Жамият | 16:51 / 20.05.2022
54811
2 дақиқада ўқилади

1 сентябрдан ўқувчилар учун ягона мактаб формаси тўлиқ жорий этилади

2022/23 ўқув йилидан давлат мактабларида ўқувчилар учун мактаб формаси тўлиқ жорий этилади. Аввалроқ 2024/2025 ўқув йилидан деб белгиланган мазкур тартибнинг амал қилиш муддати ҳукуматнинг кеча, 19 май кунги қарори билан олдинроққа сурилди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги

2022 йил 10 августдан ҳар бир туман-шаҳарда мактаб формаси ишлаб чиқувчиларнинг савдо шохобчалари ташкил этилади.

Кам таъминланган оилалар фарзандлари учун форма сотиб олишда ёрдам берилади (маҳаллий бюджет ҳамда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармалари маблағлари ҳисобидан).

Эслатиб ўтамиз, мактабларда стандарт форма жорий қилиш ташаббусини 2017 йилда президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган эди. “Бизнинг жамиятдаги энг катта масала — бой билан камбағал орасидаги муносабат. Оддий оиланинг оддий кийинган боласи яхши кийинган боладан ғаши келади. Айнан мана шу нарсани йўқ қилишимиз керак”, деганди давлат раҳбари.

Шундан сўнг 2018 йилда ҳукуматнинг ягона мактаб формасига оид 666-сон қарори қабул қилинди. Қарорда ягона форма 2018/19 ўқув йилидан ихтиёрий, 2019/20 ўқув йилидан бошлаб мажбурий бўлиши белгиланган эди. Бироқ бу жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлгач, муддат 2024/25 ўқув йилигача кечиктирилганди.

Мавзуга оид