09:00 / 26.02.2021
20591

Шаҳар онкология маркази мансабдорлари коррупцияда айбланди. Қарши тараф бу туҳмат эканини айтмоқда

Facebook’да тарқалган видеода Тошкент шаҳар онкология маркази патоморфология бўлими бошлиғи Алишер Мингбоев ўзи ишлаётган марказ директори бошчилигидаги бир гуруҳ шахсларнинг коррупцион ҳаракатлари устидан шикоят қилади. Давлат раҳбарига йўлланган видеомурожаатда филиал директори қўл остидаги ишончли шахслар орқали беморлардан ва уларнинг қариндошларидан пул талаб қилиши, пул беролмаганлар жой йўқлиги баҳонасида шифохонага қабул қилинмаслиги ҳақида сўз боради.

Видеомурожаатда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиалига давлат томонидан ажратилган қиммат нархдаги камёб дориларнинг кўп қисми беморларга берилмагани, бунинг ўрнига шифохонада даволанаётган шахсларга шифохона ички дорихонасида тайёрланган суюқлик шаклидаги оддий дорилар қуйиб келинаётгани, бироқ касаллик тарихига қалбаки қайдлар киритиш орқали онкологик касалликларни даволашда ишлатилиши лозим бўлган дорилар ҳисобдан чиқариб келингани баён этилади.

Алишер Мингбоев

Мурожаат муаллифларига кўра, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиалига давлат томонидан ажратилган дорилар филиал директорига тегишли дорихоналарга чиқарилган, беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари турли йўллар билан ушбу дориларни қиммат нархларда сотиб олишга мажбурланган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолатдан норози бўлган фуқаролардан 2019 ва 2020 йилларда бир неча марта Ўзбекистон президенти номига ва юқори турувчи идораларга 180 та шикоят келиб тушган, текширувлар давомида ушбу шикоятларда келтирилган важлар тасдиғини топган бўлса-да, филиал директори ва бошқа мансабдор шахсларга нисбатан шу пайтгача ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Шаҳар онкология маркази директори Ғолиб Ҳакимов Kun.uz мухбири билан суҳбатда бу айбловларни рад этди. У бўлим бошлиғи Алишер Мингбоевни туҳматда айблади, унинг айбловларини асослайдиган далиллар бўлса, қонун бўйича жазога тайёрлигини билдирди.

Ғолиб Ҳакимов, тиббиёт фанлари доктори, профессор

«Бу – туҳмат. 2020 йили марказимизда 11 минг 740 нафар бемор даволанган. Уларнинг ҳеч бири вазирликка шикоят қилмаган. Биз беморларни шифохонага ётқизмаётганимиз, бунга тўсқинлик қилаётганимиз, пулсиз операция қилмаётганимиз ҳақида бирорта шикоят йўқ. Порталга мурожаатлар кўп. 2019–2021-йилларда портал орқали тушган 181та мурожаат вазирлик комиссияси томонидан ўрганиб чиқилди. Лекин шу жойдаям биз беморлардан пул сўраганимиз, пулсиз шифохонага ётқизмаганимиз бўйича мурожаатлар топилмади.

Вазирликдан келган комиссия дори воситаларининг кирим-чиқимини ҳам текширишди. Комиссия томонидан берилган маълумотномада дориларнинг кирим қилиниши ва беморларни даволаш учун ишлатилгач, белгиланган тартибда чиқим қилиниши бўйича тафовутлар аниқланмагани келтирилган. Агар ортиқча битта флакон ёки ампула топилганда ёзган бўлишарди.

Онкологик беморларни даволашда ишлатиладиган кимёвий дорилар жуда қиммат. Одамларда шубҳа бўлмаслиги учун марказимизда дорилар беморнинг кўз ўнгида очилиб, эритма тайёрланади. Бу жараён шифокорлар томонидан бажарилади ва ҳамширалар бу ишга аралаштирилмайди.

Онкологик касалликларга чалинган беморларга дори бермаслик – хиёнат. Марказда менинг раҳбарлигим даврида давлат томонидан берилган дориларни сохта ҳужжатлар орқали дорихоналарга чиқариб сотиш умуман кузатилмаган.

