Ўзбекистон | 18:12 / 02.12.2023
9004
3 дақиқада ўқилади

Yandex Go карта орқали тўловларда чек бера бошлади

Yandex Go Ўзбекистон солиқ резидентига айланиб, қонунчиликда белгиланган солиқларни тўлай бошлади. Ушбу сервис, шунингдек, MyTaxi ва Uklon хизматлари ҳам Солиқ қўмитасининг талабларини бажариб, ўз хизматларини фискал маълумотлар оператори билан интеграция қилди.

Фото: Yandex Go

1 декабрдан бошлаб Yandex Go такси хизмати Ўзбекистон ҳудудида солиқ резиденти – “YandexGo UB” МЧЖ томонидан тақдим этилади. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълум қилди.

“Шу кундан бошлаб Yandex Go хизмати ўз ҳисоб-китобларини Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талаблари асосида юритади, бирламчи ҳужжатларни ва солиқ ҳисоботларини тақдим этади ҳамда белгиланган солиқларни тўлайди. Бу ҳақда Ridetech International B.V. Солиқ қўмитасини расмий хат орқали хабардор қилди”, – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Yandex Go хизматини фискал маълумотлар оператори билан интеграциялаш бўйича ишлар якунланган.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар ва юридик шахслар мазкур сервис ёрдамида ташиш хизматини кўрсатганда мижозларга фискал чек бериш масаласи кўриб чиқилмоқда”, – дея маълум қилган солиқ органи.

Қўшимча қилинишича, MyTaxi ва Uklon хизматларини фискал маълумотлар оператори билан интеграциялаш ишлари ҳам якунланган. Яқин кунларда улар орқали кўрсатилган ташиш хизматлари учун тўловларни фискаллаштириш кутилмоқда.

Yandex Go'нинг Ўзбекистондаги офисидан Kun.uz'га маълум қилинишича, компания такси хизматлари учун чек тақдим этадиган бозордаги биринчи онлайн-хизматга айланган. 1 декабрдан бошлаб банк карталари орқали тўлов қилган мижозларга илова орқали чек тақдим этиш бошланган.

Kun.uz'нинг нақд шаклда тўлов қилинганида чек берилиши масаласидаги саволига жавобан, компания матбуот хизматининг билдиришича, Yandex Go нақд шаклда тўлов қилган мижозлар ва хизмат кўрсатувчилар ўртасидаги ҳисоб-китобларда иштирок этмайди.

“Шу билан бирга, биз ҳозирда Солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда хизмат кўрсатувчиларга нақд шаклда тўлов амалга оширилганида автоматик равишда фискал чек яратиш ва уларни Yandex Go иловасида йўловчиларга тақдим этиш имконини берувчи функционални ишлаб чиқмоқдамиз”, – дейилади расмий изоҳда.

Аввалроқ Yandex Go 2023 йилда Ўзбекистондаги фаолияти якунларини сарҳисоб қилган эди. Унда айтилишича, компания йил давомида мамлакатдаги таълим ва хавфсизлик технологияларига 450 минг доллардан ортиқроқ инвестиция киритган. Шунингдек, ресторанлардан тайёр овқатлар ва озиқ-овқатларни етказиб берувчи Yandex Eats фаолият йўлга қўйилган.

Мавзуга оид