Ўзбекистон | 12:10 / 29.12.2020
7075
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Тадбиркорлар валютани ҳозиргидек 4 кунда эмас, ярим соатда сотиб олиши мумкин бўлади»

Келаси йили банклараро валюта бозори “онлайн” платформага ўтказилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномада маълум қилди.

Фото: AP

“Мана, валюта бозори эркинлашганига ҳам 3 йилдан ошди. Шу даврда эркин валюта айирбошлаш бўйича юртимизда етарли тажриба тўпланди. Энди иқтисодиётимизнинг хорижий валютага боғлиқлик даражасини босқичма-босқич камайтириш керак. 

Шу мақсадда, келгуси йилда валюта кредитлари улушини ҳозирги 50 фоиздан 45 фоизга, яъни камида 2 миллиард долларга пасайтириш лозим.

Келгуси йилда миллий валютада чиқариладиган халқаро облигациялар улушини ҳозирги 25 фоиздан камида 40 фоизга ошириш зарур.

Шу билан бирга, келаси йили банклараро валюта бозори “онлайн” платформага ўтказилади ва тадбиркорларга валютани бевосита банкнинг ўзидан сотиб олиш учун имконият яратилади. Натижада тадбиркорлар валютани ҳозиргидек 4 кунда эмас, ярим соатда сотиб олиши мумкин бўлади”, - деди президент.
 
Қайд этилишича, ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси мезонларига кўра хавфсиз ҳисобланади.

“Айни вақтда ташқи қарз ҳисобидан ҳудудларда амалга ошириладиган лойиҳалар бундан буён маҳаллий Кенгашлар ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади. Уларнинг натижалари тўғрисида жамоатчиликка ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилади.

Шунингдек, давлат номидан ташқи қарз олиш камайтирилиб, инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларига кўпроқ хусусий капитал жалб этилади”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид