Ўзбекистон | 08:52 / 25.01.2021
4190
5 дақиқада ўқилади

1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида экологик назорат бўйича янги тизим жорий этилади 

Вазирлар Маҳкамасининг “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида назоратнинг замонавий механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан Бош прокуратура билан биргаликда президентнинг 2020 йил 29 сентябрдаги “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4845-сонли қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Мазкур қарорнинг 7-бандида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар юзасидан хабар беришга оид 2021 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилган қатор янги тартиблар белгиланган. Хусусан:

  • аҳоли томонидан Давлат экология қўмитасининг Интернет тармоғидаги махсус ахборот тизимига юборилган экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқиш;
  • ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни юборган шахсларни ҳуқуқбузардан ундирилган жарима миқдорининг ўн беш фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантириш;
  • ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисида юборилган фотосуратлар ва видеоёзувлардаги ҳуқуқбузарларнинг шахсини аниқлашни Давлат экология қўмитасининг ҳудудий органлари сўровига асосан ички ишлар органлари томонидан амалга ошириш;
  • ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги фотосуратлар, видеоёзувлар ва хабарларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмаслик.

“Бугунги кунда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида энг кўп содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ўсимлик дунёси объектларидан ноқонуний фойдаланиш ҳамда маиший чиқиндилар билан боғлиқ қонунбузарликлар ҳиссасига тўғри келади.

Шунингдек, қолган йўналишдаги ҳуқуқбузарликлар бўйича ҳам фақат ўсиш суръатлари кузатилмоқда.

2019 йилга нисбатан 2020 йилда ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида аниқланган қонунбузарликлар сони 802 тага ёки 121 фоизга ортган, табиатга етказилган зарар суммаси 18 406 млн. сўмга ёки 920 фоизга, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш қонунбузарликлар сони 1063 тага ёки 351 фоизга, табиатга етказилган зарар 515,9 млн. сўмга ёки 327 фоизга ортган.

Бошқа йўналишларда, жумладан, чиқиндиларни назорат қилиш соҳасида 13 775 тага ёки 205 фоизга, сув объектларини муҳофаза қилиш соҳасида 541 та ёки 152 фоизга, ер ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш соҳасида 322 та ёки 109 фоизга, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида аниқланган қонунбузарликлар сони эса, 3 818 та ёки 158 фоизга ўсган.

Бу эса, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериш, бу борадаги назорат тадбирларига замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда мавжуд тизимни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда”, - дейилади ҳужжатда.  

Қарор лойиҳасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик назорат соҳасида жисмоний шахсларнинг иштирокига доир “Эконазорат” ахборотлаштириш тизими ишга тушириш ва унинг тўлиқ ҳамда самарали ишлашига масъул орган сифатида Давлат экология қўмитаси белгилаш назарда тутилмоқда.  

Хусусан, бу тизим 2021 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида эксперимент тариқасида жорий этилади ва эксперимент якунлари бўйича 2021 йил 1 сентябрдан республиканинг бошқа ҳудудларига ҳам кенг миқёсда татбиқ этилади.

Шунингдек, ушбу қарорнинг қабул қилиниши натижасида ахборотлаштириш тизимининг муҳим қисми ҳисобланган мобиль илова ва Telegram-бот ишга туширилиб, қуйидаги муҳим имкониятлар юзага келади:

  • давлат экологик назорати объектлари, шу жумладан ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектлари, шунингдек муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳаси устидан жамоатчилик назорати кучайтирилади;
  • жисмоний шахслар томонидан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги маълумотларни (фото ва видео материалларни) Давлат экология қўмитасига манзил (локация) белгилари бўйича тезкор юбориш имконияти яратилади;
  • аниқланган қонунбузарликлар учун жисмоний шахсларга пул мукофотлари тўлаш тизими жорий этилади;
  • ҳар қандай шахсда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, ушбу соҳадаги бошқа статистик маълумотлар ва маълумотлар базаси билан танишиш имконияти пайдо бўлади;
  • ҳуқуқбузарликларни қайд этиш ва уларга нисбатан чора кўриш жараёнларининг шаффофлиги таъминланади;
  • маъмурий баённома ва қарорларни электрон тузиш орқали ортиқча қоғоз шаклидаги ҳужжат айланиши камаяди;
  • ҳуқуқбузарларга нисбатан чора кўриш жараёнида коррупция ҳолатлари ва инсон омилига чек қўйилади;
  • давлат инспекторларининг малакасини ошириш учун зарур маълумотлар бериб борилади.
Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид