Авто | 12:57 / 26.12.2025
1619
2 дақиқада ўқилади

Кўп чиқинди чиқарадиган машиналарга пойтахтга киришга чеклов қўйилади

Шаҳарларда тирбандлик ва ҳаво ифлосланиши кучайиб бораётгани сабаб, автомобиллар чиқараётган зарарли моддалар даражасига қараб экологик стикерлар бериш тизими жорий этилади. Катта миқдорда чиқинди чиқарадиган автомашиналарнинг Тошкент ва бошқа йирик шаҳарларга кириши чекланади.

Шаҳарлардаги тирбандликлар нафақат аҳоли ҳаётини қийинлаштираётгани, балки экологияга ҳам жиддий зарар етказаётгани қайд этилди. Шу муносабат билан дунё тажрибасидан келиб чиқиб, автомобилларнинг чиқараётган зарарли моддалари даражасига қараб экологик стикерлар бериш амалиёти йўлга қўйилади.

Янги тартибга кўра, катта миқдорда зарарли чиқинди чиқарадиган транспорт воситаларининг пойтахт ва вилоят марказлари ҳамда шаҳарларга кириши чекланади. Бундай автомашиналар эгаларига транспортни янгисига алмаштириш ёки филтр ўрнатиш орқали чиқиндиларни камайтириш учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади.

Хусусан, эски машинасини янгисига алмаштирмоқчи бўлганларга автокредит фоизининг бир қисми қоплаб берилиши белгиланган. Филтр ўрнатиб, зарарли моддалар чиқарилишини камайтиришга тайёр ҳайдовчилар учун эса харажатларнинг бир қисми бўйича субсидия ажратилади.

Шу билан бирга, пойтахт ва йирик шаҳарларда жамоат транспортини ривожлантириш устувор вазифа сифатида белгиланди. Шаҳар кўчаларида автобус ва таксилар учун махсус йўлаклар сони кўпайтирилади. Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида транспорт ҳаракатини интеллектуал светофорлар орқали бошқариш тизими жорий этилади.

Электромобиллардан фойдаланишни кенгайтириш мақсадида экологик автомобилларни кўпайтириш бўйича беш йиллик дастур амалга оширилади. Унга мувофиқ, маҳаллий электромобилларга 12 фоизли, хорижий электромобилларга эса 16 фоизли автокредитлар ажратилади.

Шунингдек, электромобилларни қувватлаш станцияларини ташкил этиш учун тадбиркорларга 10 фоизли имтиёзли кредитлар берилади, ер майдонларини аукциондан 2 карра арзон нархда сотиб олиш имконияти яратилади. Қувватлаш станцияларида зарядлашда 1 киловатт-соат электр энергияси нархининг 300 сўмдан ошган қисми давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши ҳам назарда тутилган.

Электромобилда такси хизмати кўрсатаётган фуқаролар учун ҳам қўшимча имтиёзлар жорий этилиши айтилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид