Ўзбекистон | 22:04 / 30.01.2020
21808
3 дақиқада ўқилади

2019 йилда ИИБ бўлим бошлиқларининг 67 нафари интизомий жазога тортилди

2017 йилда Ўзбекистондаги 30та шаҳар ва 170та туман ички ишлар органлари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи лавозимлари жорий этилган эди.

Биргина 2019 йилнинг ўзида республика бўйича бу лавозим эгаларининг ярмидан кўпи – 114 нафари ё лавозимидан озод этилган, ёки интизомий жавобгарликка тортилган.

Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов 29 январь куни ёшлар билан ўтказилган учрашувда шу ҳақда маълумот бериб ўтди, деб хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.

«Шаҳар-туман ички ишлар органлари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари нафақат профилактика инспекторларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, балки ўзи раҳбарлик қилаётган ҳудуддаги аҳоли, айниқса, ёшлар билан узлуксиз тарзда ишлаш, уларнинг муаммоларини аниқлаб, ҳал этиш чораларини кўриш каби вазифаларга ҳам масъулдирлар.

Бироқ ҳамма жойда ҳам уларнинг фаолияти тўғри ташкил этилган деб айтолмаймиз. Ёшлар бўйича ўринбосарларнинг ҳаммаси ҳам ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажармаяпти. Шунинг учун ўтган йили 47 нафар ёшлар масалалари бўйича ўринбосар лавозимидан озод этилиб, 67 нафари интизомий жавобгарликка тортилди», – деди Бобожонов.

Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов

ИИВ раҳбарининг қайд этишича, ёшлар масалалари бўйича ўринбосарларнинг аксариятини 30 ёшдан ошганлар ташкил этади. У бу лавозимларга билимли, ҳалол ва жонкуяр ёш ходимлар тайинланиб, босқичма-босқич ёшартириб борилишини таъкидлади.

«Вазир ўринбосарлари Рустам Хотамов ва Азизбек Икромов бундан буён ёш ходимларни хизмат фаолиятини холис баҳолаш, ўзаро тажриба алмашиш, уларга янги ишлаш методларини ўргатиш бўйича махсус тренинглар ташкил этиш амалиётини йўлга қўйиши лозим. Бунда яхши ишлайдиган ходимларнинг иш тажрибасини оммалаштириб, хизмат кўрсатиши паст бўлган ходимларга ўрнак қилиб кўрсатиш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва лавозимларини ошириш керак. Чунки ёш ходимлар ички ишлар органларининг юзи, обрўси ва ижобий имижини юксалтиришдаги энг асосий кучдир», – деди Пўлат Бобожонов.

Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Рустам Хотамов

Билдирилишича, ҳудудлардаги раҳбарлар ҳалигача ёш ходимларга ишонч билдириш масаласида оқсамоқда. 2019 йилда 425 нафар ташаббускор раҳбарлик лавозимларига кадрлар захирасига олинган бўлса-да, шундан бор-йўғи 44 нафари юқори раҳбарлик лавозимига тайинланган.

Мавзуга оид