Жаҳон | 20:34 / 13.03.2023
24677
3 дақиқада ўқилади

Японияда ярим аср давомида ўлим жазосини кутган шахсга нисбатан ҳукм қайта кўриб чиқилади 

Япония Олий суди 1968 йилда тўрт кишилик оила қотиллигида айбланиб, ўлимга ҳукм қилинган 87 ёшли Ивао Ҳакамада устидан янги суд жараёнини ўтказишни буюрди. 

Фото: AFP

Ҳакамада 55 йилдан бери жазонинг ижро этилишини кутмоқда. Amnesty International ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотларига кўра, у дунёда энг узоқ вақт давомида ўлим жазоси ижросини кутаётган маҳкум ҳисобланади. 

Ҳакамада ўз хўжайини, хотини ва икки фарзандини ўлдирганлик ва мулкини талон-торож қилганликда айбланиб, ҳибсга олинган. Улар 1966 йилда Токио яқинидаги фабрикада содир бўлган ёнғиндан кейин пичоқланган ҳолда топилган. 

20 кунлик сўроқдан сўнг, профессионал бокс билан шуғулланган Ҳакамада қотилликни тан олган. 

Бироқ суд жараёнида Ҳакамада терговчилар уни калтаклагани ва қийноқлар остида айбига иқрор бўлганини айтади. Гумонланувчининг адвокатлари, шунингдек, терговчилар далилларни уюштирганлигини даъво қилмоқда. 

Такроран ўтказиладиган судда Ҳакамада ДНКси марҳумларнинг кийимидаги қон доғлари билан мос келиши масаласи ҳам кўриб чиқилади. 

2014 йилда Япония ҳудудий суди Ҳакамадани ҳибсдан озод қилди ва ишни қайта кўриб чиқишни буюрди: судьялар унинг айбига оид далиллар уйдирма бўлиши мумкин, деган қарорга келган эди. 

«Мен бу кунни 57 йилдан бери кутган эдим, энди етишдим», деди Ҳакамаданинг 90 ёшли опаси Ҳидеко. У кўп йиллар давомида акасининг ҳукмини қайта кўриб чиқилишига уринган. «Ниҳоят, бу юк елкамдан олиб ташланди». 

Ўлим жазосини қўллашга қарши позицияни эгаллаган Amnesty International ташкилоти Ҳакамада иши бўйича янги суд жараёни ўтказиш қарорини «адолатни тиклаш учун жуда кечиккан имконият» деб атади. 

"Ҳакамаданинг ҳукми товламачилик" иқрорига асосланган ва унга қарши ишлатилган бошқа далилларга нисбатан жиддий шубҳалар мавжуд", деди Халқаро Амнистия ташкилоти Япония раҳбари Хидеаки Накагава баёнотида. 

Бироқ амалдаги қоидаларга кўра, Хакамада иши кўриб чиқилиши учун бир неча йил керак бўлиши мумкин ва япон ҳуқуқшунослари аллақачон суд тизимини бу тартибни қисқартиришга чақиришган. 

“Биз ҳозир 87 ёшда бўлган ва 47 йиллик қамоқдан сўнг жисмоний ва руҳий касалликдан азият чекаётган Хакамаданинг ҳуқуқларини тиклашда кейинги кечикишларга дош беролмаймиз”, деди Япония адвокатлар ассоциацияси раҳбари Мотожи Кобаяши. 

Дунёнинг ривожланган демократик давлатлари орасида ўлим жазоси фақат Япония ва АҚШда бекор қилинмаган. Ҳуқуқ ҳимоячилари бир неча бор Япония суд тизимини танқид қилишган, бунда иқрорлик айбни аниқлашда катта роль ўйнайди. 

Мавзуга оид