20:30 / 17.01.2021
20792

Республика ва вилоят даражасидаги амалдорларнинг жиноий жавобгарликка тортилиши бир неча баробарга камайди

Ўзбекистонда жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахслар сони 1 йил ичида 77 фоизга ошган бўлса-да, республика ва вилоят миқёсидаги амалдорларнинг жиноятчи деб топилиши бир неча баробарга камайди.

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Бош прокуратураси мансабдор шахслар жиноятчилиги бўйича 2020 йилга оид статистикани эълон қилди.

Маълум қилинишича, 2020 йил давомида республика бўйича жами 1 148 та жиноят иши бўйича 1 723 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 69 фоизи (1 669 нафари) – туман-шаҳар миқёсидаги идора ва ташкилотларда ишлаган.

2019 йил билан таққослаганда, мансабдор шахсларнинг жиноятлари 77 фоизга кўпайган бўлса-да, жиноятчи деб топилган республика ва вилоят даражасидаги амалдорлар сони каррасига камайган.

Инфографикадан кўринишича, 2019 йилда республика даражасидаги 40 нафар, 2020 йилда эса 9 нафар мансабдор жиноий жавобгарликка тортилган. Вилоят миқёсидаги жиноятчи-амалдорларнинг сони эса бир йилда 115 нафардан 45 нафарга камайган.

Инфографика: Бош прокуратура

2020 йилда мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 500,1 миллиард сўм моддий зарар етказилган (тергов жараёнида бу зарарнинг 355,7 миллиард сўми ундирилган). Таққослаш учун, 2019 йилдаги зарар миқдори қарийб уч баравар кўп – 1,9 триллион сўмни ташкил этган.

Энг кўп кузатилган жиноят – талон-торожлик. Жиноий жавобгарликка тортилган 1723 нафар мансабдор шахснинг:

  • 835 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш;
  • 227 нафари фирибгарлик;
  • 132 нафари пора олиш (бериш) ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш;
  • 58 нафари мансаб мавқейини суиистеъмол қилиш;
  • 31 нафари мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш;
  • 25 нафари мансабга совуққонлик билан қараш;
  • 16 нафари мансаб сохтакорлиги;
  • 399 нафари бошқа жиноятларни содир этган.
Инфографика: Бош прокуратура
Top