Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
СССРда яширилган ҳодисалар: советлар Ўзбекистон ҳудудида ядро бомбасини нега портлатган эди?
Совет даврида Ўзбекистонда икки марта ядро бомбаси портлатилган. Улардан бирининг қуввати Хиросимага ташланган бомбанинг кучидан икки баробар кучли бўлган. Ўшанда ядро бомбаси портлатишдан аввал одамлар огоҳлантирилмаган, яшаш жойидан кўчирилмаган. Портлашнинг салбий оқибатлари инобатга олинмаган. Бундан фақат бир хулоса чиқариш мумкин – советлар миллионлаб инсонларнинг хавфсизлиги ва соғлигини мутлақо ўйламаган.
Фото: KUN.UZ
Собиқ совет иттифоқи шундай давлат бўлганки, унда на одамларга ва на табиатга раҳм-шафқат қилинмаган. Ўрмонлар мислсиз равишда кесилган, ер ости бойликлари жуда исрофгарчилик билан қазиб олинган.
Биргина мисол, совет даврида Мурунтов конида таркибида олтин бор рудалар қазиб олинар экан, унинг таркиби текшириб турилган. Мабодо руда таркибида тилла миқдори жуда юқори бўлса, у қайта ишлашган. Тилла миқдори бироз кам бўлса рудани Қизилқум чўлларига олиб чиқиб ташлашган. (Кейинчалик бу рудалар қайта ишланган ва ундаги олтин ажратиб олинган)
Бошқа фойдали қазилмаларга ҳам муносабат шу тарзда бўлган. Советлар Ўзбекистон заминидан чиқаётган бойликларни тезроқ ва кўпроқ қазиб олиш пайида бўлишган.
1950-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб Ўзбекистондан йирик газ конлари топилган. Советлар ўша пайтда очилган конларни эплаб ўзлаштириш ўрнига очкўзлик билан янгидан янги конларни қидиришда давом этишган.
Аниқланган конларда нимадир муаммо чиқса улар ёқиб юборилган ёки шунчаки ташлаб кетилган ва табиий газ ҳавога чиқиб кетган. Шунда бир томондан миллиардлаб кубометр тозаланмаган газ исроф бўлган, иккинчи томондан атмосферани ифлослаган.
1961 йилда Бухоро шаҳри яқинида топилган Ўртабулоқ газ кони билан ҳам шундай бўлган. Газ конини бурғилаш пайтида хатога йўл қўйишади. Оқибатда жуда катта босим бўлган қудуқда ёнғин юзага келади.
Шундан сўнг ҳарчанд уриниб ёнғинни ўчира олишмайди ва у қарийб уч йил давомида ёниб туради. Охир-оқибат қудуқ яқинида ядро бомбасини портлатишади. Натижада ҳосил бўлган қумли тўлқин ва ер жинслари қудуқдан чиқиб кетаётган газни тўхтатиб, оловни ўчиради.
Ўшанда ядро бомбаси портлатишдан аввал одамлар огоҳлантирилмайди, яшаш жойидан кўчирилмайди. Портлашнинг салбий оқибатлари инобатга олинмайди. Портлаш ҳақида СССР тарқаб кетгунча ҳеч кимга маълумот берилмайди.
Ҳодисадан аввал
1950-йиллар бошида совет геологлари Ўзбекистон ҳудудида кенг кўламда қазилма бойликлар жойлашган конларни қидиришни бошлаб юборишади.
1956 йилда Бухоро вилояти Ромитан туманидаги ҳудуддан жуда катта газ конлари топилади. У ерда аниқланган газ захираси 500 млрд куб метр эди. Шундан сўнг конлар яқинида Газли посёлкаси қурилади ва конни ўзлаштириш ишлари бошлаб юборилади.
Ҳудуддаги энг йирик газ конларидан бири бўлган Ўртабулоқ ҳам ўша пайтда, 1960-йиллар бошида топилган эди. Бу кон Бухородан 90 километр жануброқда, Туркманистон билан чегара яқинида жойлашганди.
Ҳодиса
1961 йилда Ўртабулоқ газ кони аниқлангандан кўп ўтмай бу ерда бурғилаш ишлари бошлаб юборилади. 1963 йилда бурғилаш ишлари 2 400 метрга етганда таркибида олтингугурт миқдори жуда юқори бўлган газ захирасига дуч келинади.
Ўшанда кондаги бурғилаш ускуналари етиб борган жойда босим 300 атмосфера атрофида бўлади (бошқа манбаларда босим 350 атмосферага етгани айтилади).
Бундай пайтларда юқори атмосфера босимига чидамли, махсус пўлатдан тайёрланган бурғилаш ускунаси ишлатилиши керак эди. Бироқ ишчилар хатоликка йўл қўйишади ва махсус бурғилаш ускунасидан фойдаланишмайди.
Оқибатда оддий бурғилаш ускунаси юқори атмосфера босимига бардош беролмайди. 1963 йил 1 декабр куни бурғилаш ускунаси узилиб тушиб, эриб кетади ва қудуқда ёнғин юз беради. Кучли олов тўлқини бурғилаш ускунасининг ер сатҳида турган қисми ва уни ушлаб турган металл конструкцияни узиб юборади.
Кондаги босим кучлилиги сабабли оловнинг баландлиги 120 метрга етади. Шундан сўнг ёнғинни ўчиришга уриниб кўришади. Ҳодиса юз берган жойга энг аввал ўт ўчирувчилар ва булдозер, экскаватор каби махсус техникалар келтирилади.

Бироқ кучли олов туфайли 200-250 метр масофада ҳаво ҳарорати жуда баланд бўлади ва қудуқ яқинига на махсус техникалар, на ўт ўчириш машиналари яқинлаша олмайди.
Оловга сув ёки кўпик сепишнинг, шунингдек, махсус техникалар ёрдамида ер жинсини суриб боришнинг иложи йўқлиги аёнлашгач бошқача йўл тутишга қарор қилишади.
Аввалига артиллерия қуроллари ёрдамида газни музлатадиган моддалар солинган ўқ билан қудуқни мўлжалга олиб ўқ отишади. Бироқ олов кучлилиги ва босим юқорилиги сабабли бу усул билан ҳам ёнғинни ўчириб бўлмайди.
Кўп ўтмай ёнаётган кон яқинида бошқа қудуқ қазиб, ундан сув ҳайдаб кўрмоқчи бўлишади. Бироқ бу иш билан ҳам ёнғинни ўчиришнинг иложи йўқлиги маълум бўлади. Шундан сўнг ёниб турган кон ўз ҳолига ташлаб қўйилади.
Ўшанда ҳар куни сутка давомида 10-12 миллион кубометр, геолог-қидирув бошқармаси бошлиғи А.Пучковга кўра 18-20 миллион кубометр газ ёниб кетаверади.
Турли манбаларда таъкидлашича, Ўртабулоқ конида бир суткада ёниб кетаётган газ Ленинград шаҳри аҳолисининг бир сутка мобайнида сарфлайдиган газ миқдорига тенг эди.
120 метр баландликдаги кучли олов машъаласи жуда узоқдан кўриниб турарди. Ўша пайтда Жанубий-Шарқий Осиё ва Ҳиндистон ва Покистондан СССРга ва бошқа Европа давлатларига учадиган самолётлар айнан Ўртабулоқдаги ҳодиса туфайли бошқа жой орқали уча бошлашади. Чунки исталган вақтда конда кучли портлаш содир бўлиши мумкин эди.
Ўша пайтда қудуқ атрофида тозаланмаган газнинг ёнишидан ҳаво жуда ифлосланади. Бундан ташқари, атроф куйинди ҳидига тўлиб кетади. Бунга сабаб тунда жуда кўп ҳашаротлар ва қушлар ўзини оловдан чиқаётган ёруғликка уради ва иссиқда куйиб, оёқ остига қулаб тушаверади.
1964 йил январ ойида қудуқ оғзини тозалаш ва ундан чиқувчи газнинг бир қисмини тўхтатиш учун ҳаракат қилиб кўришади. Бироқ бу иш ҳам муваффақиятсизликка учрайди.
Кўп ўтмай кон атрофидаги иссиқликдан ҳимояланиш учун булдозерлар ёрдамида қум тепаликлари барпо этилади. Шу тариқа қудуқ минг кундан ошиқроқ вақт мобайнида тўхтовсиз ёнади ва ярим миллиард кубометрдан ошиқроқ газ исроф бўлади.
Қудуқдаги оловни уч йил давомида ўчиришнинг иложи бўлмагач, 1966 йилда унинг яқинида ядро бомбасини портлатишга қарор қилишади. Шу йўл билан қудуқнинг тепа қисмини ер жинслари остида қолдириш ва оловни ўчириш режа қилинади.
Бироқ бу иш жуда таҳликали эди. Чунки ядро бомбаси портлатилиши режа қилинган жой яқинида яна бир қанча конлар бор эди. Шунингдек атрофда Туркманобод, Когон, Қоракўл, Қоровулбозор каби шаҳарлар жойлашганди. Қолаверса, Бухоро шаҳри ҳам Ўртабулоқдан узоқ эмас, бор-йўғи 90 километр масофада эди.
Портлатишга тайёргарлик
1966 йил баҳорида қудуқдаги оловни ўчириш бўйича таклиф ҳукумат томонидан тасдиқланади. Шундан сўнг ядро бомбасини тайёрлаш Россия федерал ядро маркази зиммасига юклатилади. Марказ аллақачон саноат миқёсида ядро бомбасини ишлаб чиқарган ва 1965 йилда Қозоғистондаги Семипалатинск полигонида муваффақиятли синовни амалга оширган эди.
Ўртабулоқда ядро бомбасини портлатиш ишларига умумий раҳбарлик нефт ва газ конлари бўйича тажрибали мутахассис Комил Мангушевга топширилади.
Унга маслаҳатчи сифатида Россия Фанлар академияси президенти, академик М.Келдиш, академик М.Миллионшчиков ва Ер физикаси институти директори академик М.Садовский жалб этилади.
Уч академик иштирокида ўтказилган йиғилишда улар термоядро бомбасини портлатиш билан оловни ўчириш ва қудуқдан чиқаётган газни блокировка қилиш мумкинлигини тасдиқлашади.
Кейинчалик Комил Мангушев ўз хотираларида авария содир бўлган жойга биринчи марта борганини шундай тасвирлаганди:
«Вертолёт ерга қўнганда тебраниш кучайди. Двигател шовқини ҳодиса жойидаги шовқин туфайли билинмай қолгани менда ғалати ҳисларни уйғотди. Қудуқда ёнаётган газнинг шовқини юзлаб реактив двигателларнинг овозидан ҳам баландроқ эди. Вертолёт қўнган жойдан қудуққача 600 метр эди. Атрофга ёнаётган газнинг тутуни тарқаб, хирароқ туман кўринишида эди. Машъалнинг юқори қисми туман орасида чайқалиб турарди. Тепадан қараганда кулдонга ўхшаган нарса қишда булдозерлар қудуқнинг атрофига жамлаб қўйган қум тепалари экан. Атрофда ёниши мумкин бўлган ҳамма нарса аллақачон куйиб битган. Атрофдаги қум аралаш тупроқ қизиб кетган, у ерда ҳаёт тугаган эди. Қудуқдан кўкка ўрлаётган олов шуъласи тунда турли ҳашаротларни ўзига жалб қиларди. Улар ўзини ёруғликка урар ва жизғанак бўлиб куйиб тушарди. Шу сабабли оёқ ости турли қушларнинг суякларига тўлиб кетганди».
Фавқулодда вазиятдан тезроқ чиқиш учун ядро бомбасини портлатишни тезроқ амалга ошириш лозим эди. Олов қанчалик тез ўчирилса, бекорга ёниб исроф бўлиб кетаётган газ тезроқ жиловланарди.
Ишлар тиғиз бўлганига қарамай, геологик тайёргарлик ишлари пухта олиб борилади. Комиссия аъзолари ҳаво ҳарорати +40... +50 даража иссиқ бўлган пайтда қудуқ олдига бир неча марта келиб кетишади.
Бурғилаш ускуналари Москва вилоятидаги махсус полигонда синовдан ўтказилади. Ушбу синовларда коннинг бурчаги, ядро зарядлари қўйиладиган чуқурлик ва қурилмаларнинг конструктив хусусиятлари аниқланади.
Ядро бомбаси Россия федерал ядро марказининг тажрибали ядро физиклари Владимир Лебедев ва В.А.Разуваевлар раҳбарлигида тайёрланади.
Ушбу ядро бомбасининг ўзига хос хусусияти унинг «тоза портлаши»да эди. Яъни ядро бомбаси портлаганда унинг таркибидаги ядрочалар камроқ бўлакларга бўлинарди. Асосий энергия термоядровий синтез туфайли ажралиб чиқиши керак эди.
Портлаш
Портлатиш ишларига Э.Славский бошчилигида махсус тузилган комиссия жавобгар эди. Портлаш санаси тўғрисидаги қарорни шахсан СССР раҳбари Леонид Брежневнинг ўзи КПСС марказий қўмитаси сиёсий бюроси йиғилишида тасдиқлаб беради.
Ўртабулоқда ядро бомбасини портлатишга тайёргарлик кўриш ишлари тўрт ой давом этади. Энг аввал кон яқинида 1500 метр чуқурликдаги қудуқ бурғиланади.
Қудуқ тайёр бўлгач унга ядро бомбаси туширилади. Бундай чуқурликда ҳарорат жуда юқори бўлиб, портлаш нуқтасига туширилган ядро бомбаси қўшимча равишда совитилиб турилади.
1966 йил 30 сентябр куни эрталаб Ўртабулоқ кони яқинига кўмилган ядро бомбаси портлатилади. Натижада ўз ўрнидан силжиган ер жинслари газ қудуғини сиқиб, унинг устини ёпиб қўяди. Портлашдан 22-23 сония ўтгач олов ўчади.
Ўртабулоқда портлатилган ядро бомбасининг қуввати 30 килотоннага тенг бўлиб, у Хиросимага ташланган бомбадан икки баробар кучли эди. У ер юзасидан 1500 метр чуқурликда портлатилгани учун ер юзасидаги салбий асоратлари камроқ бўлади.
Портлашдан сўнг
Портлашдан сўнг Ўртабулоқ кони атрофида ер жинслари кўчиб, ҳудуд жуда ҳам тартибсиз кўринишга келиб қолади. Шундан сўнг бу ерга жуда кўплаб махсус техникалар олиб келинади ва ер текислаб чиқилади. Сўнг конни ўзлаштириш ишлари бошлаб юборилади.
Ўртабулоқдаги ёнғин муваффақиятли ўчирилгани учун кўп ўтмай Комил Мангушев ва унинг жамоасига СССР давлат мукофоти берилади.
Бухоро яқинидаги конда ёниб турган қудуқ ядро бомбаси ёрдамида ўчирилгач советлар кейинчалик бу тажрибадан бир нечта газ конларида фойдаланишади.
Жумладан, ядро бомбалари яна уч марта газ қудуқларини жиловлашда ишлатилган:
- 1968 йил 21 май куни Қашқадарё вилоятида жойлашган «Помуқ» конида;
- 1972 йил 11 апрел куни Туркманистоннинг Мари вилоятида жойлашган «Кратер» конида;
- 1972 йил 9 июл куни Украинанинг Харков вилоятида жойлашган «Факел» конида. (Шу конда мақсадга эришилмаган ва конни кейинроқ бошқача услубда жиловлашган)
1974 йилда газ конларидаги оловни ўчириш учун амалий ечимларни қўллаш натижалари ҳақида китоб нашр этилади. Унинг муаллифлари ўша пайтда СССР Геология вазирининг ўринбосари бўлган В.Игревский ва Ўртабулоқдаги конни жиловлашда масъул бўлган Комил Мангушев эди.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
17:35 / 01.01.2026
Швейцариядаги курортда портлаш: ўнлаб инсонлар вафот этгани айтилмоқда
10:52 / 26.12.2025
Макриддаги тоғ портлатилиши бўйича изоҳ берилди: уй ва мактаб деворларидаги ёриқлар қўшимча текширилади
22:28 / 25.12.2025
Қашқадарёда тоғ портлатилди - арз қилганлар қўрқитилиб, ҳолатга "кўникиш" тавсия қилинди
14:25 / 24.12.2025