Ўзбекистон | 11:41 / 05.03.2021
7545
3 дақиқада ўқилади

ДТМ мутасаддиси: Миллий тест тизимидаги тест саволлари билан ОТМга кириш тест саволларини солиштириб бўлмайди

3 март куни Ўзбекистонда миллий сертификация тизимидаги илк тест намуналари эълон қилинди. Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов Kun.uz мухбирининг мазкур тестлар ва ОТМга кириш тестларининг фарқи ҳақидаги саволларига жавоб берди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

«Миллий тест тизимидаги саволлар даражаси ва олий таълим муассасасига кириш учун топшириладиган тестларни солиштирадиган бўлсак, миллий тест тизимида очиқ типдаги, қисқа жавобли, ёпиқ типдаги саволлар бор. Бунда тестологияда ишлатиладиган барча турдаги тестлардан фойдаланилган деса бўлади.

Миллий тест тизимидаги тест саволлари билан ОТМга кириш тест саволларини солиштириб бўлмайди. ОТМга киришда фақат ёпиқ турдаги тестлар ишлатилади, уларнинг қийинлик даражаси 1дан 3гача: яъни 1 – энг осон, 3 – энг қийин ҳисобланади. Янги тизимда ҳам шундай, лекин бунда саволлар турига қараб ҳам алоҳида қийинлик даражаси бор.

Олий таълимга киришда ёпиқ тестлардан фойдаланилади ва бизда абитуриентлар сони кўплиги сабабли жавоблар тезроқ чиқишида энг оптимал вариант ҳисобланади. Миллий сертификацияда эса ундай эмас. Ёпиқ тестлар сканер орқали текширилади, бошқа турдаги саволларнинг жавобларини мутахассислар текширишади, яъни инсон омили орқали. Ҳар бир ёзма ишни текшириш вақт талаб қилади, камида икки ҳафта керак бўлади натижаларни эълон қилишга», деди Сардор Ражабов.

Сардор Ражабов

Шунингдек, миллий сертификация учун тестлар Халқ таълими вазирлиги ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан тузилгани айтиб ўтилди.

Халқ таълими вазирлиги ва Таълим инспекциясидан малакали педагоглар жалб қилингач, икки босқичли ўқув курслари ташкил қилинган. Биринчи босқичда бу малака ошириш курслари Давлат тест маркази ҳузуридаги илмий-амалий марказда олиб борилган. Иккинчи босқичда Таълим сифатини назорат қилиш инспекциясида тайёргарликдан ўтишган. Якуний имтиҳонда синовдан ўтган мутахассисларга сертификат берилган ва ушбу сертификатни қўлга киритган мутахассислар тест тузишда иштирок этишган.

«Мазкур сертификация тизими аслида анча олдин ишга туширилиши кўзда тутилган эди. Синовларнинг чўзилишига ҳам ана шу муносиб мутахассисларни танлаб олиш жараёни сабаб бўлди. Чунки Ўзбекистонда тестология бўйича мутахассислар кўп эмас. Охирги йилларда бу соҳага ҳам эътибор қаратилмоқда. Чет элдан мутахассислар олиб келиниши, биздаги мутахассисларни чет элга малака оширишга юборилиши йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, педагогика университетида тестология йўналишининг очилиши бунга мисол. Келгусида мактабларда ҳам, ОТМларда ҳам баҳолаш мезонлари тестология асослари доирасида йўлга қўйилади», дея таъкидлади ДТМ мутасаддиси.

Мавзуга оид