Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонга ҳозир самарали фаолият олиб борадиган қонун чиқарувчи ҳокимият керак – халқаро кузатувчилар
2019 йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларни кузатиш учун дунёнинг кўплаб давлатларидан 800 дан ошиқ халқаро кузатувчилар Ўзбекистонга келишган. Kun.uz мухбири Беларусдан ташриф буюрган халқаро кузатувчиларнинг сайлов жараёнлари ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.
«Биздаям яқинда сайлов кампанияси бўлиб ўтди. Ташрифимиз давомида Ўзбекистондаги сайлов жараёни билан атрофлича танишишга муваффақ бўлдик. Шуни қўрқмасдан таъкидлай оламизки, Ўзбекистонда халқаро талабларга тўла мос равишда, эркинлик, тенгликка асосланган демократик сайловлар бўлмоқда. Энг муҳими, биз нафақат янгиланган сайлов қонунчилигини ёки янгиланган сайлов жараёнларини кўряпмиз, балки янги Ўзбекистонни, давлатингиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳаётга татбиқ қилишга интилаётган янги одамларни кўраяпмиз. Аниқ гапирадиган бўлсак, энг аввал қандай ўзгаришлар эътиборни тортади. Бу – биринчи навбатда очиқлик. Ўзбекистон ички ва ташқи кузатувчилар учун очилди. Мамлакатда партиявийлик тизими ва парламентаризмни ривожлантириш, сайлов жараёнини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. давлат раҳбарияти томонидан фуқаролар билан тил топишиш, улар билан узвий мулоқот ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатларни алоҳида таъкидлаган бўлардим», дея Беларусь стратегик тадқиқотлар институти директори ўринбосари Татьяна Шендикнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
«Мамлакатингизда сўнгги йилларда содир бўлаётган ўзгаришларни, ички ва ташқи сиёсатга оид ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатиб бормоқдамиз. Ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш учун эса кучли парламент ва кучли маҳаллий кенгашлар керак бўлишини яхши англаймиз. Ўзбекистонга ҳозир самарали фаолият олиб борадиган қонун чиқарувчи ҳокимият керак. Ўзбекистоннинг академик доиралари вакиллари, хусусан, Ўзбекистон миллий университетидагилар билан тез-тез кўришиб турамиз. Улардаги тўлқинланиш, ўзгаришлардан умидворликни кўриб турибмиз ва мамлакатдаги янгиланишлар муваффақият келтиришига ишонамиз. Албатта, Ўзбекистоннинг олдида мураккаб вазифа турганини тўғри тушунамиз, демократик ислоҳотларни қандай таъминлаш ва радикал плюрализмдан қандай сақланиш керак? Радикал плюрализм шароитида жамият ва тузумни бошқариб бўлмай қолади. Ўзбекистон ўз бошқарувчанлигини сақлаб қолиши, бошқа томондан эса қилинаётган ишлар самара беришини кутиб қоламиз», дейди Беларус давлат университети халқаро муносабатлар факультети декани, тарих фанлари доктори, профессор Виктор Шадурский.
Эслатиб ўтамиз, Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Маҳмуд Истамовнинг маълум қилишича, Ўзбекистондаги парламент сайловларини кузатиш учун 131 нафар хорижий ОАВ вакили ҳамда 825 нафар халқаро кузатувчи аккредитациядан ўтказилган.