Ўзбекистон | 18:29 / 30.09.2025
3102
3 дақиқада ўқилади

Барчангиз эл-юрт ҳурмати ва ардоғида бўлинг! - президент ўқитувчи ва мураббийларни табриклади

Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийларни касб байрами билан табриклади. 1 октябр Ўзбекистонда ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида нишонланади.

«Сиз, азизларни, ҳаётини дунёдаги энг улуғ ва олижаноб ишга – навқирон авлод таълим-тарбиясига бағишлаган муҳтарам устоз ва мураббийлар, соҳанинг барча жонкуяр ходимларини умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этаман. Мана шундай қувончли кунда сиз, меҳрибон устозларга эл-юртимизнинг юксак ҳурмат-эҳтиромини яна бир бор изҳор этиб, барчангизга Янги Ўзбекистон келажагини яратиш йўлидаги машаққатли ва шарафли меҳнатингиз учун чин қалбдан ташаккур билдираман», дейилади табрик сўзи бошида.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида таълим соҳасидаги ислоҳотлар натижалари жаҳон ҳамжамиятида катта эътибор ва қизиқиш уйғотди. Бу борада эришилган ютуқлар халқаро аҳамиятга эга бўлган янги ташаббусларни илгари суриш учун асос бўлди.

Шавкат Мирзиёев келажакда соҳада амалга оширилиши кутилаётган бир қатор чора-тадбирларни санаб ўтди.

Жумладан, келгуси йилдан Қорақалпоғистон ва барча вилоятларда Президент мактаблари каби «Янги авлод» боғчалари ташкил этилиб, уларда тарбиячилар илғор педагогик технологияларни ўрганади.

Янги ўқув йилидан 12 йиллик мактаб таълими ҳамда 9- ва 11-синф ўқувчилари учун ягона давлат имтиҳонлари жорий қилиниб, уларнинг натижалари бўйича битирувчилар бевосита техникум ва олийгоҳларга кира оладиган тартиб йўлга қўйилади.

Бир йил ичида 100 та техникумда Германия, Буюк Британия, Швейцария, Хитой, Корея Республикаси каби ривожланган мамлакатларнинг таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, уларнинг илғор ўқув дастурлари жорий этилади.

Дуал таълим билан қамров 5 баробар оширилади. Янги технологияларни ўзлаштириш, чет эллик инвестор ва ҳамкорлар билан эркин мулоқот қилиш учун техникумлардаги хорижий тил соатлари тўрт карра кўпайтирилади.

Келгуси йилдан янги, рақамли очиқ платформа ишга туширилиб, унда техникум битирувчиларининг касбий кўникмалари ҳақидаги маълумотлар маҳаллий ва хорижий иш берувчилар учун эълон қилинади.

Шу билан бирга, умумий ўрта таълим муассасаларида мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий этилиб, улар 7-синфдан бошлаб ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш билан шуғулланади.

Келгуси ўқув йилида давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг контракт суммасига 30 фоиз чегирма жорий этилиши мўлжалланмоқда.

«Юртимиз тарихидаги икки буюк Ренессансни яратган улуғ мутафаккир ва алломаларни ҳам ўз вақтида сиз каби ўқитувчи ва муаллимлар тарбиялаб вояга етказган. Бу эзгу анъаналарнинг давомчилари сифатида сиз, азизлар ҳам бугун жонажон Ватанимизда барпо этилаётган Учинчи Ренессанс бунёдкорларини камол топтиришга муносиб ҳисса қўшасизлар, деб ишонаман. Ана шундай олижаноб мақсад йўлида сизларга мустаҳкам соғлиқ, куч-ғайрат, янги ютуқлар ва оилавий бахт тилайман. Барчангизга ҳамиша эл-юртимиз, шогирдларингизнинг ҳурмат ва ардоғида бўлиш насиб этсин!», дейилади табрик сўзи якунида.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид