Маълум бўлишича, Фарғона водийси магистрал каналлардан фойдаланиш бошқармаси 2-Шаҳрихон бўлими 3-гидроучасткаси бошлиғи чорвачилик билан шуғулланишни режалаштирган фуқарога катта Фарғона канали ҳимоя ҳудудидаги 30 сотих ер майдонини ижарага расмийлаштириб бериш эвазига 40,5 минг АҚШ доллари талаб қилган. У олдиндан 20 минг доллар олган вақтида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ушланган.

Тергов давомида ушбу ноқонуний схемага Фарғона водийси магистрал каналлардан фойдаланиш бошқармаси бўлим бошлиғи ҳам алоқадор экани аниқланган. У 20 минг доллардан 3 минг долларини олган вақтида қўлга тушган. Шунингдек, мазкур ер майдонидан ижара асосида фойдаланиб келган гидроучастка ходими ҳам ерни бериш учун 19 минг доллар талаб қилгани маълум бўлган.

Яна бир ҳолатда эса Олтинкўл туманидаги таълим муассасаси директори муассаса ҳудудидаги 1,1 гектар ер майдони бўйича келишувни тасдиқлаб бериш эвазига 15 минг доллар сўраган. У олдиндан 10 минг доллар олган вақтида ушланган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.