Жаҳон | 18:26 / 20.05.2026
4971
8 дақиқада ўқилади

3 қурбон ва «нафрат жинояти» — Калифорния Ислом марказидаги отишма тафсилотлари

Фото: AP

Ҳафта бошида қуролланган ўсмирлар АҚШнинг Сан-Диего шаҳридаги Ислом марказида ўт очиб, 3 кишини ўлдирди. Ҳужумларни қайтаришда вафот этган масжид қўриқчиси Амин Абдуллоҳ ва яна икки киши ўнлаб болаларни хатардан сақлаб қолди.

18 май куни АҚШнинг Калифорния штати Сан-Диего шаҳридаги энг йирик масжидга қилинган ушбу ҳужум «нафрат асосидаги жиноят» сифатида текширилмоқда. Reuters’нинг ёзишича, ишга ФҚБ ҳам аралашган.

Ҳужумдан кейинги матбуот анжуманида полиция расмийси Скотт Вол гумонланувчидан бирининг онаси отишмадан тахминан икки соат олдин полицияга қўнғироқ қилганини айтди. Аёл полицияга – ўз жонига қасд қилишга мойил деб таърифлаган ўғли унга тегишли бўлган учта қуролни ва автомобилини олиб, уйдан қочиб кетганини хабар қилган.

Фото: AP

Шунингдек, она ўғлининг ёнида ҳамроҳи борлигини ва иккаласи ҳам камуфляж кийимида эканлигини айтган. Полиция ўсмирларни қидириш чораларини бошлаган: эҳтиёт чораси сифатида яқин атрофдаги савдо маркази ва ўсмирнинг мактабига патрулларни жўнатаётган бир вақтда, масжидда отишма бошланган.

Сан-Диего ҳудудидан 50 дан 100 гача бўлган полиция ходимлари биринчи «фаол отишма» ҳақидаги қўнғироққа дарҳол жавоб берган ва тўрт дақиқа ичида масжидга етиб келишган.

Фото: AP

Воқеа жойига чақирилган ходимлар уч нафар эркакнинг жасадига дуч келди. Маҳаллий ОАВларга гапирган гувоҳнинг айтишича, у «ярим автоматик қурол» овозига ўхшаш 30 тагача ўқ овозини эшитган. Скот Вол ушбу воқеа давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан бирорта ҳам ўқ узилмаганини айтди.

Полиция ҳужумга жавоб бераётган вақтда бир нечта квартал нарида ободонлаштириш бўлими ишчисига ҳам ўқ узилган. Терговчилар ушбу ҳодисаларни ўзаро боғлиқ деб ҳисобламоқда. Ходим бошида каска бўлгани учун жароҳат олмагани айтилмоқда.

Бироз вақт ўтгач, полиция кўчанинг ўртасидаги автомобилда 17 ва 18 ёшли икки нафар ўсмир йигитнинг жасадини топди.

Қаҳрамон қўриқчи ва икки қурбон

Сан-Диего Ислом марказида ҳалок бўлган қўриқчи сешанба куни ўз жонини фидо қилган қаҳрамон сифатида ёдга олинди. У икки қуролли шахс билан отишмага киришиб, ўсмир гумонланувчиларни қайтарди ва уларнинг ҳужумини барбод қилишга ёрдам берди, натижада масжид ичидаги 140 нафар мактаб ўқувчисининг ҳаётини сақлаб қолди.

Қурбонлар расм

Сан-Диего полицияси бошлиғининг сўзларига кўра, дўстлари орасида Браян Климакс номи билан ҳам танилган 51 ёшли қўриқчи Амин Абдуллоҳ икки ўсмирни дарҳол хавф манбаи сифатида пайқаган. Абдуллоҳ улар масжид ҳовлисидан югуриб ўтаётганда уларга қарата ўт очган. Шундан сўнг гумонланувчилар ҳам жавоб ўти очиш учун тўхтаган. Абдуллоҳ автотураргоҳда ҳалок бўлди.

Амин Абдуллоҳ

Тўқнашув пайтида айнан Абдуллоҳ рация орқали хавфсизлик блокировкасини ишга тушириш ҳақида хабар беришга улгурган. Бу эса бино ичидаги бошқа одамларга қулфланган эшиклар ортига яшириниш учун вақт берган.

Ўсмир қотиллар бино ичида хонама-хона кезиб юришган, бироқ блокировка туфайли хоналарнинг қулфланган ёки бўшлигига дуч келган.

Қолган икки қурбон — масжид оқсоқоли, 78 ёшли Мансур Казиҳа ва 57 ёшли Uber ҳайдовчиси Надир Авад бўлган.