Шахсий дорихонам борлигига келсак, шу пайтгача бирорта дорихонам бўлмаган. Махсус органлар текшириб, бунинг тагига етиши мумкин. Агар дорихонам борлигини аниқлашса, жавоб беришга тайёрман. Мен бу иддаони ҳам навбатдаги туҳмат деб ҳисоблайман», дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Ғолиб Ҳакимов.

Тошкент шаҳар онкология маркази

Ҳакимовнинг таъкидлашича, онкологик касалликларни даволашда ишлатиладиган дорилар, кимёвий препаратлар қиммат бўлгани учун марказда даволанаётган беморларнинг дориларга муҳтожлиги борлигини тан олди. У бугунги кунда дорилар сотиб олиш учун бир ойда 140-150 млн сўм ажратилаётгани, 10 йил олдин бир йил учун ажратиладиган маблағ 33 млн сўм бўлгани, гарчи ҳозир ажратилган пул 10 баробар кўпроқ бўлса-да, йилдан йилга касалланиш кўрсаткичлари кўпайиб, дунё бозорида дорилар нархи ошиб бораётгани учун ажратилган пул етмаётганини таъкидлади.

Ғолиб Ҳакимов Тошкент шаҳар онкология марказига бюджетдан берилаётган маблағ дориларга бўлган эҳтиёжнинг 60, кўпи билан 80 фоизинигина қоплашини, беморга учта кимёвий препаратдан иккитаси шифохона томонидан ажратилган тақдирда биттасини беморнинг ўзи сотиб олишга мажбур бўлаётганини маълум қилди.

Алишер Мингбоев ўз видеомурожаатида 2017 йил 4 апрелдаги 2866-сонли президент қарорига кўра онкология хизматининг ташкилий тузилмаси тасдиқлангани, бироқ Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиалида президент қарори билан тасдиқланган ташкилий тузилма таркибидаги патоморфология бўлими филиал директорининг буйруғига асосан 2021 йилнинг 8 январ куни тугатилгани, натижада бу бўлимда ишлаб келган 26 нафар ходим кўчада қолганини айтади. Таъкидланишича, патоморфология бўлими ходимлари ишлаб келган бино Ipsum Pathology МЧЖга давлат-хусусий шерикчилик асосида бериб юборилган.

«Патоморфология бўлимининг тугатилиши ва ушбу бўлим ишлаб келган бинонинг хусусий фирмага берилиши менинг ташаббусим бўлмаган. Бу – вазирликнинг лойиҳаси бўлиб, мазкур иш ССВ ва Ipsum Pathology МЧЖ ўртасида тузилган давлат-хусусий шериклик битими асосида амалга оширилган. Бу борадаги келишувларда иштирок этмаганман, ҳужжатларда менинг имзом йўқ.

2020 йил 30 ноябрда филиалимизга Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов имзоси билан вазирлик ва Ipsum Pathology МЧЖ ўртасида тузилган давлат-хусусий шериклик битимга кўра беморларни хусусий шерикка юбориш йўлга қўйилмагани, агар 10 кун муддатда вазирликдан юборилган топшириқ хати асосида марказдаги патоморфология бўлимини тугатиб, ходимларни Ipsum Pathology МЧЖга ишга ўтиши ёки бошқа ишга ўтишини таъминламасам, менга нисбатан интизомий чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирилган хат келди. Мен шаҳар онкология маркази директори сифатида вазир ўринбосарининг топшириқларига бўйсунаман-ку. Уларнинг кўрсатмасини зудлик билан бажаришга мажбур бўлдим.

Лекин шу ўринда Мингбоев айтаётганидек, 27 нафар ходим ишсиз қолгани йўқ. Аввало, патоморфология бўлимидагилар ҳалигача ишдан бўшатилгани йўқ, ҳозирга қадар иш ҳақларини олиб келишмоқда. Бундан ташқари, бўлимда ишловчи 6 нафар ходим Ipsum Pathology МЧЖга ишга ўтган бўлиб, ҳозирда шу ерда фаолият юритмоқда. Бошқалари марказда вакант бўлган бошқа тенг лавозимдаги ишларга ўтказилган, бир қанча ходим декретга чиққан.

Ҳозирда бўлимда фақатгина 8 нафар ходим қолган, шундан икки нафари шифокор, қолганлари кичик лаборант ва фаррошлар. Ижтимоий тармоқлар орқали қўлида ҳеч қандай далилга эга бўлмай туриб, устига-устак турли ёлғонларни қўшиб-чатиб устимиздан мағзава ағдараётганлар бунинг учун жавобгарлик борлигини унутмасликлари керак. Мингбоев ва унинг тарафдорлари ҳозиргача турли идораларга 58 марта шикоят қилишга улгурган, уларнинг барчаси бўйича текширувлар келди, ҳаммадан тушунтириш хатлари ёзилди. Гарчи шикоятларнинг аксарияти туҳматдан иборат бўлса-да, шу пайтгача уларга қарши прокуратура ва бошқа идораларга қарши мурожаат билан чиқмадим. Фақат вазирлигимизга хат ёзиб, юзага келган вазиятга ечим топиб беришларини сўрадим. Аммо муаммо ҳал бўлганича йўқ», дейди Ғолиб Ҳакимов.

ССВ томонидан юборилган комиссия хулосасида патология бўлимини тиклаш кераклиги белгилангани, бироқ патоморфология лабораторияси фаолияти 10 йил муддатга вазирлик ва тадбиркор ўртасидаги битимга кўра, Ipsum Pathology МЧЖга топширилгани, мазкур чигал вазиятга қандай ечим топилиши ҳақидаги саволимизга Тошкент шаҳар онкология маркази директори битим вазирлик номидан имзолангани, патоморфология бўлимини тугатиш ҳам ушбу битимга кўра тугатилганини айтиб, энди муаммога ҳам мазкур лойиҳа ташаббускорлари, жумладан, вазирликнинг тегишли бошқармаси бошлиғи ва мазкур соҳага масъул вазир ўринбосари ечим топиб бериши кераклигини таъкидлади.

Алишер Мингбоев марказда сўнгги йилларда нотўғри даволаш амалиёти туфайли болалар ўлими кўпайгани ҳақида гапирганди.

«Паталогоанатомик хизмати онкологик касалликларга тўғри ташхис қўйилиши, касалликнинг эрта аниқланиши ва самарали даволашнинг ўзаро боғлиқ ва давомий йўналиши бўлиб, бу бўлимнинг ташкилий тузилмадан чиқариб юборилиши ва тугатилиши аутопсия, яъни ўлим сабабини аниқлаш учун мурдани ёриб кўриш жараёни ўтказилмаслигига, натижада шифокорлар томонидан олиб борилаётган даволаш-ташхис ишлари назоратдан четда қолишига, нотўғри даволаш ёки ташхис ишлари назоратдан четда қолишига, нотўғри даволаш амалиёти ҳамда беморларнинг ўлим кўрсаткичи ошиб кетишига олиб келмоқда.

Марказда беморларнинг ўлим кўрсаткичлари йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Патоморфология бўлими томонидан 2020 йил давомида марказда вафот этган беморларнинг 20 нафарида аутопсия амалиёти ўтказилганда уларнинг 13 нафарида даволаш жараёнида шифокорлар томонидан нотўғри ташхис қўйилиб, беморларда нотўғри жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши оқибатида вафот этгани аниқланди.

2020 йилда шифохонада вафот этган 76 нафар бемор ўлими бўйича 36 нафар беморларда жарроҳлик амалиёти ўтказилмаган ва уларда аутопсия амалиёти бажарилмаган. Ўлим сабаблари аниқланмаган. 20 нафар беморда жарроҳлик амалиётидан сўнг ўлим ҳолати қайд этилган бўлиб, улардан 15 нафарида филиал директори томонидан, 5 та ҳолатда эса бошқа шифокорлар томонидан жарроҳлик амалиёти ўтказилган», деганди видеомурожаат муаллифи Алишер Мингбоев.

Вазирлик томонидан ўтказилган ўрганиш маълумотномасида келтирилишича, филиалда 2018 йилда 50 нафар (патоморфология бўлими томонидан 17 жасадда аутопсия амалиёти бажарилган), 2019 йил 77 нафар (шундан 17 нафарида аутопсия амалиёти бажарилган), 2020 йилда эса 76 нафар бемор (шундан 20 нафарида аутопсия амалиёти ўтказилган) вафот этган.

