Ўзбекистон | 10:39 / 14.04.2019
7276
2 дақиқада ўқилади

Мактабларда электрон кутубхона тизими жорий этилади

Фото: Shutterstock

Таълимда қулайлик яратиш, китоблардан фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида республиканинг барча умумтаълим мактабларида электрон кутубхона тизими жорий этилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлигининг АКТни ривожлантириш маркази матбуот хизмати ахборот берди.

Маълум қилинишича, мамлакат раҳбари илгари сурган 5 ташаббус доирасида таълимда қулайликлар яратиш мақсадида Халқ таълими соҳасида АКТни ривожлантириш маркази томонидан электрон кутубхона дастури жорий этилди. 

«Ҳозирда бу дастур Тошкент вилояти Бўка туманидаги барча кутубхоналарга ўрнатилган. Агар лойиҳа ўзини оқласа, республиканинг барча ҳудудларидаги умумтаълим муассасаларига жорий этилади», — дейилади расмий баёнотда. 

Мазкур дастур икки қисмдан иборат:

Дастлаб мактабда мавжуд китобларнинг онлайн базаси шакллантирилиб, ўқувчи ва ўқитувчилар нечта китоб олгани, уни қайтариш муддати каби маълумотлар, яъни кутубхонадаги барча қўл билан юритиладиган ҳужжат ишлари электрон шаклга ўтказилади.

Дастурнинг иккинчи қисмига кўра, мактабда мавжуд дарслик ва қўлланмаларнинг электрон варианти умумий базага жамланади. Кутубхона баннерларида адабиётлар ва дарсликларнинг номи ва уни онлайн базадан топиш имконини берувчи QR код жойлаштирилади. Фойдаланувчи телефонида кодни сканер қилиб, тақдим этилган ҳавола орқали базадан ўзига керакли адабиётнинг электрон нусхасини бир зумда топиши ва юклаб олиши мумкин бўлади.

Шу билан бир қаторда, айнан ушбу дастурдан фойдаланиш учун мактабларда бепул wi-fi тизими ҳам ишга туширилиши назарда тутилган.

Тайёрлаган:  Алишер Рузиохунов

Мавзуга оид