Улар қотилларни бинодан ташқарига чиқишга мажбур қилган. Икки ўсмир ташқарига чиққач, масжид оқсоқоли ва ҳайдовчини автотураргоҳ бурчагида отиб ўлдирган.

Мансур Казиҳа ва Надир Авад

Қурбонлардан бири — Казиҳа қарийб 40 йил давомида масжид дўконини бошқарган: «у масжиднинг ғамхўр назоратчиси, оилали, беш фарзанднинг отаси ва бобо бўлган», дейди яқинлари.

Қўриқчининг қизи Ҳавва Абдуллоҳ ҳам кўз ёшлари билан отасини хотирлади. У отасини оиласига жуда ғамхўр бўлгани ва ўз ишига садоқати туфайли ҳатто навбатчилик пайтида овқатланиш учун ҳам танаффус қилмаганини айтиб ўтди.

New York Times'нинг ёзишича, Исломни қабул қилган Амин Абдуллоҳ Янги Зеландиядаги мусулмонлар жамоасига қарши уюштирилган террорчилик ҳужумларидан қаттиқ қайғуга тушган бўлган. Шундан сўнг у Сан-Диего Ислом марказида қўриқчи бўлиб ишга кирганди. Душанба куни Абдуллоҳ ана шу бурчини адо этиш йўлида ҳалок бўлди.

Нафратга тўла ўсмирлар

Расмийлар отишмадан сўнг кўп ўтмай 17 ва 18 ёшли ҳужумчилар интернет орқали танишгани ва тармоқдаги нафратга асосланган мафкуралар таъсирида «радикаллашган »деб тахмин қилинаётганини маълум қилди.

Эртаси куни CNN телеканали икки гумонланувчи томонидан ёзиб олинган ва жонли эфирда узатилган даҳшатли видеотасвирларни қўлга киритганини хабар қилди. Кейинроқ видео тармоқларда ҳам тарқалди.

Reutersʼга кўра, қуролланган шахслар — 18 ёшли Калеб Васкес ва 17 ёшли Кейн Кларк бўлган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Полиция ва ФҚБ ушбу ҳужумни нафрат заминида содир этилган жиноят сифатида текшираётганини маълум қилди, бироқ тахминий сабаблар ҳақида батафсил маълумот беришни рад этди.

«Фақат шуни айта оламанки, гумонланувчилар жуда кўп одамларга нисбатан чуқур нафрат билан тўла бўлган», деди ФҚБ махсус агенти Марк Ремили.

Ҳужумчилардан бири ўзидан манифест қолдирган. Терговчилар ирқчилик, исломофобия ва антисемитизм мафкуралари акс этган 75 саҳифалик манифестни чуқур ўрганаётгани ҳақида хабар берилди.

Ушбу тасвирларнинг якуний қисмида қуролланган шахслардан бири аввал шеригини, сўнгра ўзини отиб ташлагани акс этган.

«Даҳшатли вазият»

Ислом маркази Сан-Диего округидаги энг йирик масжид бўлиб, унда диний таълим берувчи мактаб ҳам жойлашган. Ушбу ҳужум мусулмонларнинг энг йирик байрамларидан бири Қурбон ҳайитидан бир ҳафта олдин содир бўлмоқда: «Биз илгари ҳеч қачон бундай фожиани бошдан кечирмаган эдик. Ибодат жойини нишонга олиш ўта мудҳиш ва қабиҳ ишдир», деди Ислом маркази имоми ва директори Тоҳа Ҳассан.

Ислом маркази имоми Тоҳа Ҳассан / Фото: The Guardian

Калифорния губернатори Гевин Нюсом баёнот бериб, «оила ва болалар тўпланадиган, қўшнилар тинчлик ва тотувликда ибодат қиладиган» марказда содир бўлган «зўравонликдан даҳшатга тушганини» билдирди. Штат «диний жамоаларга қарши террор ёки қўрқитиш ҳаракатларига тоқат қилмайди», дея қўшимча қилди Нюсом.

АҚШ Президенти Доналд Трамп отишма ҳақида сўралганда, буни «даҳшатли вазият» деб атади. «Менга баъзи дастлабки маълумотлар берилди, бироқ биз буни жиддий ва қатъий равишда кўриб чиқишга қайтамиз,» деди у.

Фото: Reuters

Гарчи тартибсиз қуролли зўравонликлар Қўшма Штатлар бўйлаб одатий ҳолга айланиб қолган бўлса-да, 28 февраль куни Яқин Шарқда АҚШ ва Исроил бошлаган уруш нафрат жиноятларини кучайтирди. АҚШ ва Европадаги кўплаб мусулмон ва яҳудий жамоалари хавотирга тушиб қолган.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид