Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бинолар энергия самарадорлигини ошириш миллий дастури тасдиқланади
Фото: Kun.uz
Президентнинг “Уй-жой коммунал хўжалиги, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа соҳаларда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш ҳамда бино-иншоотларнинг энергия самарадорлигини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
“Ижтимоий, тижорат ва маъмурий-маиший бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлигини ошириш” миллий дастури тасдиқланади. Дастурни молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланади:
- бино ва иншоотлар эгалари ўз маблағлари;
- тижорат банклари, халқаро молия институтлари томонидан ажратилаётган имтиёзли кредитлар;
- давлат ва маҳаллий бюджет маблағлари, субсидиялар;
- амалга оширилган энергия тежаш чора-тадбирлари натижасида тежалган маблағларни қайта молиялаштириш;
- қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар.
Энергетика вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Қурилиш вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилади:
- шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган тартибда кўп квартирали ва кўп қаватли уй-жойлар фойдаланишга топширилишида кичик қуёш фотоэлектр станциялари, гелио қуёш ускуналари каби электр ва иссиқлик энергиясини тежовчи қурилмалар ўрнатилмаган кўп қаватли уй-жойларни Энергетика вазирлиги келишувисиз фойдаланишга қабул қилмаслик;
- қурилиш ташкилотлари томонидан бинолар ва иншоотлар энергосамарадорлик талабларига ва оптимал меъморий, функционал технологик, конструкторлик, техник-муҳандислик ечимларини танлаш орқали фойдаланиладиган энергия ресурслари учун ўлчов асбоблари билан жиҳозлаш талабларига жавоб бериши, қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш пайтида улар тўғри амалга оширилиши ва стандартлар, техник дизайн ечимлар каталоглари мунтазам янгиланишини таъминлаш;
- бино ва иншоотларнинг алоҳида элементларига, конструкцияларига ва уларда фойдаланиладиган ускуналар ва технологияларга қўйиладиган талаблар, қурилиш, қайта қуриш, мукаммал таъмирлаш ҳамда эксплуатация қилиш жараёнида энергия ресурслари исрофгарчилигини бартараф этиш имконини берувчи, қўлланиладиган ва лойиҳа ҳужжатларига киритиладиган талаблар жорий этилишини ташкил қилиш;
- корхона ва ташкилотларнинг бино ва иншоотлари учун сарфланаётган энергия ресурслари 25 фоизини қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан қоплаш;
- ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа бюджет ташкилотларининг раҳбарлари ва масъул ходимларига қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишда кўрсатган ташаббускорликларини рағбатлантириш;
- бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлигини оширишда энергия сервис компаниялари хизматларини йўлга қўйиш.
- Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бино ва иншоотларни уй-жой мулкдорлари ширкатлари ҳамда жамоат бинолари ва иншоотлари эгалари учун:
- энергия тежамкорлик бўйича чора-тадбирларни жорий қилиш;
- шахсий уй-жой эгалари ва жамоат бинолари ходимлари олдидаги мажбуриятларни бажариш;
- электр ва иссиқлик энергияси ҳамда иссиқ ва совуқ сув, шунингдек, табиий газдан фойдаланишдаги сарф-харажатларни қисқартириш юзасидан энергетик паспортлаштириш ишлари амалга оширилишини тизимли равишда йўлга қўйиш;
- марказлашган иситиш тизимлари иш режимини оптималлаштириш мақсадида, иссиқлик таъминоти тармоқларида ҳамда бино ва иншоотларда иссиқлик ҳимоясини яхшилаш (янги қурилаётган бино ва иншоотларда энергия самарадор ва энергия тежамкор қурилиш материалларидан фойдаланиш, мавжуд биноларда иссиқлик ҳимоясини яхшилаш бўйича тадбирларни амалга ошириш) бўйича комплекс тадбирларни амалга ошириш;
- энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишда бино-иншоотлар, ижтимоий соҳа ва турар жой объектлари географик жойлашуви ҳамда энергия истеъмолини ҳисобга олиш;
- энергия самарадорлигини оширишга қаратилган дастурлар ижросини таъминлашнинг самарали тизимларини жорий этиш чораларини кўради.
Мавзуга оид
12:15 / 13.12.2025
“Сунъий қуёшдан тоза энергия олмоқчимиз” – Хитойдаги “Илм ороли”да ишлаётган ўзбек тадқиқотчиси
07:25 / 05.12.2025
Дунёдаги 2,75 миллиард бино учун биринчи юқори аниқликдаги 3D-харита яратилди
07:33 / 28.11.2025
Канадада янги рекорд: Pinnacle SkyTower мамлакатдаги энг баланд бинога айланди
15:41 / 30.10.2025