Форишдаги бузилишлар ва қурилишлар. Тадбиркорлар нимадан норози?
Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида олиб борилган кенг кўламли ишлар натижасида туман маркази — Гагарин шаҳарчаси бугун таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Айнан Мирзачўл тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Фориш туманида ҳам қурилиш ишлари бошлаб юборилди.
Қурилиш бор жойда албатта бузилиш бўлади, эскисини бузмай туриб, янгисини қуриб бўлмайди. Бузилиш бўлдики, албатта норозилик ҳам бўй кўрсатади…
Таҳририятимизга Фориш туманидаги бир неча тадбиркордан мурожаат келиб тушди.
Унда ёзилишича, туманда бошланган қурилиш ишлари натижасида кўпгина тадбиркорларнинг ҳуқуқлари поймол этилган. Ушбу ҳудудда кўп бинолар ва уйлар бузиб ташланмоқда. Уй ва биноларнинг эгаларига янгиларини тақдим қилиш ва компенсация тўлаш ўрнига, маҳаллий ҳокимлик вакиллари бино ва уйларни бузишда давом этишмоқда.
Вазиятни ўрганиш мақсадида Фориш туманида бўлдик. Мурожаатчилар биз билан суҳбатда уларни қийнаётган муаммо ҳақида баён қилишди.
«Фориш тумани марказидаги Амир Темур кўчасида тадбиркорларга тегишли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш бинолари ҳамда аҳолининг жами 100га яқин уй жойлари жойлашган. Марказда қурилиш ишлари бошланмай туриб жорий йилнинг февраль ойи бошида Фориш тумани ҳокимлиги томонидан Амир Темур кўчаси бўйида жойлашган бино эгаларига уларнинг бинолари жойлашган ер участкалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида»ги низом асосида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиниши ҳақида огоҳлантириш тарқатилади.
Ҳукумат қарорининг 3.1-бандида «ер участкаларини олиб қўйишда ер участкасида жойлашган мулкнинг бозор қиймати олдиндан тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилади», дейилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Републикасининг «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқи кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддаси тўртинчи хатбошисида «Олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни бузиб ташлаш ёки дов-дарахтларни қўпориб ташлашга зарарнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўла қопланмагунга қадар йўл қўйилмайди», дея аниқ белгилаб қўйилган.
Ушбу қонун ва ҳукумат қарори, бошқа норматив ҳужжатларга қарамасдан, Фориш тумани ҳокимлиги тадбиркорларнинг бузилишга тушган бинолари учун ҳеч қандай компенсация тўламаслигини айтишмоқда.
Биз бир неча жойга мурожаат қилдик. Шунга қарамасдан, ҳокимлик мутасаддилари Фориш туман маркази бош режаси тасдиқланганини рўкач қилиб «бузилиш бўйича ҳеч қандай зарар қопланмайди, дўкондан чиқсанг чиқ, чиқмасанг махсус техника билан суриб ташлаймиз», — деб дўқ-пўписа қилмоқда. Ваҳоланки, Жиззах вилоятининг бошқа барча туманларида бугунги кунда бузилишга тушган бинолар учун тадбиркор ва аҳолининг зарари маҳаллий ҳокимликлар ёки йўл фонди томонидан тўланмоқда», — дейди тадбиркор Нурали Норбеков.
«Туманимизда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бошланганда менга тегишли бўлган савдо, маиший хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш бинолари бузиб ташланди. Мен бу бинони беш фарзандим учун ўз маблағим эвазига қуриб, тадбиркорликни бошлагандим. Энг қизиғи, уйдалигимда яқинларим қўнғироқ қилишиб, менга тегишли бинолар бузилаётганини хабар қилди.
