Ўзбекистон | 17:59 / 12.12.2020
9108
4 дақиқада ўқилади

Ҳукумат қарори: Айрим тадбиркорлик субъектларига солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларига солиқ тўловчиларнинг солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш ваколатини бериш бўйича Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан тасдиқланган низомда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва айланмадан олинадиган солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тартиби белгиланди.

Тартибга кўра, солиқ тўловчи солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органига мурожаат қилади. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари (ваколатли орган) солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш ёки рад этиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси киритилган кундан эътиборан 30 кун мобайнида тегишли қарорни қабул қилади.

Қарорда солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш назарда тутилган тақдирда:

  • кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилаётган солиқ тури (турлари);
  • қарз суммаси;
  • кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилаётган солиқ тури (турлари) бўйича муддат;
  • қарз суммасини ва ҳисобланган фоизларни тўлаш тартиби ҳамда муддатларини ўзида акс эттирган қарорнинг нусхаси ҳокимликлар томонидан манфаатдор шахс ҳисобда турган жойдаги солиқ органига ва манфаатдор шахсга ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан 3 иш куни мобайнида юборилади.

Низомга мувофиқ, мавсумий хусусиятга эга бўлган қуйидаги тармоқлар ва фаолият турларига солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имконияти берилиши кўзда тутилган:

1. Қишлоқ хўжалиги тармоғи:

  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сақлаш фаолияти;
  • қишлоқ хўжалиги корхоналарига хизмат кўрсатиш фаолияти.

2. Балиқчилик саноати тармоғи:

балиқ ва бошқа денгиз жониворлари ва маҳсулотларини овловчи ҳамда уларнинг хомашёларини қайта ишловчи корхоналар – балиқпазлик ва балиқ консервалари комбинатлари ва корхоналари, балиқ саноати музхоналари, балиқ уни ва мойи заводлари, балиқ овловчи хўжаликлар ва балиқларни ҳаво кемаларида қидирувчи хизматлар фаолияти.

3. Қурилиш материаллари саноати тармоғи:

  • пиширилган ва силикатли ғиштлар, сопол блоклар ва панеллар, ғиштдан блок ва панеллар, сопол черепицалар ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти;
  • уячали ва зич силикатли бетондан йирик блоклар ишлаб чиқарувчи, йирик ва майда деворбоп бетон блоклар, шлакобетон блоклар, табиий тош блоклар (чиғаноқтош, туф ва бошқалар) ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти;
  • оҳак ва доломит кукуни, майдаланган гипс хомашёси ва озуқабоп бўр ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти.

4. Ёғ-пишлоқ ва сут саноати (сут консерваларини ишлаб чиқаришсиз) тармоғи:

музқаймоқ ишлаб чиқариш фаолияти.

5. Пиво ишлаб чиқариш тармоғи:

пиво ва солод ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти.

6. Вино маҳсулотларини ишлаб чиқариш саноати тармоғи:

узумдан вино ишлаб чиқариш фаолияти.

7. Пахта тозалаш саноати тармоғи:

пахта толаларини тайёрлаш ва йигириш фаолияти.

8. Азот саноати тармоғи:

ўғитлар ва азотли бирикмалар ишлаб чиқариш фаолияти.

9. Соғломлаштириш ва дам олиш муассасалари тармоғи:

болалар оромгоҳлари, дам олиш уйлари, даволаш фаолияти билан шуғулланмайдиган пансионатлар ва бошқа дам олиш муассасалари фаолияти.

10. Иссиқлик таъминоти тармоғи:

коммунал-маиший ва аҳолининг иссиқликка бўлган эҳтиёжи бўйича иссиқлик тақсимлаш тармоқлари ва иссиқлик таъминоти бўйича фаолият юритувчи ташкилотлар.

Мавзуга оид