Масъулиятли тадбиркорликни ривожлантиришнинг афзалликлари
Корпоратив ижтимоий масъулият (КИМ) масаласи ривожланган мамлакатларда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда ҳар тарафлама, ҳатто фойда олишдан-да муҳимроқ вазифа деб қабул қилинган. Чунки ҳар бир корхона даромад олиш, жамиятнинг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиш билан бирга табиатга зарар етказмасликка ҳаракат қилишни ўз бурчи деб билади. Масалан, Буюк Британиянинг энг чекка қишлоқларида ҳам каттаю кичик корхоналар ўз обрўси ҳақида қайғуради, фаолияти ҳақида жамоатчилик олдида ҳисобот беради.
Хўш, Ўзбекистонда фаолият юритаётган компаниялар ва ташкилотларнинг корпоратив ижтимоий масъулият ҳақида бош қотиришлари ва ўзларига муносиб стратегияларни ишлаб чиқишлари нима учун муҳим? Манфаатдор томонлар ташкилотларни безовта қилмаса ёки ошкораликни талаб қилмаса ҳам бундай масъулиятни зиммасига олишлари нега зарур? Нима учун корхоналар ўз ходимларининг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилмагани, ишлаб чиқариш давомида (таъминот тизими жараёнида) қонунларни бузмагани, атроф-муҳитга зарар етказмагани ва айни дамда хайрия ишларини ҳам бажаргани тўғрисида ҳисобот бериши керак?
Тадбиркорлик фаолиятида КИМ тамойилларини амалга оширишнинг кўплаб афзалликлари мавжуд.
Биринчидан, КИМнинг муҳим талабларидан бири атроф-муҳит ва экологияга зарар келтиришни минималлаштиришдир. Бу корхоналарга энергия ва ресурслар учун қилинадиган сарф-харажатларни камайтиришга ёрдам беради. Яъни, сув, электр ёки бошқа ресурсларни тежасак, ой якунида тўловларимиз ҳам камроқ бўлади. Бундан ташқари, ижтимоий муаммолар билан шуғулланиш тадбиркорнинг савдо ҳажмини оширишига ёрдам беради, яхши обрўга эга бўлиш, халқ орасида масъулиятли тадбиркор сифатида танилиш шу корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотни сотиш ҳажмини кўпайтиради. Масалан, Буюк Британиядаги Unilever transnational истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш компанияси ўз карбон (CО2) эмиссиясини камайтириш, сувдан фойдаланишни чеклаш орқали коммунал тўловлар миқдорини камайтиради. Шунингдек, санитария меъёрлари тарғиботи орқали ўз совун маҳсулотларини сотиш ҳажмини кўпайтирди.
Иккинчидан, КИМ стратегияси ходимларнинг ташкилотга садоқатини оширишга ёрдам беради ва ишга келмаслик даражасини пасайтиради, ходимларни ёллаш ва улар билан ишлашни осонлаштиради, ташкилот учун зарур бўлган қимматли кадрларни жалб қилишга ёрдам беради. Масалан Google олти йилдан бери Fortune’нинг «ишлашга қулай бўлган 100та энг яхши компания» рўйхатида биринчи бўлиб келмоқда. Нима учун? Ҳар жума куни бепул озиқ-овқат, ичимликлар, сартарошхона хизматларини таъминлайдиган, оналар билан биргаликда оталар учун ҳам декрет берадиган, уч ойлик таътилга рухсат берадиган компанияда ишлашни ким ҳам хоҳламайди дейсиз? Бундан ташқари, Google тўсатдан вафот этган ходимининг турмуш ўртоғига ўн йил давомида ўша ходими маошининг 50 фоизини беради. Буни ўзбек компаниялари ҳам амалга ошириши мумкинми? Албатта!
Учинчидан, Ғарбда маҳсулот сотиб олиш орқали жамият ривожига ҳисса қўшишни ўйлайдиган мижозлар талайгина. КИМ сиёсатини оммага тарғиб қилиш орқали бизнесменлар шундай мижозларни жалб қилишади. Масалан, пойабзал ишлаб чиқарувчи Toms shoes компанияси асосчиси Блейк Майкоски ана шундай истеъмолчилар эҳтиёжини қондириш орқали катта муваффақиятга эришган. Компания сотилган ҳар бир жуфт пойабзали учун Африкада муҳтож бўлганларга бошқа бир жуфт пойабзалини совға қилади. Компания 2006 йилдан бери 60 миллион жуфт пойабзал совға қилгани билан фахрланади.
Ушбу стратегияни Ўзбекистон бизнес амалиётида ҳам осонлик билан амалга ошириш мумкин. Масалан, адрас ишлаб чиқаришдан олинган даромад қишлоқларда яшаш шароитини яхшилашга хизмат қилиши жаҳон ҳамжамиятига тарғибот қилинса, бу маҳсулотни Ғарбда сотиш ҳажми кўпаяди.
Тўртинчидан, КИМ амалиётлари ташкилотларга содир бўлиши мумкин бўлган мижозлар бойкотининг олдини олишга, бозорда эса рақобатчилар орасида кўпроқ манфаатларга эга бўлишга ёрдам беради. Масалан, 2010 йилда Nestle компанияси Greenpeace томонидан уюштирилган бойкотга жавобан пальма ёғи таъминоти тизимида ўрмонлар ҳудудининг камайишига йўл қўймасликка қаратилган режа ишлаб чиқди. Шу билан биргаликда ўрмонларни камайтиришга қарши курашувчи «Forest Trust» нодавлат ташкилоти билан ҳамкорлик ўрнатди. Саккиз йил олдин атиги 18 фоиз пальма ёғи масъулиятли таъминот тизими орқали олинган бўлса, ҳозирда ушбу кўрсаткич 100 фоизга етказилди, яъни компания пальма ёғини фақат ўрмонларни йўқ қилмайдиган корхоналардан ола бошлади. Мана шу орқали Nestle бойкотни самарали бартараф этди. Бу каби ёндашувни Ўзбекистонда ҳам қўллаш мумкин. Жумладан, пахта ишлаб чиқаришда КИМ стратегияси ва ғояси тарғиб этилса, маҳаллий текстил маҳсулотларга қарши қилинган бойкот ҳаракатларининг олдини олишда самарага эришиш мумкин. Бу йўналишда «Cotton campaign» ташкилоти билан тегишли йўл харитаси тузса бўлади.
Бешинчидан, кучли КИМ сиёсатига эга компаниялар сармоядорларни жалб қилишади, чунки бу стратегиялар тадбиркорларга потенциал рискларни бошқаришга ёрдам беради ва бу орқали улар бозордаги рақобатчилар орасида устунликка эга бўлади. Ғарбдаги ахлоқ қоидаларига риоя қилувчи сармоядорлар ва акциядорлар кучли КИМ сиёсати бўлган фирма ва ташкилотларга кўпроқ эътибор беради. Агар ўзбек компаниялари ўзларининг молиявий шароитларини маҳаллий даражада ёки халқаро миқёсда ривожлантиришни истаса, КИМ тамойилларига амал қилиш, уларни амалиётга татбиқ этиш орқали ана шундай инвесторларни жалб эта олади.
Жаҳон бозорида муваффақият қозониш учун компания ва ташкилотлар кучли КИМ сиёсатини ишлаб чиқишлари, иқтисодий, ижтимоий ва экологик стандартларини яхшилаши зарур. Масалан, энг йирик инвестицион компанияларнинг ривожланаётган мамлакатларга киришдан қўрқишининг сабаби шуки, улар киритаётган сармояларининг этикага тўғри келмайдиган тадбиркорлик фаолиятига ишлатилишидан хавфсирашади, чунки бу уларнинг обрўсига путур етказади.
Шу билан бирга КИМ ўз обрўсини яхшилаш ёки фақат рақобатчилар орасида фарқланиш сиёсати сифатида қўлланилмасдан, балки ҳақиқий қийматга эга ва бизнеснинг асосий мақсади сифатида ҳаётга татбиқ этилиши лозим. КИМ қашшоқлик, инсон ҳуқуқлари, соғлиқни сақлаш, таълим, мажбурий меҳнатни тугатиш сингари масалаларни ҳал қилиш учун ривожланиш воситаси бўлиши керак. Корхоналар ва ташкилотларнинг КИМ сиёсати маҳаллий қадриятлар, муаммолар ва ривожланиш муаммоларига асосланган бўлиши даркор.
Агар биз Марказий Осиёда катта салоҳиятга эга бўлган Ўзбекистон 2017 йилги ижтимоий ривожланиш индекси рўйхатида 128 мамлакат орасида 85-ўриндан жой олганини ҳисобга олсак, бу ҳолатни яхшилаш учун тегишли КИМ амалиётлари муҳим экани аён бўлади. Бу борада бизнесменларнинг роли шубҳасиз салмоқлидир.
Ўзбекистонда КИМни такомиллаштириш учун қуйидагилар амалга оширилиши мумкин:
- Бизнеснинг КИМни рағбатлантиришга қаратилган тегишли қонунлар ишлаб чиқиш ёки мавжуд қонунларга, масалан, солиқ кодексига ўзгартиришлар киритиш;
- КИМ амалиёти ҳақида жамиятда кенг тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш (маърузалар, семинарлар, брифинглар, оммавий ахборот воситаларида интервьюлар). КИМ концепцияси ва уни мамлакатда ривожлантириш бўйича тадқиқотларни амалга ошириш;
- Олий таълим соҳасида масъулиятли бизнес ва барқарорликни амалга оширишга доир йўналишларни жорий этиш;
- Бизнесга йўл кўрсатиш, унга барча манфаатдор томонлар, яъни давлат ва ҳукуматдан бошлаб, қонун чиқарувчилар, юристлар, ижтимоий фаолларгача ҳаммани жалб қилиш ва масъулиятни ошириш зарурлигини ўргатиш мақсадида маслаҳат хизматларини ташкил қилиш;
- Номолиявий ҳисоботларни чоп этишни рағбатлантириш ва бу борада йўл-йўриқлар ишлаб чиқиш.
Аминманки, мавжуд иқтисодий аҳвол, анъанавий урф-одатларимиз ва диний эътиқодларимизни ҳисобга олган ҳолда шаффофлик тамойиллари, ижтимоий ва манфаатдор томонлар олдидаги масъулиятга тегишли КИМ стратегияларини ишлаб чиқиш Ўзбекистондаги бизнеснинг умумий самарадорлигини оширади, бизнеснинг муваффақиятли истиқболини ва барқарорлигини таъминлайди. Бу ўз навбатида маҳсулотларимизнинг дунё бозорида рақобатдошлигини оширишга, хорижий инвесторларни юртимизга жалб қилишга, экологик аҳволни яхшилашга, ижтимоий муаммоларни ҳал этишга ҳамда умуман иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига қулай шарт-шароит яратади.
Малика Шарипова,
корпоратив ижтимоий масъулият ва барқарор ривожланиш бўйича мутахассис, «Buyuk kelajak» кенгаши эксперти.
Мавзуга оид
15:42 / 29.06.2024
“Электросет” огоҳлантирмасдан светни ўчирса, жавобгарликка тортиш таклиф этилмоқда — бизнес омбудсман
08:08 / 10.06.2024
Тошкентда тадбиркорнинг 325 млн сўмини ўзлаштирган экспедитор аниқланди
19:38 / 08.06.2024
Якуний бенефициарларни очиқлаш ҳақидаги қонун тақдири нима бўлди?
14:34 / 18.03.2022