Ўзбекистон | 10:34 / 02.12.2020
5450
2 дақиқада ўқилади

Бюджет жараёни шаффофлигига риоя қилмаган мансабдор шахслар жаримага тортилади

Қонунчилик палатасининг 2020 йил 1 декабр куни бўлиб ўтган мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонун, Бюджет кодекси ва Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бюджет жараёнининг шаффофлигини таъминлаш, яъни вазирлик ва идоралар томонидан ўзларининг расмий веб-сайтларида даврий молиявий ҳисоботларини, ўз тасарруфидаги бюджет ташкилотлари кесимида маблағлар тақсимотини ва капитал қўйилмалар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ижроси тўғрисидаги маълумотларни ҳар чоракда жойлаштириб бориш тартибини бузганлик учун мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорда жарима қўллаш назарда тутилмоқда. Ҳисоб палатаси бюджет жараёни шаффофлиги таъминланганлигини назорат қилувчи орган этиб белгиланмоқда.

Бюджет кодексига киритилаётган ўзгартишларга кўра, консолидациялашган бюджетни тузишда маблағ қамровларини ошириш ҳамда давлат бюджетининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари консолидациялашган бюджети таркибига киритилмоқда. Шунингдек, маҳаллий бюджетлар томонидан давлат грантлари, субсидиялар ва ижтимоий буюртма шаклида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш харажатлари белгиланмоқда.

Давлат бюджети лойиҳасини ишлаб чиқишда муҳим бўлган бюджет сўрови институти такомиллаштирилмоқда. Маҳаллий бюджетлар ҳисобидан молиялаштириш манбаси аниқ бўлмасдан бошланган тадбирларни ва (ёки) параллел лойиҳалаштириш, тендер савдоларини ўтказмасдан амалга оширилган қуриш ва таъмирлаш ишларини молиялаштиришнинг олдини олиш бўйича қўшимча чекловлар киритилмоқда.

Депутатларнинг сўзларига кўра, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши бюджет тизими ва бюджет жараёнини такомиллаштиришга қаратилган вазифаларнинг самарали бажарилишига хизмат қилади.

Мавзуга оид