Жаҳон | 16:52 / 03.11.2025
4186
5 дақиқада ўқилади

Трамп Нигерияда ҳарбий амалиёт ўтказиш билан таҳдид қилди

У маҳаллий ҳукуматни мамлакатдаги христианларни жангарилардан ҳимоя қилишга лаёқатсизликда айблаган.

Фото: Getty Images

АҚШ президенти Доналд Трамп АҚШ армиясига Нигериядаги жангари гуруҳларга қарши ҳарбий ҳаракатларга тайёргарлик кўришни буюрди. Шу билан бирга, у ушбу мамлакат ҳукуматини христианларни ҳимоя қила олмасликда айблаган, Нигерия президенти эса мамлакатда диний муросасизлик йўқлигини таъкидламоқда.

Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида пост ёзиб, унда Пентагон Нигериядаги эҳтимолий ҳарбий ҳаракатларга тайёр бўлиши кераклигини айтган.

«Агар Нигерия ҳукумати насронийларнинг ўлдирилишига йўл қўйишни давом эттирса, АҚШ зудлик билан Нигерияга кўрсатаётган барча ёрдам ва кўмакни тўхтатади. Бундан ташқари, АҚШ бу шармандали мамлакатга „қуролларни шайлаган ҳолда“ кириб, даҳшатли ваҳшийликларни амалга ошираётган исломий террорчиларни бутунлай йўқ қилиши мумкин. Мен Мудофаа вазирлигимизга эҳтимолий ҳаракатлар учун тайёргарлик кўришни буюрмоқдаман. Агар ҳужум қилсак, бу худди террорчи безорилар бизнинг азиз насронийларимизга ҳужум қилганидек, тез ва шафқатсиз бўлади!» – деб ёзди Трамп.

«ОГОҲЛАНТИРАМИЗ: ЯНИГЕРИЯ ҲУКУМАТИ ШОШИЛГАНИ МАЪҚУЛ!» – деган Трамп ўз одатига кўра матннинг бир қисмини катта ҳарфларда ёзиб.

Шундан сўнг, АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет унинг идораси ҳаракат қилишга шайлигини айтди. «Ёки Нигерия ҳукумати насронийларни ҳимоя қилади, ёки биз даҳшатли ваҳшийликларни амалга ошираётган исломий террорчиларни ўлдирамиз», – дея қўшимча қилди у.

АҚШ президентининг ҳарбий ҳаракатлар билан таҳдиди унинг маъмурияти Нигерияни АҚШнинг диний эркинликларни бузган давлатлар рўйхатига киритганидан бир кун ўтиб янгради. Рўйхатда Хитой, Мянма, Шимолий Корея, Россия ва Покистон каби давлатлар ҳам бор.

Аввалроқ Трамп Нигерияни «алоҳида хавотир уйғотувчи мамлакат» деб атаган ва у ерда «минглаб» христианлар ўлдирилганини айтганди.

Президент гап айнан қандай қотилликлар ҳақида кетаётганига изоҳ бермади ва аниқ далилларни тақдим этмади. Аммо АҚШнинг ўнг сиёсий доираларида Нигериядаги христианлар геноциди ҳақидаги гап-сўзлар бир неча ойдан бери давом этмоқда.

Нигерия томони нима дейди?

Халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, Нигерияда христианлар мусулмонларга қараганда кўпроқ ўлдирилади, деб ҳисоблаш учун асос йўқ – икки дин вакиллари орасида зўравонлик қурбонлари сони деярли бир хил.

Ўзини христиан руҳонийси деб атаган Нигерия президенти вакили Даниэл Бвала BBC Newshour дастурида Трамп Нигерияга ёрдам беришни истаётгани, бироқ жангариларга қарши ҳар қандай ҳарбий ҳаракатлар икки давлат томонидан биргаликда амалга оширилиши кераклигини айтди. Шунингдек, у Нигерия суверен давлат эканини эслатиб ўтган.

Бвала, шунингдек, исёнчилар маълум бир эътиқоддаги одамларни таъқиб қилмаслиги ва ҳаммани ёппасига ўлдиришаётганини айтган. Нигерия президенти Бола Тинубунинг ўзи ҳам мамлакатда диний муросасизлик йўқлигини ҳамда хавфсизлик муаммолари диний эътиқодидан қатъи назар аҳолининг барча қатламларига таъсир қилишини қайд этган.

Даниэл Бвала BBC Newshour дастурида Трампнинг «ўзига хос мулоқот услуби» борлигини эслатиб, Нигерия ҳукумати унинг сўзларини сўзма-сўз қабул қилмаслигини таъкидлаган.

«Биз АҚШ ёрдамини, агар у бизнинг ҳудудий яхлитлигимизни тан олса, мамнуният билан қабул қиламиз», – дейди у. Бвала Трампнинг Нигерияни «шармандали мамлакат» деб атаганига жавобан кескинликни юмшатишга ҳаракат қилган.

«Биз буни сўзма-сўз қабул қилмаймиз, чунки Доналд Трамп Нигерия ҳақида яхши фикрда эканини биламиз. Трамп бизга таҳдидни енгишда ёрдам беришга интилаётганини тушунамиз», – деган президент маслаҳатчиси ва икки давлат президентлари яқин кунларда юзма-юз учрашиб, вазиятни муҳокама қилишига умид қилишини қўшимча қилди.

Гап қайси жангарилар ҳақида кетмоқда?

«Боко Ҳарам» ва «Ғарбий Африкадаги Ислом давлати» ҳарбийлашган гуруҳлари ўн йилдан ортиқ вақтдан бери мамлакат шимоли-шарқидаги аҳолини террор қилиб келмоқда. Расмий маълумотларга кўра, ўтган йиллар давомида жангарилар қўлида ўн минглаб одамлар ҳалок бўлган.

Ушбу гуруҳлар мамлакатнинг шимоли-шарқида ҳарбий ҳаракатларни бошлаганидан бери ўтган 15 йил ичида миллионлаб одамлар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Бироқ, Acled мониторинг гуруҳи маълумотларига кўра, 2024 йилдан бери уларнинг фермерларга ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони икки баравардан кўпроқ ошган.

Нигериянинг марказий қисмида эса асосан мусулмонлардан иборат чўпонлар ҳамда ва христиан деҳқонларлар ўртасида ҳам сув ва яйловлар учун тўқнашувлар бўлиб туради.

«Қонга қон» тамойили бўйича бундай тўқнашувлар оқибатида ҳам минглаб одамлар ҳалок бўлган, аммо ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, ваҳшийлик можароларнинг барча томонлари томонидан содир этилган бўлиши мумкин ва ҳужумлар асосан христианларга қаратилгани ҳақида маълумотлар йўқ.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид