Жамият | 17:49 / 10.08.2020
17708
10 дақиқада ўқилади

Андижон шаҳар СЭОМ ходимларига бир неча ойдан бери мукофот пули берилмаяпти. Молия бўлими нимани кутмоқда?

Андижон шаҳар санитария-эпидемиология осойишталиги марказининг бир гуруҳ ходимлари сайтимизга мурожаат қилишди. Муассасанинг коронавирус пандемиясига қарши кураш бошланган илк кундан бошлаб энг олдинги сафда ишлаб келаётган 3 нафар врач ва 7 нафар лаборанти шу кунгача махсус қўшимча рағбатлантириш тўловини олмаган.

Мурожаатчилар ўзларига президентнинг март ойида қабул қилинган ПҚ–4652-сонли қарорига кўра рағбатлантириш тўлови берилмаётгани ва бу муаммо бўйича вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига, вилоят СЭОМга ва вилоят ҳокимлигининг молия бош бошқармасига кўп бора арз қилганликлари, лекин ҳеч қандай натижа бўлмаётганини билдиришди.

Маълумки, президент қарорида коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун врачлар ва врач-лаборантларга — 25 миллион сўм, ўрта тиббиёт ходимлари ва ҳамшира-лаборантларга — 15 миллион сўм, кичик тиббиёт ходимларига — 10 миллион сўм, бошқа ходимларга — 5 миллион сўм миқдорида махсус тўлов берилиши белгиланган.

«Раҳбарлардан ҳаққимизни сўрайвериб чарчадик»

Шу пайтгача махсус тўлов пулларини ололмаётган СЭОМ ходимларининг сўзларига қулоқ тутдик.

«Коронавирус кириб келган даврнинг биринчи босқичидан бошлаб вилоят ва шаҳар СЭОМ раҳбарларининг буйруқларига асосан тест анализлари олишга жалб қилинганмиз. Бактериология лабораториямиз ходимлари томонидан коронавирус касаллиги ўчоқларидан, карантин жойлари ва карантиндаги аҳоли хонадонларида намуналар олиниб, вилоят СЭОМ вирусология лабораториясига 24 соат мобайнида олиб бориб турилди. Мен бошчилигимда 3 нафар врач ва 7 нафар лаборант кеча-ю кундуз ишладик.

Биринчи босқичда, яъни тўртта 14 кунлик даврда 9 025 та таҳлил олиб бориб топширдик. Бундан 104 та мусбат натижа бўлди. Ана шу мусбат натижа бўлган хонадонлардан ҳам «анализ» олиб топшириб, ҳозирги кунгача ишлаб келмоқдамиз.

Президентимиз бизга ёрдам қилиб, қўшимча 6 фоизли устама ҳамда махсус рағбатлантирувчи тўловлар ҳақида қарор чиқарди. 6 фоизли кунлик устамани оляпмиз. Лекин махсус тўловларни олмаяпмиз.

Ҳужжатлари қилинди, бироқ иш молияга бориб тақалганда улар молиялаштириб бермаяпти. Шу пайтгача соғлиқни сақлаш вазиридан иккита хат келган. Иккинчи хатда вирусология лабораториялари билан бирга анализлар олиб, уларни рўйхатлаштирган лабораторияларга деган жойи ҳам бор, ўзбекча ёзилган. Молиячилар хатни тушунишни хоҳлашмаяпти.

Сўнг Молия ва Соғлиқни сақлаш вазирликларидан соддалаштирилган кўринишда учинчи хат чиқди. Унда «тиббиёт ходимлари, санитария-эпидемиология ходимларига махсус тўлов тўланиши керак» деб ёзиб қўйилган. Эпидемиолог-врачлар эпид кузатувга боради, касалланган бемор билан мулоқотда бўлади. Ундан кейин лаборатория ходими бориб анализ олади. Сўнгра зарарсизлантириш бўлими ходимлари бориб, у ерни зарарсизлантиради. Бемор олиб бориб топширилганидан кейин даволовчи врач ва ҳамширалар уни даволайди. Биз анализлар билан шуғулланамиз. Анализларни топширганимиздан кейин вирусология бўлими натижасини чиқариб беради.

Мукофот берилмаса ҳам биз барибир ишлардик, сабаби бу бизнинг севимли ишимиз. Майли, менга мукофот беришмасин, бу менинг вазифам, лекин лаборатория ходимларига бериш керак», – дейди Андижон шаҳар СЭОМ бактериологик лаборатория мудири Мухторжон Холмирзаев.

Марказ ходимларининг айтишича, уларнинг аксарияти бир ставка ишласа-да, пандемия даврида икки ставкадан иш бажаришган. Улар ишхонада ётиб қолиб, уйига, фарзандлари олдига бормасдан ишлаган кунлари бўлганини, столда, кушеткада, полда ётиб ишлашганини айтиб беришди.

Ходимлар ҳужжатларни шаҳар тиббиёт бирлашмаси, вилоят СЭОМ ва ССБга тасдиқлатиб, молия бошқармасига беришган. Лекин мана, бир ярим ойдан бери махсус тўлов масаласи чўзилиб келяпти. Ходимлар муаммо нимада эканини тушуна олмаётганини айтишди.

«Пандемия даври бошлангандан бери коронавирусга гумонланган беморлар билан бевосита контактда бўлиб келяпмиз. Андижон шаҳри бўйича таҳлилларнинг 80 фоизини биз олдик. Улар орасида касаллик аниқланган сони жуда кўп. Лекин муҳтарам президентимизнинг рағбатлантирувчи пулларини шу кунгача ололмаяпмиз.

Бу масала бўйича ҳокимиятга бордик, прокуратурага ариза ёздик, бандлик бўлимига ва юқори ташкилотларга мурожаат қилдик, лекин ҳеч бири натижа бермади. Сабр қилиб туринглар, бўлади, сабр қилиб туринглар, дейишяпти, бўлмаяпти. Ҳолбуки, биз белгиланган иш вақтидан анча кўп, халқимиз ва оиламизнинг соғлиғи учун, юртимиз тинчлиги учун жонимизни хатарга қўйиб ишладик», – дейди лаборант Мунира Алматаева.

Ходимларнинг айтишича, улар Ўзбекистонга коронавирус кириб келганидан кейинги даврда икки ой ишхонада сутка давомида узлуксиз ётиб қолиб ишлашган. Улар оила аъзоларига касаллик юқишидан ҳадикда, болаларида иситма чиқса ҳам «касаллик юқтириб олмадикмикин?» деган хавотир билан яшашаётганини айтишди.

«Шубҳаланамиз, оиламиз учун қўрқамиз. Ишимиз ярим ставка бўлса ҳам мана шу ерда 24 соатдан ётиб қолиб, бир ҳафтада 3-4 кунлаб қолиб кетган кунларимиз бўлди. Уйдагилар қайнота-қайноналаримиз, эрларимиз «шунча ишлаганингизга ваъда қилинган мукофот пули қани?» деб биздан сўрашади. Жуда хижолатмиз», – дейди СЭОМ лаборанти Ўғилой Йўлдошева.

Муассаса дезинфектори Аҳмаджон Ортиқов 16 мартдан бери қўлидан ускунаси тушмай ишлаб келаётгани, лекин ваъда қилинган рағбатлантирувчи маблағдан дарак йўқлигини айтади.

«Президентимиз мукофот пулларини ажратди, лекин масала ўзимизнинг Андижонда ҳал бўлмаяпти. Аслида мукофот бермаса ҳам жон-жон деб ишлаётгандик. Лекин ўша пулни беради, деб қўшимча куч билан кечани кеча, кундузни кундуз демасдан иссиқ-совуқда ишлаб келдик. Молияга, прокуратурага ва шаҳар ҳокимиятига бордик.

Масалан, мен ўзим ҳам Молия вазирлигига, бошқа жойларга телефон қилдим, лекин ҳеч бири телефонни олмайди. Ҳамма муаммо Андижон молия бошқармасида бўляпти.

Пенсияга чиқишимга 6 ой қолди. Учта болам ҳали кичкина, энг кичиги 4 яшар, каттаси – 10 яшар. Кечаси ҳам қолиб кетавердим, ташқарида ҳам, хоналарда ҳам ётиб юрдик. Лекин меҳнатимизнинг ҳосили бўлмади. Фақат иш ҳақимиз ва 6 фоизли устамани оляпмиз. Оддий қилиб айтганда, Тошкентда чиққан қарорлар довондан бу ёққа ўтмайди, шекилли», дейди у.

Суҳбат давомида маълум бўлишича, СЭОМда ярим ставкада ишловчи ходимларнинг ойлик маошлари 600-900 минг сўм атрофида. Улар рағбатлантирувчи тўловлардан умид қилиб астойдил ишлаётган экан.

