Жаҳон | 08:47
763
3 дақиқада ўқилади

Сан-Диегодаги масжидда отишма: беш киши ҳалок бўлди

АҚШнинг Сан-Диего шаҳридаги Ислом марказида содир бўлган отишма оқибатида беш киши ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида икки нафар гумонланувчи ҳам бор.

Фото: REUTERS

Ҳодиса 18 май куни Калифорния штатидаги Сан-Диего Ислом марказида — округдаги энг йирик масжидда содир бўлган. Бу ҳақда AP, dpa ва Reuters агентликлари хабар берди.

Полицияга ҳодиса ҳақидаги хабар маҳаллий вақт билан соат 11:40 атрофида келиб тушган. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари воқеа жойига тез етиб келиб, вазият назоратга олинганини маълум қилди.

Шаҳар полицияси раҳбари Скотт Уол маълум қилишича, ҳужум натижасида уч нафар эркак ҳалок бўлган. Улар орасида Ислом маркази қоровули ҳам бор.

Икки нафар эҳтимолий ҳужумчи эса ўлик ҳолда топилган. Дастлабки маълумотларга кўра, улар ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкин.

Шунингдек, турли даражада жароҳат олган бир неча киши шифохонага ётқизилган.

Полиция маълумотига кўра, гумонланувчилар икки нафар ёш йигит бўлган. Ҳозирда уларнинг шахси ва ҳужум сабаблари аниқланмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар воқеани диний нафрат замирида содир этилган жиноят сифатида ҳам кўриб чиқмоқда. Чунки ҳужум диний объект ҳудудида амалга оширилган.

Отишма Сан-Диего марказидан тахминан 14 километр шимолда жойлашган мажмуа ҳудудида юз берган. Бу ерда масжиддан ташқари мактаб ҳам фаолият юритади.

Ҳодиса вақтида бинода болалар бўлган, аммо уларнинг барчаси эвакуация қилиниб, жабрланмаган. Мактабда араб тили, исломшунослик ва Қуръон дарслари ўтилган.

Полиция маълум қилишича, воқеалар жуда тез ривожланган ва отишма нафақат масжид атрофида, балки яқин ҳудудларда ҳам кузатилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари воқеа жойига етиб келганидаёқ қурбонларни топган. Кейинроқ ҳодиса жойидан бир неча квартал узоқликда турган автомашина ичида 17 ва 19 ёшли икки йигитнинг жасади аниқланган. Улар тан жароҳатларини ўзларига етказган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Махсус операцияга ўнлаб полиция ходимлари, махсус бўлинмалар ва тезкор хизматлар жалб қилинган. Ҳудуд тўлиқ ўраб олинган, айрим йўллар ёпилган.

Калифорния штати ва Сан-Диего шаҳар маъмурияти аҳоли учун бошқа хавф йўқлигини билдирди.

Тергов ишларига Федерал тергов бюроси ҳам қўшилган.

Шундан сўнг Нью-Йорк, Вашингтон ва Лос-Анжелес полиция бошқармалари хавфсизлик мақсадида масжидлар ва бошқа диний муассасалар атрофида полиция назорати кучайтирилишини маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид