрсатиб турибди. Мазкур масала юзасидан Гулистон тумани ҳокимияти билан боғланиб кўрмоқчи бўлдик, аммо вилоят ҳокимияти сайтида кўрсатилган 8 (367) 796-30-30 рақамларига ҳеч ким жавоб бермади.

Маълумотларга кўра, бу муаммо юзасидан вилоят ҳокимлигига, туман ҳокимлигига ва бошқа мутасадди ташкилотларга чиқилган, аммо орадан шунча йил ўтган бўлса-да, бу мурожаат атрофлича ўрганилмаган. Барча ишлар қуруқ ваъдалар билан “ёпди-ёпди” қилинган. 

Бугун давр бошқача: шиддатли, шаффоф ва адолатли. Ўйлаймизки, мазкур маҳалла Ўзбекистондаги гўзал маҳаллалар қаторига қўшилиб, йўллари равон масканлардан бирига айланади. Фақат бунинг учун мутасадди ташкилотлар озроқ ҳаракат қилишса бас.

Сарвар Анвар ўғли
KUN.UZ мухбири

Мавзуга оид