Қирғинлар ва минглаб инсонлар ўлимига сабаб бўлган олов. Тарихдаги энг йирик шаҳар ёнғинлари
Бугунги кунда шаҳарлардаги аксарият бинолар темир-бетон, ғишт ва шунга ўхшаш оловга чидамли материаллардан барпо қилинади. Бироқ бундан уч аср аввал кўплаб иморатлар ёғочдан қурилар эди. Чунки тошдан бино тиклаш анча кўп вақт ва маблағ талаб қиларди. Шаҳарлардаги кичик бир аланга ҳам улкан ёнғинга айланиб кетиши мумкин эди. Ва тарихда минглаб инсонлар ўлимига олиб келган бир неча шундай йирик ёнғин юз берган ҳам.
Христианлар қирғини бошланишига сабаб бўлган Рим ёнғини
Римдаги Катта ёнғин император Нерон даврида, милодий 64 йилда содир бўлади. Ёнғин 18 июлдан 19 июлга ўтар кечаси Римдаги «Катта Цирк»нинг жануби-шарқий томонида жойлашган дўконлардан бошланади ва тун шамоли ёрдамида тонгга қадар шаҳарнинг катта қисмига ёйилади. Римнинг бу қисмида оловни тўхтатиши ёки секинлаштириши мумкин бўлган майдонлар ва тош ибодатхоналар йўқ эди.
Ёнғин тез тарқалиши ҳамда пойтахтнинг тор кўчаларида тиқилиб қолиш сабаб минглаб римликлар олов ичида қолиб кетади ва ҳалок бўлади.
Даҳшатли ёнғин олти кун давом этади ва шаҳарнинг ўн тўртта туманидан тўрттаси бутунлай ёниб кетади, еттитаси эса жиддий зарар кўради.
Бир қанча тарихчи ёнғинни император Нероннинг ўзи уюштирганини айтади. Бироқ император бу пайтда шаҳарда бўлмаган, у ёз жазирамасидан сақланиш учун денгиз соҳили — Антиумга кетган эди. Тацитнинг ёзишича, ёнғин ҳақида эшитган император Нерон дарҳол шаҳарга қайтган ва одамларни қутқариш учун ўз ҳисобидан гуруҳлар ташкил қилган.
Рим Катта ёнғини икки йирик воқеликка сабаб бўлди. Шаҳарни қайта тиклаш учун маблағ тўплашни истаган Нерон империя вилоятларининг солиқ юкини оширади ва пул зарб қилишни кўпайтиради. Бу эса тарихдаги илк инфляцияни келтириб чиқаради.
Нерон ёнғинни уюштиришда насронийларни айблади ҳамда Рим империясидаги насронийларни таъқиб қилиш сиёсатини бошлаб берди. Минглаб христианлар оловда ёқилди ёки хочларга михлаб ташланди.
Лондонни дунё пойтахтига айлантирган ёнғин
Ўз тарихида бир неча йирик ёнғинларга гувоҳ бўлган Лондондаги энг катта ёнғин 1666 йил юз берган. 2 сентябрь куни ярим тунда нонвойлар уйидан бошланган Лондон ёнғини Римникидан фарқли равишда тезда ўчирилиши мумкин эди.
Аланга кенг тарқалмай туриб, бу ерга полиция ва ўт ўчирувчилар етиб келади. Улар ёнғин тарқалишини тўхтатиш учун олов йўлидаги бир қанча уйни бузишни таклиф қилади. Бироқ уй эгалари рад жавобини беради. Шаҳар мэри лорд Бладворт эса биноларнинг кўпчилиги ижарага берилгани, уларнинг ҳақиқий эгалари ноаниқлиги сабаб (уй эгаларининг розилиги олиниши керак эди) уйларни бузишга рухсат бермайди. Натижада олов уйлар жуда зич қурилган Лондон кўчаларига тезлик билан ёйилади.
Кўрилган бир қатор кескин чора-тадбирлар, хусусан, аланга йўлидаги уйлар бузиб ташлаб, ўт ўчириш постлари ташкил қилингандан сўнг 5 сентябрь куни ёнғин ўчирилади. Тўрт кун давом этган Катта ёнғин оқибатида шаҳардаги ўн уч мингдан кўпроқ уй ёниб, кул бўлади. Расман олти киши ҳалок бўлгани айтилса-да, аслида қурбонлар сони мингдан ҳам кўпроқ эди. Икки юз мингга яқин инсон бошпанасиз қолади.
Катта ёнғин юз берган вақтда Иккинчи Англия-Голландия уруши кетаётгани сабаб, одамлар орасида ёнғинни Англиянинг душманлари бўлган католик, француз ва голландияликлар уюштирган деган миш-миш тарқалади. Оқибатда мамлакатдаги католик (Англия аҳолисининг катта қисми бу пайтда протестант эди), француз ва голландлар оммавий равишда «самосуд» қилина бошланади. Қатлларнинг олдини олиш ва тартибни сақлаш мақсадида Лондон газетасида чиқарилган расмий маълумотда ёнғин тасодифан келиб чиққани эълон қилинади. Маълумотномада, жумладан, ушбу оловни бошлашда Худонинг роли ва уни ўчиришда қиролнинг роли таърифланади.
Катта Лондон олови қанчалик даҳшатли бўлмасин, ижобий оқибатларга ҳам сабаб бўлган эди. Хусусан, вабо ўчоғи бўлган шаҳарнинг камбағаллар яшовчи қисми бутунлай ёниб кетади ва Лондон бу эпидемиядан тўлиқ халос бўлади.
Душман алангасидаги Москва
Москва ҳам Лондон каби бир неча йирик ёнғинни бошидан ўтказган. Фарқи шундаки, Москва ёнғинлари ички сабаблар билан эмас, ташқи душманлар қўли билан бошланган.
Масалан 1571 йил Қрим хони Давлат I Гирей Россияга юриши давомида Москвага яқинлашиб, шаҳарга ўт қўйиб юборади. Катта қисми ёғоч бинолардан иборат бўлган Москва тўрт соат ичида бутунлай ёниб битади. Фақатгина тошдан қурилган Кремлгина ёнғиндан омон қолади.
Бироқ Москва тарихидаги энг катта ёнғин бу эмас эди. 1812 йил Россияга бостириб кирган Наполеон I Бородино жангидаги русларнинг асосий қўшинини мағлубиятга учратади ва Москвани эгаллаш учун қулай имкониятга эга бўлади.
Россия қўшинлари қўмондони Михаил Кутузов Москвани жангсиз тарк этишга қарор қилади. 14 сентябрь эрта тонгда француз қўшинлари қаршиликсиз Москвага кириб келади. Шу куни тунда шаҳарда катта ёнғин бошланади. Шаҳардаги аксарият бинолар ҳали ҳам ёғочдан қурилгани боис Москванинг тўртдан уч қисми ёниб кетади. Шаҳарни эндигина эгаллаган французлар оловни ўчиришга қодир эмас эди.
Ёнғин 17 сентябргача давом этади ва шу куни ёғишни бошлаган ёмғир уни ўчиради. Ёнғин оқибатида икки мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлади.
Французлар ва руслар бир-бирини Москва ёнғинини уюштиришда айблайди.
Нью-Йорк катта ёнғини
Янги дунёнинг маркази бўлган Нью-Йорк шаҳри ўз тарихида уч бор олов ичида қолган. Улардан энг даҳшатлиси бўлмиш иккинчи ёнғин 1935 йил 16 декабрь куни Қуйи Манҳаттан’даги омборлардан бирида кўмир печкасининг ёниб кетиши натижасида бошланади. Кучли шамол оловни шаҳарнинг ўн етти мавзеси бўйлаб тарқатади. Ўт ўчирувчилар асосий сув манбалари бўлган Шарқий ва Ҳудсон дарёлари музлаб қолгани сабаб ёнғиннинг тарқалишига тўсқинлик қила олмайди. Музни тешиб қўйилган қувурлар ҳам музлаб қолади. Икки нафар ўт ўчирувчи ҳалок бўлади.
Кейинроқ Нью-Йоркка етиб келган ҳарбийлар ёнғин йўлидаги биноларни бузиб ташлайди ва олов жиловланади. Ушбу ёнғин натижасида кўрилган иқтисодий зарар йигирма миллион долларга баҳоланади (бугунги кунда бу миқдор камида 486 миллион долларни ташкил қилади).
Нью-Йорк шаҳри маъмурияти ёнғиндан сўнг аҳолидан тошдан бинолар қуришни талаб қила бошлайди. Шаҳарнинг ўт ўчириш тизимлари янгиланади.
Чикаго
АҚШнинг яна бир йирик шаҳри Чикаго 1871 йили уч кун олов ичида қолади. Чикаго ёнғини 8 октябрь куни бошланади. Машҳур версияга кўра, ёнғинга шаҳарнинг ДеКовен кўчасидаги сигирнинг керосин фонарни тепиб юборгани сабаб бўлган. Бироқ бу ҳақда биринчи бўлиб ёзган журналист Майкл Эҳерн кейинчалик ушбу воқеани тўқиб чиқарганини тан олган.
Ўт ўчириш бригадаси сигнали соат 21:40 да чалинади, кучли жануби-ғарбий шамол ёнғинни шаҳар марказига олиб боради. Олов шаҳар марказидаги меҳмонхона, дўкон, черков ва театрларни вайрон қилади. Шаҳар аҳолиси дарё орқали Чикагонинг шимолий қисмига ёнғиндан қочиб ўтади, бироқ олов тез орада бу ерга ҳам етиб келади.
10 октябрь куни бошланган ёмғир ёнғинни ўчиради. Чикаго ёнғини шаҳарнинг қирқ саккиз мавзесини бутунлай вайронага айлантиради.
Ёнғиндан сўнг бир юз йигирма беш кишининг жасади топилади. Расмий маълумотларга кўра эса қурбонлар сони 200-300 кишини ташкил этган.
Токио
1923 йил 1 сентябрда Япония пойтахтида содир бўлган даҳшатли ёнғинга «Катта Канто зилзиласи» номи билан машҳур бўлган зилзила сабаб бўлган.
Ўт ўчириш хизматлари анча ривожланганига қарамай, зилзила сабаб муаммоларга дуч келган ўт ўчирувчилар ёнғинни тўхтата олмайди.
Одамлар уйларидан чиқиб очиқ майдонларда тўпланади. Бироқ шундай майдонлардан бирига тўпланган қирқ минг киши атрофдаги бинолар ёниб кетиши натижасида олов қуршовида қолиб кетади ва тутундан бўғилиб ҳалок бўлади.
Токиодаги ёнғин қурбонларининг умумий сонини аниқлашнинг деярли имкони йўқ, аммо 1923 йил сентябрдаги зилзила ва ёнғинлар натижасида Японияда жами 175 мингга яқин инсон ҳалок бўлган, яна ярим миллионга яқин киши эса бедарак йўқолган.
Зилзила ва ёнғиндан кейинги саросимадан фойдаланган ҳукумат эса ўз сиёсий рақибларини ҳам йўқ қилади. Ҳатто пойтахтни Токиодан кўчириш масаласи ҳам кўрилади. Янги пойтахт сифатида Кейдзё, ҳозирги Сеул танланади, лекин бу лойиҳа ҳеч қачон амалга ошмайди.
Ушбу ёнғинлар тарихдаги энг йирик ва машҳурлари эди. Минглаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган, китоблар ва санъат асарларини йўқ қилган бу офатлар баъзида ривожланишга ҳам сабаб бўлган. Масалан Лондон ёнғини шаҳарни вабодан қутқаришдан ташқари унинг бутунлай янгидан қурилишига ва жаҳон марказига айланишига қайсидир маънода сабаб бўлганди. Қолаверса, бу ёнғинлар давлатларнинг шаҳар инфратузилмасига эътибор бериши ва ўт ўчириш хизматларини ривожлантиришга олиб келади.