Вилоят молия бошқармаси изоҳи

Шаҳар СЭОМ томонидан ходимларга махсус тўлов тўланиши бўйича Андижон вилоят ССБ, вилоят СЭОМ ва Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан тасдиқланган рўйхат Андижон вилоят ҳокимлигининг молия бош бошқармасига тақдим этиб борилган.

Биз вилоят ҳокимлиги молия бошқармасида бўлиб, муаммоли ҳолат бўйича изоҳ беришларини сўрадик. Молия бошқармаси мутасаддилари маълумотни ёзма равишда тақдим этишди.

Унда Республика махсус комиссияси йиғилиш баёнига берилган 1– иловада, вақтинчалик низомнинг 22-бандида махсус тўлов бевосита коронавирус инфекциясини юқтирган беморни даволашда узвий ишлайдиган, улар билан мулоқотга киришадиган ходимларга берилиши белгилангани айтилган.

«Ўзбекистон Республикасига коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбир дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 30 апрелдаги 20-сон йиғилиш баёнига 1-иловада, «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни қўшимча моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида»ги вақтинчалик низомнинг 22-бандида: «Махсус тўлов коронавирус инфекциясини юқтирганларни даволаш учун юқумли касалликлар ёки бошқа тиббиёт муассасаси негизида ташкил қилинган даволаш муассасасида, шунингдек, Агентлик ва СЭОМлар коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган ҳамда коронавирус инфекциясига шубҳа қилинган, касалланган шахслардан лаборатор намуналарни олишда ва уларнинг рўйхатини шакллантиришда қатнашаётган врачлар, ўрта тиббиёт ва кичик тиббий ходимлари ҳамда бошқа вазирлик ва идоралардан жалб қилинган мутахассислар, шунингдек, бевосита коронавирус инфекциясини юқтирган беморни даволашда узвий ишлайдиган, улар билан мулоқотга киришадиган ходимларга нисбатан татбиқ этилади», деб баён қилинган.

Юқорида кўрсатиб ўтилган йўриқномаларда Андижон шаҳар СЭОМ баклаборатория ходимларининг мурожаатига аниқ жавоб берилмагани сабабли, Андижон вилоят Молия бош бошқармасининг 2020 йил 24 июль кунги № 02/04-32/52 сонли мурожаат хати билан Соғлиқни сақлаш вазирлигига махсус рағбатлантириш тўловларини СЭОМ баклабаратория ходимларига татбиқ этилиши ёки этилмаслиги юзасидан алоқа хати юборилган», – дейилади вилоят молия бошқармаси тақдим этган изоҳда.

Хулоса

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Б.Низомов имзоси билан Андижон вилоят ССБга келган хатда: «Махсус қўшимча тўловлар коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган ходимлар, лаборатор таҳлилларни ўтказиш учун олинган намуналарни етказиш ва лаборатория эксплуатациясини ташкил этишда бевосита иштирок этувчи ходимларга татбиқ этилади», дейилган.

Кўриб турганингиздек, Андижон шаҳар СЭОМ баклаборатория врач ва лаборантларига рағбатлантирувчи махсус тўлов тўланишини ҳал этиш вилоят молия бошқармасига боғлиқ бўлиб турибди.

Молия бошқармаси эса Соғлиқни сақлаш вазирлигидан мурожаат хатига жавоб келишини кутаётганини айтмоқда.

Ҳолбуки, бу масала аллақачон ҳал этилиши керак эди. Вилоят ССБ ва вилоят СЭОМ раҳбариятининг тегишли буйруқлари билан тузилган рўйхат апрель-май ойларида тасдиқланиб, вилоят молия бошқармасига тақдим этилган. Ўшандан бери мазкур масала очиқлигича қолмоқда.

Шаҳар СЭОМ ходимлари эса кутавериб чарчашди. Улар пандемия даврининг биринчи босқичида ўз ҳаётларини хавф-хатарга қўйиб, минглаб одамлардан коронавирусга таҳлиллар олишган, кеча-ю кундуз тиним билмай ишлашган, ишхонада ётиб қолиб бўлса ҳам ўз вазифаларини икки ҳиссадан бажаришган.

Шундай экан, улар ўз хизматлари учун муносиб равишда рағбатлантиришга ҳақли эмасми?

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов.

Мавзуга оид