Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2023 йил учун Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маъруза ҳамда унда келтирилган коррупцион жиноятлар таҳлили, жиноий-ҳуқуқий статистикадан келиб чиқиб, ўз хулоса ва тавсияларини бериб ўтди.

Маълум қилинишича, коррупцияга қарши курашишда биринчи навбатда давлат органи ёки ташкилот раҳбари шахсий намуна кўрсатиб, ташаббускор бўлиши керак. Агентликка кўра, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш учун ажратилаётган маблағлар миқдори ва кўлами доимий ошиб бораётган бўлса-да, ушбу маблағларнинг мақсадсиз ишлатилиши ва талон-торож қилиниши ҳам тинмаяпти.

Масалан, ҳудудларда «Темир», «Аёллар», «Ёшлар» ва «Меҳр» дафтарларида ҳисобда турган ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга маблағларнинг мақсадли ва манзилли сарфланиши ўрганилганда, 12 402 та ҳолатда жами 82,9 млрд сўмлик хато ва камчиликлар аниқланган. Аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича тўпланган 387 та материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

«Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш, давлат фуқаролик хизматчисининг даромадлари ҳамда мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилмаганлиги коррупциянинг олдини олишдаги ислоҳотлар самарадорлигига таъсир қилмоқда.

Юқоридаги омилларни бартараф этишда коррупцияга қарши курашиш борасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириб, фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ вакиллари ва кенг жамоатчиликни ушбу иллатга қарши кураш олиб боришда кучли жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали жалб этиш олдимизда турган муҳим вазифалардан биридир», – дейилади агентлик хулосасида.

Бу тизим 3 йил олдин ишга тушиши керак эди

Эслатиб ўтамиз, президент фармонига кўра, 2022 йил 1 январдан давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши керак эди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги даромад ва мулкни декларациялаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини 2021 йил 13 ноябрда Вазирлар Маҳкамасига киритган. Бироқ ҳукумат ҳужжатни ҳозиргача Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этгани йўқ.