Жамият | 19:00 / 12.05.2023
20628
9 дақиқада ўқилади

Электр транспорти Ўзбекистонда ҳавони тоза сақлашга ечим бўла оладими?

Катта шаҳарлардаги ифлосланган ҳаво муаммоси 21 асрнинг янгилиги эмас. Лондон муаммога биринчи бўлиб дуч келди, у ерда 1880 йилга келиб кўмир истеъмоли йилига 10 миллион тоннага етган. Доимий смог (зарарли тутун) мавжудлиги шаҳарга "Катта тутун" лақабини олиб берди. Саноатнинг янада ривожланиши ва глобал урбанизация ҳар қандай шаҳар ҳавосининг ифлосланиш муаммосига олиб келди. Тошкент ҳам бундан мустасно бўлмади.

Тоза ҳаво учун кураш

Ўзбекистонда атроф-муҳитнинг ифлосланиши муаммосига қарши фаол кураш олиб борилмоқда. Тошкентдаги биргина “Тоза ҳаво” лойиҳаси туфайли чиқинди газининг заҳарлилиги меъёридан ошиб кетган автомобиллар сони 1996 йилдаги 25-27 фоиздан бугунги кунда 6,5 фоизга қисқарди. Бироқ 1995 йилдан 2019 йилгача шаҳарда автомобиллар сони уч баравар кўпайганини ёдда тутиш керак. Шу боис ижобий тенденция пойтахтнинг экологик тизимига бўлган босим ўсишини чеклаб қўйди холос.

Бошқа йўналишда ҳам ишлар олиб борилди. Ҳавонинг ифлосланишига қарши курашнинг самарали усулларидан бири бу яшил майдонларни кўпайтиришдир. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил сўнгида “Яшил Макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича таклифлар билан танишиб, таклиф этилган чора-тадбирларни янада кенгайтириш бўйича топшириқ берган эди. Эслатиб ўтамиз, яқин келажакда Ўзбекистонда ҳар йили 200 миллион туп бута ва дарахт экиш режалаштирилган. Шундай қилиб, мақсад яшил зоналар майдонини ҳозирги саккиздан 30 фоизга оширишдир.

Аммо дарахт экиш муаммони комплекс ҳал қилишнинг фақат бир қисмидир. Мамлакатда ҳаёт сифатининг яхшиланиши одамларни шахсий автотранспорт воситаларини харид қилишга ундамоқда, бу эса Ўзбекистонда автомобиллар сони ўсишда давом этишини англатади. Ва бунга дарахтлар ҳам, шаҳарлар инфратузилмаси ҳам дош бера олмайди. Шаҳар аҳолисини эса тирбандлик ва оғир металл зарралари билан қоришган углерод оксидининг турғун ҳиди кутмоқда.

Экологияга масъул идораларнинг экологик тоза транспорт воситаларидан кенг фойдаланишга ўтишга алоҳида эътибор қаратётгани бежиз эмас. Бунда эса жаҳон тажрибаси билан ҳам тасдиқланган етакчи транспорт тури – темир йўлдир.

Рельсли муқобиллик

Шундай қилиб, илгари трамвайлардан воз кечган шаҳарларнинг катта қисми уларни кўчаларга қайтармоқда ва ҳатто йўналишлар тармоғини кенгайтирмоқда. Мисол учун, трамвайлар 2006 йилда Парижга қайтиб келди, гарчи улар 1937 йилда ташлаб кетилган бўлса ҳам. Лиссабон, Берлин, Милан каби шаҳарларда трамвай линиялари тўлиқ янгиланган ва кенгайтирилган.

Энг ёрқин мисоллардан бири Москвадир. 1990 йилларда ва 2000 йилларнинг бошларида 12 миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлган мегаполис (энг содда ҳисоб-китобларга кўра) шахсий транспортга максимал даражада устунлик бериш учун экспериментлар майдонига айланди. Саккиз қаторли йўллар, бош айлантирувчи чорраҳалар шаҳар учун одатий ҳолга айланган, аммо тирбандлик муаммоси ҳал этилмаган. Атроф-муҳитга етказилган зарар ўсишда давом этгани ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

2010 йилларда Россия пойтахти ҳокимияти глобал миқёсида ўз устуворликларини қайта кўриб чиқди ва жамоат транспортига урғу беришни танлашди. Замонавий трамвайлар метро ва шаҳар поездлари билан биргаликда шаҳар ичидаги асосий йўловчи ташишни ўз зиммасига олди ва Москва яқинидаги Демихов машинасозлик заводи томонидан ишлаб чиқарилган электр поездлари Москва вилоятининг барча ҳудудларидан йўловчиларга ҳизмат кўрсата бошлади.

“Электр поезди катта шаҳарнинг кўплаб муаммоларини ҳал қилишда ёрдам беради. Агар сиз Москва агломерациясига назар солсангиз, у улкан денгиз юлдузига ўхшайди, унинг нурлари темир йўл бўйлаб тарқалади. Пойтахтга кунлик меҳнат миграциясининг асосий йўллари шулардир. Ҳамда Москва диаметрларини ишлаб чиқиш – бу вазиятдан чиқишнинг ажойиб йўлидир. Бу атроф-муҳитга ҳам, аҳоли қулайлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Агар шаҳар атрофидаги транспорт бўлмаганида, бу босим транспорт воситаларига тушган бўлар эди”, деди “Иқтисодиёт олий мактаби” дейди Миллий тадқиқот университетининг мегаполисларда транспорт муаммоларини тадқиқ қилиш маркази директори Константин Трофименко.

Шунга қиёс мегаполисларни ривожлантиришдаги форматни Қозоғистон ҳам танлаган. ТЛК Медиа алоқа компанияси бош директори Жанна Исингаринанинг сўзларига кўра, шаҳар атрофидаги темир йўл алоқаси собиқ пойтахтнинг бир қатор муаммоларини ҳал қилган:

“Олмаота – Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри. Шаҳарга ҳар куни 250 000 тагача автомобиллар кириб келади, бу эса унинг йўл инфратузилмасига қўшимча юк ҳосил қилиб, кўп километрлик тирбандликларга олиб келади ва шаҳарнинг экологик ҳолатига таъсир қилади. Бу муаммонинг долзарб ечимларидан бири шаҳар атрофи темир йўл алоқасини ривожлантириш бўлган. Ўтган йил охирида йўлга қўйилган “Конаев-Олмаота1” поезди мисолида йўловчи ташиш имкониятлари кенгайиб, бу орқали шаҳарнинг ҳам, яқин атрофдаги қишлоқлар аҳолисининг ҳам кўплаб муаммолари ҳал этилаётганини кўриш мумкин”.

Бундай комплекс ёндашув нафақат шаҳарлардаги ҳаво сифатини яхшилаш, балки асосий магистралларни сезиларли даражада енгиллаштириш имконини берди. Албатта, тирбандликлардан халос бўлиш имкони бўлмади, лекин уларнинг зичлигини камайтиришга эришилди.

Темир йўлга урғу бериш

Москва ва Олмаота мисоллари шуни кўрсатадики, нисбатан қисқа вақт ичида Ўзбекистондаги экологик вазиятда глобал ўзгаришларга эришиш мумкин.

Бундан ташқари, темир йўл транспортининг ривожланиши ҳар куни ишлаш ва ўқиш учун яқин атрофдаги аҳоли пунктларидан йирик шаҳарларга борадиган мамлакат аҳолисининг қулайлигини ҳам оширади.

"Темир йўл энг экологик тоза транспортлардан бири ҳисобланиб, эҳтимол велосипеддан кейин у энг паст даражадаги углерод изини қолдирадиган транспорт туридир. Ҳатто электр транспорт воситаларининг экологик тозалиги ҳам баҳсли, чунки электр транспорт воситасини ишлаб чиқариш ва ишлатишнинг умумий углерод изи ҳатто ички ёқилғи двигателидан ҳам ошиб кетиши мумкин. Поезднинг афзаллиги шундаки, у қиммат ва ишлаб чиқариш қийин бўлса-да, тўғри ишлаши ва таъмирланиши билан ярим асрга етади”, — дейди туризмни ривожлантириш бўйича халқаро эксперт Михаил Шамшидов.

Қулай поездларнинг йўлга қўйилиши ва ҳаракат оралиғининг қисқариши кўплаб йўловчиларнинг ўз манзилларига тез ва тирбандликларсиз етиб боришини таъминлайди. Бундай транспорт тизими шахсий автомобилдан фойдаланишга муносиб муқобил вариант бўла олади.

Россия бундай тизимни яратишда ёрдам бериши мумкин. Бундан ташқари, сўнгги йилларда мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб келмоқда. 2022 йилда Россия Хитойдан Ўзбекистон учун асосий ташқи савдо шериги мақомини қайтарди. Ўтган йили мамлакатлар умумий қиймати қарийб 7,5 миллиард долларлик 143 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш жараёнида эди. Россия, шу қаторда, мамлакатдаги биринчи атом электр станциясини қуриш мажбуриятини ҳам олди. У 2030 йилгача ишга туширилиши керак ва экологик вазиятни ҳам яхшилашни таъминлайди. Бундан ташқари, 2022 йилда Россия автомобил ишлаб чиқарувчилари “Ўзавтосаноат”дан автокомпонентларни фаол харид қила бошладилар ва фармацевтика саноатининг йирик иштирокчилари Ўзбекистонда ўз ишлаб чиқариш қувватларини маҳаллийлаштиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Аввалроқ Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов россиялик ҳамкасби Михаил Мишустин билан учрашувда мамлакатлар ўртасидаги шериклик даражасини “мисли кўрилмаган” деб атаган эди.

– Бугунги кунда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро ишонч, қўллаб-қувватлаш, бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилиш асосида фаол ривожланмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Россия ҳамкорлиги стратегик шериклик ва иттифоқчиликнинг мисли кўрилмаган юксак даражасига кўтарилди”, — деди Арипов.

У 2022 йилда ўзаро савдо ҳажми 10 миллиард долларга яқинлашганини қўшимча таъкидлади. Мамлакатлар бу билан чегараланмоқчи эмаслар. Ўтган йилнинг сентябрь ойида Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияни имзолаган эди. Мамлакатлар сиёсий ҳамкорлик, атом энергиясидан тинчлик мақсадларда фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, хавфсизлик масалалари, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик, ҳуқуқни тартибга солиш, шунингдек, савдо-иқтисодий, энергетика, минтақалараро, маданий соҳаларда шериклик, гуманитар, ижтимоий, молиявий-банк соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришни режалаштирмоқда. Декларацияда транспорт ҳамкорлиги алоҳида банд сифатида қайд этилган.

Бу борадаги ҳамкорлик ҳам мамлакатимиз томонидан қўлланилаётган аниқ бизнес ечимлари орқали йўлга қўйилган. Масалан, Тошкент узоқ йиллардан буён “Метровагонмаш” (“Трансмашхолдинг” таркибига кирувчи) корхонасида ишлаб чиқарилган Россиянинг метро вагонларини харид қилиб келади. Темирйўлчилар Россия техникаси билан ҳам яхши таниш, чунки локомотив паркининг учдан икки қисмидан кўпроғини Россия техникаси ташкил этади. Бу борадаги ҳамкорликни ривожлантириш эса Ўзбекистонга транспорт тизимини модернизация қилиш бўйича Россия тажрибасидан фойдаланиш имконини беради, бу эса фақат транспортнинг экологик тозалигини оширади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид