Ўзбекистон | 16:43 / 13.04.2021
17562
4 дақиқада ўқилади

«80 минг ишсиз ёшлардан 5 мингга яқини доимий ишга жойлаштирилган, холос» — Андижон вилоятидаги ҳолат танқид қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселекторда Андижон вилоятидаги ҳолатни танқид қилинди.

Вилоятдаги саноат корхоналари ва кластерларда яна 7 мингта доимий вакант иш ўринлари борлигига қарамасдан, биринчи чоракда 80 минг ишсиз ёшлардан 5 мингга яқини доимий ишга жойлаштирилган.

«Жорий йилда ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича олдимизга катта марра ва муҳим вазифаларни белгилаб олганмиз. Январ ойида ўтказилган йиғилишда 2та устувор йўналиш – ёшларнинг бандлиги ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича топшириқлар берилган эди.

Бугунги йиғилишда вазирлар, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, ректорлар бу борада ишларни қандай ташкил этгани, ярим йилликда, 9 ой ва йил якунига қадар эришиладиган аниқ натижалар юзасидан ҳисобот берадилар.

Республика бўйича 648 минг нафар ишсизлар «Ёшлар дафтари»га киритилган бўлса, шундан биринчи чоракда 283 минг ёшларнинг бандлиги таъминланди.

Хусусан, 175 минг нафар ёшларга 45 минг гектар ер майдони ажратилди, 76 минг нафар ёшлар доимий ва жамоат ишларига жойлаштирилди, 33 минг нафар ёшларга тадбиркорлик фаолияти учун 800 миллиард сўм кредит, 6 минг нафарига субсидия ажратилиб, бандлигига кўмаклашилди.

Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида 36 мингта қўшимча турли тўгараклар ташкил этилиб, 874 мингга яқин ёшлар жалб этилди.

«Беш муҳим ташаббус» доирасида 97 мингта маданият, спорт инвентарлари ва компьютерлар, 562 мингта бадиий китоб таълим муассасалари, кутубхона ва ўқув марказларига етказиб берилди», деган давлат раҳбари.

Шу билан бирга, айрим раҳбарларнинг ёшлар масалаларига эътибори ҳали ҳам талаб даражасида эмаслигига эътибор қаратилди.

«Мисол учун, Андижон вилоятида 80 минг нафар ишсиз ёшлардан, биринчи чоракда 35 минг 600 нафарининг бандлиги таъминланган бўлса, шундан бор-йўғи 5 мингга яқини доимий ишларга жойлаштирилган, холос. Ваҳоланки, бугунги кунда вилоятда саноат корхоналари ва кластерларда 7 мингта доимий вакант иш ўринлари мавжуд.

Жалақудуқ, Пахтаобод туманлари ва Хонобод шаҳрида бўш иш ўринларига жойлаштиришда камчиликларга йўл қўйилмоқда.

Худди шу каби, ишсиз ёшларни касб ва тадбиркорликка ўқитишда ҳам муаммолар бор. Айниқса, Косонсойда 4,5 минг нафар ишсиз ёшларнинг 31 нафари, Наманган туманида 3,6 минг нафардан 47 нафари, Тахтакўпирда 1,3 минг нафардан 45 нафари ўқитилган, холос.

Шунингдек, ёшларнинг ўзини ўзи банд қилиши учун Бандлик жамғармасидан 7 миллион сўмгача субсидия ажратилиши белгиланган бўлса-да, Қашқадарёда бор-йўғи 5 нафар, Андижонда 11 нафар, Қорақалпоғистонда 76 нафар ёшларга субсидия ажратилган.

Уч ойда республика бўйича 21 минг нафар ёшлар тадбиркорликка ўқитилган (вилоятлар кесимида ўртача 1,5 минг нафар), Тошкент шаҳрида атиги 1 мингта, Наманганда эса 1 минг 100 та сертификат берилган. Бухорода эса бор-йўғи 216 нафар ёшларга касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш орқали 6,2 миллиард сўм кредит ажратилган (ўқитилганларнинг 20 фоизи).

Бу ҳолат имтиёзли кредитларни ажратишдан аввал, ёшларни тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишга етарли эътибор берилмаётганидан далолат», деган давлат раҳбари.

Мавзуга оид