Воқеа жойига етиб келганимда бинонинг том қисми аллақачон бузиб ташланганди. Ялиндим, тортишдим улардан биноларни бузиш тўғрисидаги қарорни сўрадим. Афсуски, ҳеч қандай асосни кўрсата олишмади. Бузилиш ишлари 1 апрель куни бўлди, менга эса 2 апрель куни почта орқали огоҳлантириш хати келаяпти. Шу адолатданми?! Хуллас, бормаган жойим қолмади, шикоятларим жавобсиз... нима қилишга ҳайронман», — дейди тадбиркор Шерзод Тоштемиров.
Йигирмага яқин мурожаатчиларни бирма-бир тингларканмиз, кимдир бозор ўрнидаги дўкони бузилаётганидан, маҳаллий ҳокимлик вакиллари уларга тегишли бўлган ерларни бошқаларга бериб юборганидан шикоят қилса, яна кимдир бузилмаган биносининг олдига ҳоким келиб, «бузсанг буз, бўлмаса ўзим ҳайдатиб ташлайман», дея пўписа қилаётганини айтди. Баъзи тадбиркорлар ички ишлар ходимлари келиб «бинони бўшатасан», дея шарт қўяётганидан нолиди.
Вазиятга изоҳ олиш мақсадида туман ҳокими билан учрашишга қарор қилдик. Туман ҳокими Абдували Мустановни қурилиш ишлари кетаётган марказий кўча бўйидаги хонадонларидан бирида учратдик.
«Мен сизни жуда яхши тушундим, келганингиз яхши бўлди. Ҳа, албатта, бугун Фориш туманида улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Айнан кўрганингиздек бузилиши мўлжалланган хонадонларга республика «Халқ банки» вакиллари ҳамда бир қатор мутасаддилар билан биргаликда кириб тушунтириш ишлари олиб боряпмиз. Сиз айтаётган мурожаатчиларнинг барчаси билан шахсан танишман. Таҳририятингизга арз қилган фуқароларни бирма-бир бир неча марта қабул қилиб, вазиятни тушунтирганман. Керак бўлса, ўз ёрдамимни таклиф қилганман, шубҳага ўрин қолдирмаслик учун, келинг, шу ерда муаммони ҳал қилиб олсак», — деди туман ҳокими Абдували Мустанов.
Туман ҳокимининг таклифи билан барча ташкилот раҳбарлари ва мутасаддилар иштирокида шу ернинг ўзида очиқ мулоқот тарзда ўтказилган суҳбат давомида тадбиркорлар Нурали Норбеков, Шерзод Тоштемировдан ташқари бошқа мурожаатчилар шунчаки эшитган тахминларга асосланиб, миш-мишларни рўкач қилиб, мурожаат йўллашгани аён бўлди.
«Айни пайтда, Боғдон шаҳарчаси марказидаги бозор бошқа ҳудудга кўчириладиган бўлди. Эски бозор ўрнида эса қарийб 1 гектар майдонда истироҳат боғи барпо этилади. Шаҳарчадаги барча ташкилотлар ва аҳоли хонадонлари тўлиқ янгиланган канализация тармоғига уланади. Амир Темур кўчасида 5 км масофада 4 қаторли йўл бунёд этилади. Йўлнинг икки тарафида пиёдалар учун тротуар ва велосипед йўлкаси қурилади.
Тадбиркорлар учун янги бунёд этиладиган бозор ҳудудидан савдо расталари ва дўконлар қуриш учун майдон ажратиб берилади. Биз ҳеч кимнинг дўконини тортиб олиш ниятида эмасмиз. Уларга бир неча марта тушунтирилган. Эшитганингиздек, кўпчилик арзчилар асоссиз миш-мишларни, деб мурожаат қилишган.
Нурали Норбеков масаласига келадиган бўлсак, мен бу йигитни ўзим бир неча марта қабул қилганман. Унинг талаби — бузиладиган бино учун зарарни қоплаш. Тадбиркорнинг биноси ҳали бузилмади. Огоҳлантириш хати берганмиз. Қонун доирасида иш қилишга ҳаракат қиламиз.
