Ходим иш вақтида бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этса, марҳумнинг оила аъзоларига бериладиган компенсация миқдори қанча?
Интернетда 27 октябрь куни Tashkent City ҳудудида қурилаётган кўп қаватли уйларнинг бирида ишлаётган 20 ёшли уста бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқалди.
Қуйида иш берувчининг марҳум ходимнинг оила аъзоларига тўлаши лозим бўлган компенсациясини таҳлил қиламиз.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 187-моддасига кўра, ўз меҳнат вазифаларини бажариши муносабати билан ходим вафот этган тақдирда, унинг оила аъзоларига етказилган ҳар қандай зарарни (шу жумладан, маънавий зарарни) иш берувчи, башарти бошқача ҳолат назарда тутилмаган бўлса, тўлиқ ҳажмда тўлайди.
Яъни иш берувчи марҳум ходимнинг оила аъзоларига қуйидагиларни тўлайди:
- маънавий зарар;
- боқувчининг вафот этгани муносабати билан зарар;
- вафоти муносабати билан бир йўла бериладиган нафақа.
Маънавий зарар (жисмоний ёки руҳий азоблар) пул шаклида ёки бошқа моддий шаклда иш берувчи ва вафот этган ходимнинг оила аъзолари ўртасидаги келишувга мувофиқ равишда белгиланган миқдорда қопланади. Маънавий зарарни қоплаш юзасидан низо келиб чиққан тақдирда, бу масала судда кўриб чиқилади.
Меҳнат кодексининг 192-моддасида, боқувчининг вафот этгани муносабати билан зарарни иш берувчи томонидан тўлаш мажбурияти белгиланган.
Унга кўра, ходим меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллиги ёки меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлигига бошқача тарзда шикаст етиши сабабли вафот этган ҳолларда, иш берувчи марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга, шунингдек ўн олти ёшга тўлмаган ёки у вафот этган кунга қадар ундан таъминот олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга, марҳумнинг вафотидан кейин туғилган фарзандига, шунингдек ота-онасидан бирига, умр йўлдошига ёки оиланинг бошқа аъзосига, агар у ишламасдан марҳумнинг уч ёшга етмаган болалари (укалари, сингиллари) ёки невараларининг парвариши билан банд бўлса, зарарни тўлаши шарт.
Вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган ва унинг вафоти муносабати билан зарарни ундиришга ҳақли бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга тўланадиган зарар миқдори марҳумнинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида, унинг ўзига ва унинг қарамоғида бўлган, лекин зарарни ундиришга ҳақли бўлмаган меҳнатга қобилиятсиз шахсларнинг улушини чегириб ташлаган ҳолда белгиланади.
Меҳнат кодексининг 194-моддасига кўра, ходимнинг вафоти муносабати билан иш берувчи томонидан бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори жамоа шартномасида, агар бундай шартнома тузилмаган бўлса, иш берувчи билан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Бунда ходимнинг вафоти муносабати билан бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори эса, марҳумнинг олти йиллик ўртача иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас.
Тасаввур қилинг, ходим бор йўғи бир ой ишлаган дейлик, унинг ўртача иш ҳақи қандай тартибда ҳисобланади?
Ушбу тартиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги 60-сонли қарори билан тасдиқланган «Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш қоидалари»да батафсил белгилаб берилган.
Марҳум зарар етказилган вақтда ўн икки ойдан кам ишлаган тақдирда, ўртача ойлик иш ҳақи ҳақиқатда ишлаган умумий иш ҳақини ишлаган ойлар сонига бўлиш йўли билан ҳисоблаб чиқарилади. Масалан, ҳодимнинг ойлик иш ҳақи 1,5 миллион сўм ва у бир ой ишлаган. Демак, унинг ўртача иш ҳақи 1,5 миллион деб ҳисобланади. Ходимнинг олти йиллик ўртача иш ҳақи шунда 1,5 миллион*72 ой (6 йил) =108 000 000 (бир юз саккиз миллион).
Демак, агар марҳумнинг ўртача иш ҳақини 1,5 миллион сўм деб тасаввур қилсак, марҳум уста А. Т.нинг вафоти муносабати билан бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори камида бир юз саккиз миллион сўм бўлиши керак. Эътибор беринг камида дейилмоқда! Чунки бу миқдор иш берувчи билан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи ўртасидаги келишувга биноан янада ошиши мумкин.
Бундан ташқари, ходим меҳнат жараёнида вафот этган тақдирда иш берувчи қўшимча равишда дафн этиш учун зарур харажатларни ушбу харажатларни сарфлаган шахсга тўлаши шарт.
Дафн этиш учун зарур харажатлар зарарни тўлаш ҳисобига киритилмайди.
«Asia Trading City» компанияси марҳумнинг оиласига компенсация ишчининг ўлими бўйича тергов натижалари асосида тўланишини маълум қилган. Қайд этилишича, ҳар кун эрталаб иш бошланишидан олдин ишчилар хавфсизлик қоидалари билан танишиб чиқади ҳамда тегишли ҳужжатга имзо қўяди.
Хўш, бу борада қонунчилик нима дейди?
Меҳнат кодексининг 191-моддасига кўра, аралаш жавобгарлик тўланиши лозим бўлган зарарнинг қўшимча турларига, бир йўла бериладиган нафақага, шунингдек боқувчининг вафоти муносабати билан зарарни тўлаш ҳолларига татбиқ этилмайди. Яъни ходим иш вақтида ўзининг қўпол эҳтиётсизлиги туфайли кўп қаватли уйдан йиқилиб вафот этган тақдирда ҳам, иш берувчи зарарни тўлашдан озод этилмайди.
Хулоса қиладиган бўлсак, қонун талаби бўйича иш берувчи марҳум ходимнинг оила аъзоларига камида қуйидагиларни тўлашга мажбур: маънавий зарар+боқувчининг вафот этганлиги муносабати билан зарар+вафоти муносабати билан бир йўла бериладиган нафақа+дафн этиш учун зарур харажатлар.
Марҳумнинг оила аъзоларига қўшимча моддий ёрдам ва бошқалар иш берувчининг ҳимматига ва виждонига боғлиқ!
Тошкент давлат юридик университети
Меҳнат ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси
Каримжонов Муҳаммадамин
Мавзуга оид
15:54
Чорвоқдаги икки киши ҳалок бўлган бахтсиз ҳодисада катамаранга урилган гидроциклни бошқарган йигит қамалди
18:24 / 04.11.2024
Перуда футболчи ўйин вақтида чақмоқ уриши оқибатида ҳалок бўлди
17:36 / 01.11.2024
Покистон президенти самолётдан тушишда йиқилиб, оёғи синди
14:34 / 03.10.2024