Тошкент шаҳар ҳокимлиги мактаб ўқитувчилари учун 1 200 комплект форма сотиб олишга буюртма берди. Бу борада ҳокимнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маданий-маърифий ишлари бўйича ўринбосари Дурдона Раҳимова шу йил 17 октябрда имзолаган тасдиқлов ҳужжати имзолаган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳужжат суратидан кўринишича, бу комплектлар кўйлак, юбка, галстук, жакет ва кофтадан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бир донаси 1 млн 250 минг сўмга баҳоланган.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари имзолаган тасдиқлов ҳужжати

Дурдона Раҳимованинг Gazeta.uz'га маълум қилишича, бу ташаббус ҳокимликнинг ўзидан чиққан, уни амалга оширишдан аввал бирор давлат тажрибаси ўрганилмаган ва бундай мақсад ҳам йўқ.

“Ҳамма касб эгаларининг ўз шарафли формаси бор, кўрган одам уларнинг қай соҳада ишлашини бир қарашда билади. Формани йўлга қўйишдан мақсад жамоат жойларида ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш, ёш авлодда уларга нисбатан ҳурмат туйғусини шакллантиришдан иборат. Мактаб директорлари барибир педагогларга форма кийдиртиради, ҳар бир ўқитувчи 2 млн сўмгача бўлган нархларда форма сотиб олади. Ҳозир қай бир мактабга борманг, ўқитувчилар устида турли рангдаги костюмлар, кофталарни кўрасиз. Биз эса ҳамма педагоглар бир хил формада бўлишини истаб, шу ташаббус билан чиқдик”, – деган у.

Раҳимовага кўра, формани йўлга қўйишдан олдин мактаб директорлари ва ўқитувчиларнинг фикри ўрганилган, таклифлари эшитилган.

“Бу форма мажбурий эмас. Буни ўқитувчиларга ёрдам сифатида кўриш мумкин. Улар орасидаги эътиборга муҳтожларига, қисман бўлса-да, кўмаклашмоқчимиз. Мисол учун, бирор ўқитувчи бир ёки икки нафар фарзандини шартнома асосида олий ўқув юртида ўқитаётган бўлса, ўзи учун форма харид қилишда қийналади. Шу нуқтайи назардан ҳам шундай педагогларга ёрдам бериш мақсад қилинган”, – деди ҳоким ўринбосари.

2022 йил баҳорда тарқатилган форма / Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги