Жамият | 12:50 / 17.01.2022
98198
2 дақиқада ўқилади

Мурод Назаров меҳрибонлик уйидан 9 нафар болани фарзандликка олди

“Декабр ойида бизга бир деганда яна 7 қиз ва 2 ўғилнинг ота-онаси бўлиш бахти насиб этди. Биз бунга 10 йилдан бери ҳаракат қилаётган эдик, бундан жуда хурсандмиз”, деди тадбиркор Мурод Назаров Kun.uz билан суҳбатда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

16 январ куни ижтимоий тармоқларда таниқли тадбиркор Мурод Назаровнинг оилавий сурати ва у меҳрибонлик уйидан 9 нафар қизни фарзандликка олиб, эндиликда фарзандлари сони 14 нафарга етгани ҳақида хабар тарқалди.

Kun.uz мухбири маълумот олиш мақсадида Мурод Назаров билан боғланди. Тадбиркор 9 болани фарзандликка асраб олганини тасдиқлаб, интернетдаги хабарларда бироз ноаниқлик борлиги, уларнинг икки нафари ўғил эканини айтди.

“Бундай неъмат бизга бир ой аввал инъом этилди. Бу маълумотни ҳозирча фақат яқинларимиз билан баҳам кўриб, фарзандларимиз бирор гўзал натижаларга эришган паллаларда оммага маълум қилишни ният қилгандик. Аммо кимдир яхши ниятда ижтимоий тармоқларда эълон қилибди.

Лекин тарқалаётган маълумотлар бироз нотўғри талқин қилинибди. Декабр ойида бизга бир деганда яна 7 қиз ва 2 ўғилнинг ота-онаси бўлишлик бахти насиб этди. Биз бу ҳолатга 10 йилдан бери ҳаракат қилаётган эдик, бундан жуда хурсандмиз”, деди Мурод Назаров.

Бунгача тадбиркорнинг 3 қиз ва 2 ўғли бор эди. У эндиликда Instagram саҳифасидаги таништирув изоҳини “14 нафар фарзанднинг отаси” дея ўзгартирган.

Мавзуга оид