Шаҳар онкология маркази директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Дониёр Исҳоқов шифохонада вафот этган беморларда аутопсия амалиёти бажарилмагани қариндошларининг илтимосига кўра бўлганини айтди.

Дониёр Исҳоқов

«Аввало, шунга эътибор бериш керакки, онкологик касалликлар ўлим кўрсаткичи бўйича дунёда юрак қон-томир касалликларидан кейин иккинчи ўринда туради. Йилдан йилга ушбу касалликка чалинаётганлар кўпайиб боряпти, бу ҳам ўлим статистикаси аввалги йилларга нисбатан юқорироқ бўлишига таъсир қилмоқда. Бизнинг шароитимизда юртдошларимиз одатда шифокорга касаллик зўрайиб кетгандан кейин мурожаат қилади, бу ҳам ўлимлар кўп бўлаётгани сабабларидан биридир. Қолаверса, пойтахтда яшайдиган фарзанди, қариндошининг уйига вақтинча рўйхатга туриб, марказимизга мурожаат қилаётган, шу ерда даволанишни истаётган беморлар ҳам кўпчилик. Гарчи аҳволлари қанчалик оғир бўлмасин, уларни қабул қилишга мажбурмиз. Статистикани ўйлайдиган бўлсак, шифокорлигимиз қаерда қолади?

Энди, ўлим юз берган барча ҳолатларда аутопсия ўтказилмаганига келсак, онкологик касалликлар натижасида вафот этган беморларнинг ўлими сабаби бизга маълум. Аутопсия қачон ўтказилади, бемор тўсатдан қазо қилса, масалан, ёш йигит автобус кутиб ўтириб жони узилса, шунга ўхшаш кутилмаганда рўй берган, ўлимга нима сабаб бўлгани мавҳум ҳолатларда жасад албатта ёриб кўрилади, бу шарт. Онкологик касалликларда эса вазият бошқача. Бундан ташқари, ҳаммамиз мусулмонмиз, одатларимизга кўра жасад ёриб кўрилмайди. Шу боис, беморларнинг қариндошлари ўлим юз берганда яқинларининг жасадларини ёрмаслигимизни илтимос қилишади. Уларнинг илтимосини ҳужжатлаштириб, шунга асосан майитни ёрмасдан эгаларига топширганмиз», дейди Дониёр Исҳоқов.

Ижтимоий тармоқда тарқалган видеомурожаатда Ipsum Pathology МЧЖ томонидан бажариб келинаётган «цитология», «гистология», «иммуногистохимия», «имуннофлюрепенценция» таҳлиллари натижалари нотўғри қўйилаётгани, бу эса фуқароларнинг ҳақли норозилигини келтириб чиқараётганига сабаб бўлаётгани ҳақида сўз боради. Kun.uz мазкур иддао юзасидан жамият бош шифокори Гулрух Ботиралиевадан изоҳ олди.

Гулрух Ботиралиева

«Лабораториямиздаги ускуналар Германиядан олиб келинган. Ўзим ва ходимларим Германия, Швейцария, Япония ва Сингапур каби давлатларда ўқиб, малака ошириб келганмиз. Лабораториямизда таҳлил натижалари бир кундан тўрт кунгача маълум бўлади. Илгари бу жараён 20-25 кунга, ҳатто бир ойга чўзилган. Чунки барча иш қўлда бажарилган. Бизда эса ҳаммаси энг замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар ёрдамида автоматлаштирилган.

Фаолиятимизни бошлашимиз учун икки йил югурганмиз. Дастлаб ССВ, сўнгра Молия вазирлиги бизни роса сарсон қилган. Бу орада хориждаги ҳамкорларимиз, инвесторларимиз ўзгариб кетди. Таклиф этган лойиҳамиз ҳамма текширувлардан муваффақиятли ўтиб, фаолият бошлаш учун рухсат олдик ва 2020 йил 29 август куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан «Ipsum Pathology» масъулияти чекланган жамияти ўртасида давлат-хусусий шериклик битими тузилди.

