Ўзбекистон | 16:28 / 12.09.2025
3149
2 дақиқада ўқилади

Рақамли технологиялар вазири UzIMEI тизимидаги муаммолар юзасидан сўровга жавоб қайтарди

Июль ойида сенаторлар рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовга UzIMEI тизимидаги бюрократия ва техник муаммолар юзасидан сўров йўллаганди. Вазир берган жавобида бюрократик талабларни юмшатиш бўйича чоралар белгилангани айтилган, лекин улар нималардан иборат экани очиқланмади.

Фото: Рақамли технологиялар вазирлиги

2025 йилнинг 8 июл куни Сенатнинг бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобил Турсунов Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов номига IMEI кодларни рўйхатдан ўтказишдаги муаммолар юзасидан сенатор сўрови юборганди. Унда IMEI2 кодни рўйхатдан ўтказиш тартиби, “BIRDA” иловаси ва UzIMEI.uz, my.gov.uz сайтларидаги муаммоларни бартараф этиш, шунингдек, ортиқча талабларни юмшатиш бўйича маълумот бериш сўралганди.

Сенат матбуот хизмати 12 сентябрда вазирнинг расмий жавобини эълон қилди. Унда UzIMEI тизимининг ҳуқуқий асослари, халқаро тажрибалар ва эришилган натижалар келтирилган бўлса-да, бюрократик талабларни юмшатиш бўйича қандай чоралар белгилангани очиқланмаган.

Вазирлик маълумотида Ўзбекистонга 2019–2024 йилларда мобил қурилмалар импорти 6,2 баробарга ошгани, божхона тўловлари эса 37,5 млрд сўмдан 621,2 млрд сўмга етгани қайд этилган. Шу билан бирга, жисмоний шахслар декларациясиз олиб кирган қурилмалар учун тўланадиган қўшимча харажатлар IMEI-код рўйхатга олиш билан боғлиқ эмас, балки божхона тўловлари ҳисобидан келиб чиқиши таъкидланган.

Шунингдек, вазирлик UzIMEI.uz, my.gov.uz сайтлари ва “BIRDA” иловасидаги техник муаммолар тезкор бартараф этилаётганини маълум қилди. Кейинчалик IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш ва ортиқча талабларни юмшатиш юзасидан чоралар кўрилиши айтилган, аммо уларнинг аниқ мазмуни ёритилмаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июл ойида Iphone нархлари ошгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар Kun.uz ўтказган ўрганишларда ўз тасдиғини топганди. Бу “кулранг” импорт схемалари орқали кириб келаётган телефонларни UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтказиш харажатлари ошгани билан боғлиқ.

Тайёрлаган:  Мадина Очилова

Мавзуга оид