Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Макриддаги тоғ портлатилиши бўйича изоҳ берилди: уй ва мактаб деворларидаги ёриқлар қўшимча текширилади
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Қашқадарё вилояти Китоб тумани Макрид маҳалласи яқинида амалга оширилган тоғ портлатиш ишлари юзасидан Kun.uz сўровига жавоб берди. Қўмита маълумотига кўра, портлатиш ишлари ўтказилган ҳудудга яқин уйлар ҳамда мактаб биноси деворларида кузатилган майда ёриқларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш учун ваколатли ташкилотлар томонидан қўшимча текшириш ўтказиш мақсадга мувофиқ.
Маълум қилинишича, ҳокимлик, фавқулодда вазиятлар, экология идоралари ҳамда маҳалла раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ ҳодиса жойида ўрганиш ишларини олиб борган.
Ўрганиш жараёнида портлатиш ишлари Китоб тумани “Макрид” МФЙга қарашли Қурама қишлоғи ҳудудида жойлашган, “Quality Metal House” МЧЖга тегишли “Мақрид” мармарлашган оҳактош конида амалга оширилгани аниқланган. Қўмита маълумотига кўра, мазкур корхона 2024 йил 28 июн куни электрон онлайн аукцион орқали ўтказилган савдода ғолиб бўлиб, Зарaфшон-3 участкасида геологик қидирув ишларини олиб бориш ҳуқуқини қўлга киритган. Геологик ўрганиш ишларидан сўнг норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун тегишли рухсатнома расмийлаштирилган.
Қайд этилишича, “Quality Metal House” МЧЖ портлатиш ишларини мустақил амалга ошириш ваколатига эга эмаслиги сабабли, портлаш ишлари “75-махсус бошқармаси” МЧЖ пудратчи ташкилоти томонидан бажарилган.
Ишчи гуруҳ томонидан портлатиш ишлари ўтказилган ҳудудга энг яқин аҳоли яшаш хонадoнлари визуал тарзда кўздан кечирилган. Аниқланишича, Қурама қишлоғида жами 30 та хонадoнда 150 нафар аҳоли яшайди ва энг яқин уй портлаш ҳудудидан тахминан 600 метр масофада жойлашган. “Наврўз” МФЙга қарашли Ўртачил қишлоғида эса 45 та хонадoнда 183 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ушбу ҳудуддаги энг яқин уй портлаш нуқтасидан тахминан 1240 метр масофада жойлашган.
Ўрганиш давомида Қурама қишлоғида яшовчи айрим фуқароларнинг уй деворларида майда сувоқ ёриқлари мавжудлиги аниқланган. Шунингдек, “Наврўз” МФЙда яшовчи айрим фуқаролар уйларида ҳам шунга ўхшаш ёриқлар кузатилган. Бундан ташқари, “Наврўз” МФЙ ҳудудида жойлашган 77-сонли умумтаълим мактаби директори томонидан портлатиш ишлари амалга оширилганидан сўнг мактаб биноси деворларида ҳам майда ёрилишлар кузатилгани маълум қилинган. Аммо мазкур ёриқлар қачон ва айнан қайси сабабларга кўра юзага келганини аниқлаш имкони мавжуд эмаслиги таъкидланган. Шу сабабли, ушбу ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида ваколатли ташкилотлар томонидан қўшимча ўрганиш ишлари олиб бориш мақсадга мувофиқ экани билдирилган.
Шу билан бирга, портлатиш ишлари олиб борилган ҳудуд атрофида аҳоли яшаш жойларига тош бўлаклари учиб боргани ёки бевосита зарар етказилгани аниқланмаган. Портлаш ишлари табиий ер сатҳидан тахминан 25-30 метр баландликдаги тоғли ҳудудда амалга оширилган бўлиб, майда тош бўлаклари портлаш марказидан 100-150 метр радиусда тарқалгани кузатилган.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ўрганиш натижаларига кўра, портлатиш жараёнида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар етказилган ҳолатлар аниқланмагани, шунингдек, маҳаллий аҳоли соғлиғига зиён етгани бўйича маълумотлар қайд этилмаганини маълум қилди.
Шу билан бирга, қўмита мазкур портлатиш ишларининг қонунчиликка мувофиқлиги масаласи ваколатли идоралар томонидан алоҳида ўрганилиши лозимлигини таъкидлаган.