Мазкур битимга кўра, шаҳар онкология марказининг патоморфология маркази тугатилиши ва у ерда хизмат қилиб келаётган ходимларни биз ишга олишимиз керак эди. Бўлимнинг 6 нафар ходими бизга ишга ўтди. Бироқ бўлим мудири Алишер Мингбоев бошчилигидаги 8 нафар ходим таклифимизни рад этиб, ижтимоий тармоқлар орқали биз ҳақимизда ҳеч қандай асосга эга бўлмаган, нуфузимизга салбий таъсир қиладиган маълумотларни тарқатишмоқда. Биз имижимиз ва ишчанлик шаънимизга путур етказадиган ушбу материаллар бўйича тегишли идораларга мурожаат қилганмиз.

Алишер Мингбоевга 10 млн сўм миқдорида иш ҳақи ва бўлим мудирлигини таклиф қилганмиз. Бироқ у таклифимизни рад этган. Сабабини билмайман. Аммо патоморфология бўлими ҳали тугатилмаган вақтда унинг хизматларидан фойдаланган беморларнинг менга айтишича, у таҳлил натижаларини тезлаштириб бериш учун беморлардан турли миқдорда пул олиб келган ва уларга натижаларини 25 кунда эмас, балки эртароқ тайёрлаб бериб келган. Ўзи билан шундай воқеа рўй берганини айтган бир неча кишини биламан ва уларда бу сўзларимни тасдиқловчи аудиоёзувлар ҳам мавжуд. Қолаверса, унинг хизматидан фойдаланган, журналларга қайдлари киритилган беморларга қўнғироқ қилиб ҳам бу масаланинг тагига етиш мумкин. Эшитишимизча, Мингбоев мана шу йўл орқали биз унга бир ойлик иш ҳақи сифатида таклиф этилган 10 млн сўмни бир ёки бир неча кун ичида топиб келган. Шу сабабли таклифимизни рад этмоқда ва жон-жаҳди билан патоморфология бўлими фаолиятини тиклашга уринмоқда», дейди Гулрух Ботиралиева.

Бош шифокорнинг сўзларига кўра, патоморфология бўлими ёпилиб, лаборатория таҳлиллари Ipsum Pathology МЧЖга ўтиши беморлар учун ҳеч қандай ортиқча харажатни юзага келтирмаган. Марказда даволанаётган беморларнинг цитологик ва гистологик таҳлиллари мутлақо бепул, фақат шифокорлар томонидан тавсия этилган мураккаб текширувлар учун тўлов олинади. Ботиралиева жамият нафақат шаҳар онкология марказида даволанаётган беморлар, балки бутун республикадаги онкология марказлар ва бошқа юридик шахсларга хизмат кўрсатиши, асосий даромадини шу орқали топишини қўшимча қилди.

Алишер Мингбоев лаборатория таҳлиллари натижаларини тезлаштириб бериш эвазига беморлар ва уларнинг яқинларидан пул олганини рад этиб, бу туҳмат эканини айтмоқда.

У интервью бериш ҳақидаги таклифга дастлаб Соғлиқни сақлаш вазирлигидан оммавий ахборот воситаларига интервью бермай туришини, тез орада масаласи ҳал этиб берилиши ҳақида қўнғироқ бўлганини айтган бўлса, кейинчалик келишилган вақтда интервьюга келмай бу ҳаракатини марказ директори ва кадрлар бўлими бошлиғи қадамини санаб юргани, агар интервью беришга борса, иш вақтида жойида бўлмагани учун ишдан бўшатиб юборишлари мумкинлиги билан изоҳлади.

Ҳолат юзасидан муносабат билдирган Коррупцияга қарши кураш агентлиги Тошкент шаҳар онкология марказининг бир гуруҳ ходимлари мурожаати ССВ вакиллари билан ҳамкорликда январ ойи давомида ўрганиб чиқилгани, тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратурага тақдим этилганини маълум қилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган мазкур видеомурожаатда келтирилган маълумотлар бўйича 2 феврал куни Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиали мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилганини билдирган.

«Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур жиноят иши тергови Бош прокуратура томонидан назоратга олинган», дейилади расмий хабарда.

Жамшид Ниёзов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи – Дониёр Ёқубов

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top