Жаҳон | 21:33 / 13.02.2026
1373
2 дақиқада ўқилади

Кремлда Путин билан учрашув олдидан амалдорлар учун карантин бекор қилинди – ОАВ

Россия президенти билан учрашувларни ташкил этиш осонлашгани таъкидланмоқда.

Фото: kremlin.ru

Россия президенти Владимир Путин ўзи билан учрашувга келаётган одамлардан дастлабки карантинга риоя қилишни талаб этишни тўхтатди. Бу ҳақда Кремль протоколи билан таниш бўлган тўртта манбага таяниб, Faridaily нашри хабар берди.

«Уруш даврида Россия президенти билан шахсий учрашувлар жуда муҳим ҳисобланади ва ҳозир уларни ташкил этиш осонлашди», деб ёзди журналистлар Фарида Рустамова ва Маргарита Лютова Faridaily обуначилари учун юборилган хабарда.

Карантин чоралари 2020 йилда Кремлда коронавирус пандемияси фонида жорий этилган бўлиб, унинг ижроси учун Федерал қўриқлаш хизмати масъул эди. Ўз соғлиғига ўта эҳтиёткорона муносабатда бўлиши билан танилган Путин узоқ вақт давомида қатъий карантин режимини қўллаб-қувватлаган ягона давлат раҳбарига айланди. Шу сабабли президент билан учрашишни режалаштирган амалдорлар, давлат компаниялари раҳбарлари ва миллиардерлар махсус ажратилган изоляторларда бир неча кун ва ҳатто ҳафталаб карантинда қолишга мажбур бўлган.

Путин Кремлда жаҳон етакчиларини (масалан, Эммануэл Макронни) қабул қилган ва карантинни ўтказишнинг иложи бўлмаган ҳолларда, суҳбатдошларидан узоқроқда, узун стол атрофида музокаралар олиб борган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид