Ўзбекистон | 14:46 / 27.01.2021
5710
2 дақиқада ўқилади

Суд ажрими билан амал қилиши тўхтатиб турилган паспорт ўрнига янги паспорт берилади

2021 йил 26 январ куни имзоланган президент фармонига кўра, эндиликда суд ажрими билан амал қилиши тўхтатиб турилган паспорт ўрнига янги паспорт бериш тартиби жорий қилинади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Фармонга асосан, қидирувда бўлган айбланувчи ёки судланувчи республика ҳудудида ушланган тақдирда суд ажрими билан амал қилиши тўхтатиб турилган паспорт ички ишлар органлари ёки чегара назорати бўлинмалари томонидан маълумотларни йиғиш пунктига йўқ қилиш учун жўнатиш мақсадида олиб қўйилади ва унга паспорти олиб қўйилганлиги ҳақида далолатнома берилади.

Вақтинча хорижда бўлган, паспортининг амал қилиши тўхтатиб турилган айбланувчи ёки судланувчи Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномасини олиш учун Ўзбекистоннинг консуллик муассасасига мурожаат этганда, унинг паспорти олиб қўйилади ва унга бу ҳақида далолатнома берилади. Олиб қўйилган паспорт йўқ қилиш учун Ташқи ишлар вазирлиги орқали маълумотларни йиғиш пунктига юборилади.

Суд ажрими билан паспортининг амал қилиши тўхтатиб турилган айбланувчига ёки судланувчига янги паспорт маълумотларни йиғиш пункти томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб 10 кун ичида берилади:

  • ариза;
  • процессуал мажбурлов чораси бекор қилингани ҳақида тасдиқланган қарор нусхаси;
  • давлат божи тўлангани ҳақида квитанция.

Шунингдек, тергов ҳибсхоналари ёки вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида сақланаётган шахсга янги паспорт расмийлаштириш ушбу шахслар сақланаётган жойга борган ҳолда амалга оширилади.

Мавзуга оид