25 октябр куни мустақил Ўзбекистоннинг Ички ишлар вазирлиги ташкил этилганига 34 йил тўлди. Ўтган вақт давомида тизимга 6 нафар генерал раҳбарлик қилди. Биринчи ва энг узоқ ишлаган ички ишлар вазири – Зокиржон Алматов. У тизимни 14 йилдан кўпроқ бошқарган. Вазирлардан яна бири бу лавозимда 8 ой ишлагани билан, бошқа бири эса жиддий сиёсий айбловга учрагани билан ажралиб туради.

Бундан 34 йил аввал, Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 25 октябрдаги 270-сонли қарори билан, мустақил Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига асос солинган эди. Тўғри, мустақилликдан олдин ҳам Ички ишлар вазирлиги бўлган. Лекин 1991 йилда қайта ташкил этилгани туфайли вазирлик ўз “туғилган куни”ни 25 октябр деб билади.

Kun.uz ушбу сана муносабати билан тизимга ҳозиргача кимлар раҳбарлик қилганини ёдга олди.

Зокиржон Алматов (1991 йил 16 сентябр 2006 йил 5 январ)

Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи ва энг узоқ ишлаган ички ишлар вазири бу – Зокиржон Алматов. У 1949 йилда Тошкент вилояти Зангиота туманида туғилган. Вазир этиб тайинлангунга қадар, 20 йил давомида ички ишлар тизимида фаолият олиб борган. Хусусан, Алматов 1988-1990 йилларда Паркент тумани ИИБ, 1990-1991 йилларда Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи бўлиб ишлаган. 1991 йил 15 сентябрда биринчи президент Ислом Каримов томонидан ички ишлар вазири этиб тайинланади. Ўша пайтда у 42 ёшда эди.

Зокиржон Алматов вазирликка келиши ҳақида халқ орасида қизиқ бир гап юради. Бу миш-мишларга кўра, Каримовда 2 нафар номзод бор эди ва улардан наригиси тасдиқланади. Лекин тасдиқланган вазир ўша куни уйида катта базм беради ва лавозимни “ювади”. Бу президентнинг қулоғига етиб боради ва тайинловга оид фармонни янгилаб, Алматовни вазир қилиб қўяди.

Зокиржон Алматов милицияни тўлиқ вертикал бошқарув остига олган, қатъий буйруқлар тизимини яратган раҳбар сифатида хотирланади. Ҳамкасблари уни қаттиққўл ва ўз принципларига эга шахс деб таърифлайди. У вазирлик даврида жиддий синовлардан ўтган. Хусусан, 1990-йилларнинг ўрталарига келиб, қўшни давлатлар: Тожикистонда фуқаролар уруши, Афғонистонда “Толибон” ҳаракати, Қирғизистонда сиёсий беқарорлик кучаяди. Ўзбекистоннинг ўзида ҳам уюшган жиноятчилик ва терроризм хавфи ортиб, ҳудудларда тинимсиз портлашлар кузатилади. Шундай вазиятда Алматов бошчилигидаги ИИВ ички барқарорликни таъминлаб тура олган. У Каримов давридаги кучишлатар тизимнинг асосий пойдеворини қўйган шахслардан бирига айланади.