Ўзбекистон | 16:35 / 29.03.2020
85734
4 дақиқада ўқилади

Карантин учун махсус қурилаётган илк ҳудуддан репортаж: Объект 4 кунда фойдаланишга топширилди

Ўзбекистонда қурилган илк карантин ҳудуди тўрт кунда фойдаланишга топширилди. Айни пайтда, ҳудудда иккинчи блок ҳам қуриб битказилган.

28 март куни Kun.uz мухбири Тошкент вилояти Ўртасарой ҳудудида ташкил этилган карантин ҳудуди билан яқиндан танишди. Мослаштирилган контейнерлардан тайёрланган ўзига хос яшаш хоналари барча зарурий маиший техника ҳамда гигиеник воситалар билан жиҳозланган.

Объектда ишларни ташкил этиш ва бажаришга Қурилиш вазири ўринбосари Шерзод Ҳидоятов ва Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Даврон Ҳидоятов масъул этиб бириктирилган.

Шерзод Ҳидоятов

«Президентимиз топшириғи билан, мана шу ҳудудда бир вақтда 10 минг кишини қабул қилиш имконига эга карантин ҳудуди ташкил этилиши белгиланган.

Айни пайтда ҳудуднинг 650 киши учун мўлжалланган биринчи блоки фойдаланишга топширилди. Шунингдек, ҳудуднинг иккинчи блоки 29 мартга ўтар кечаси фойдаланишга топширилади», – дейди вазир ўринбосари Шерзод Ҳидоятов.

Таъкидланишича, карантин ҳудудига, асосан, хориждан махсус рейс билан эвакуация қилинаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлган шахслар жойлаштирилмоқда.

Агар уларда касаллик симптомлари кузатилса, кузатувдаги шахслар зудлик билан махсус шифохонага ўтказилади. Уларнинг саломатлиги ҳудудда яшаётган тиббиёт ходимлари назоратида.

«Ер ва монтаж ишлари тайёрланиши билан, Тошкент шаҳридаги Тошкент механика заводида тайёрланган контейнерлар юк машиналарда Ўртасаройга келтирилмоқда», – дея қўшимча қилди Ҳидоятов.

Вазир ўринбосарига кўра, Тошкент механика заводида бирламчи хизматга уч мингга яқин ишчи жалб этилган. Шунингдек, Ўртасарой ҳудудида 2,5 мингдан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қиляпти. Уларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида, блоклар орасида 100 метр оралиқ масофа сақланмоқда. Бу билан карантинга олинган шахслар яшаш жойидан узоқда иш ташкил этишга эришилган.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Даврон Ҳидоятовнинг таъкидлашича , қурилиш объекти шахсан ҳукумат раҳбари Абдулла Арипов назоратида. Қурилиш материаллари ва молиялаш манбалари билан муаммо йўқ.

«Ходимлар тезкорлик билан сув, энергия, канализация-оқава ишларини монтаж қиляпти. Кейин контейнер ўрнатилади ва у жиҳозланади. Контейнер тайёрланаётган заводда бирдан кондиционер ва ётоқ жойлар ўрнатилмоқда.

Ҳудуднинг умумий майдони 55 гектар. Амалдаги режага кўра, бу ерда 10 минг киши қабул қиладиган карантин ҳудуди қурилади. Аммо вазият тақозо этса, карантин ҳудудини икки баравар кенгайтириш учун захира режаси мавжуд», – дейди у.

Контейнерда тўрт киши истиқомат қилиши мумкин. Унда телевизор, кондиционер, телефон, зарур гигиеник воситалар, ҳаммом ва ҳожатхона, иш столи бор.

Ҳар бир контейнерга киришда кичик ҳовли ва юкларни жойлаштириш учун махсус жавон қурилган.

Даврон Ҳидоятовнинг айтишича, карантинга олинган шахслар хавфсизлиги махсус ходимлар томонидан ҳимоя қилинмоқда.

Карантин ҳудудига кириш ва чиқиш қатъий назоратда, шунингдек камера кузатув воситалари ўрнатилган.

Карантинга олинган шахсларга озиқ-овқат, зарур ичимлик ва егуликлар бепул етказиб берилиши ташкил этилган.

Карантин ҳудудидан Тошкент шаҳрига қайтишда бир ўй тинимсиз хаёлда ўйнай бошлади: коронавирус хавфи халқимизни янада яқин қилди. Қурувчилар ҳам шифокорлардан кам бўлмаган қаҳрамонлик кўрсатиб, тез фурсатда белгиланган вазифаларни бажармоқда. Хусусий тадбиркорлар, корхона ва ишлаб чиқаришга раҳбарлар ҳашарга беминнат ҳисса қўшмоқда.

Бошқалардан сўраладиган биргина талаб эса ўрнатилган тартибни бузмаслик ва уйда қолиш.

Алишер Рўзиохунов
Тасвирчи Отахон Юсупов

Мавзуга оид