Шерзод Тоштемировнинг савдо ва маиший шохобчалари бузилишига сабаб — унинг бинолари жуда эски ва кўримсиз бўлгани ва шаҳарсозлик талабларига мос келмагани. Тадбиркорга бинонинг эски ўрнида қайтадан қурилиш ишларини бошлаш учун керакли имкониятларни яратамиз. Огоҳлантиришсиз бузилганининг сабабини ҳам айтишим мумкин: бу иш туман бош архитектори айби билан бўлган. Тадбиркорни ўз вақтида огоҳлантириш хати ва тегишли қарор билан таништирмагани учун уларга чора кўрилди. Бош архитектор эгаллаб турган лавозимидан бўшатилди.
Компенсация масаласига келадиган бўлсак, «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 15-бандида бузилаётган уйлар эгасига турар жой бериш ва компенсациянинг бошқа турларини тўлаш тегишли туманлар ҳокимликлари томонидан, чорак якуни бўйича прогноздан ортиқча тушган маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Фориш тумани эса дотациядаги тумандир. Тадбиркорларнинг эътирози асоссиз, дея айта олмайман, лекин маҳаллий бюджетда маблағ етишмаслиги фуқароларга компенсацияларни ўз вақтида тўлаб бериш имкониятини чеклайди. Шунга қарамай, фуқароларга компенсациянинг муқобил варианти, яъни қурилиш материаллари, ишчи кучи ва техникалар билан бепул таъминлашни таклиф қилмоқдамиз», — дейди ҳоким.
Туман ҳокими ва мурожаатчилар билан бўлган суҳбат жараёнида бошқа форишликлар ҳам ўз фикрларни билдиришди. Ўзини Сарвар Бурхонова деб таништирган онахон вазиятга шундай изоҳ берди: «Мен тадбиркорман, менинг ҳам еттита дўконим тўлиқ бузилди. Мен ҳам дўконларимни бозор нархида баҳолатдим. Ҳисоб-китобларга кўра, менга туман ҳокимлиги 1 миллиард 200 миллион сўм тўлаши керак экан. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, ишлаб чиқариши йўқ, дотацияда турган Фориш тумани ҳокимлиги менга бу пулни қаердан тўлайди? Бугун биз йиллар давомида ўша 30–40 йил илгари қурилган пана-пастқам бинолардан воз кечиб, туман кўркига кўрк қўшадиган янги лойиҳалар асосида савдо ва маиший хизмат дўконлари қурмоқчимиз. Қисқача айтганда, туман тамомила ўзгача қиёфа касб этиш арафасида. Мен келтирилган зарар пулини қоплаш ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмасдан, бино ва иморатларимни буздирдим, қурилиш материалларини олиб, айни кунларда янада каттароқ замонавий қиёфадаги савдо дўконлари қуришни бошлаб юбордим. Маҳаллий ҳокимлик вакилларига раҳмат, ўз ёрдамларини аяшмади. Мақсадим — туманимиз гуллаб-яшнасин, чирой очсин. Бошқаларни ҳам озгина фидойироқ бўлишга чақираман».
Нурали Норбеков эса унга эътироз билдирди.
«Мен бу фикрга қўшилмайман. Фориш тумани дотацияда эканлиги биз тадбиркорларнинг айби эмас. Бизга келтирилган зарарларни қоплашсагина, бино бузилишига рухсат бераман», — дейди тадбиркор.
Унга бошқа бир тадбиркор қўшилди.
«Менга бузилган биноларим учун маблағ тўланишини сўрайман. Мен бу биноларни ўз маблағимга сотиб олганман ва келажакда тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун фарзандларимга шароит яратиб берган эдим. Афсус, ниятларим саробга айланди. Айни пайтда менга судга мурожаат қил, деган таклифларни билдиришяпти. Шу топда судга мурожаат қилиш учун ортиқча маблағим йўқ. Бузилган биноларим учун келтирилган зарарларни қоплашсин», — дейди Шерзод Тоштемиров.
Туман ҳокими ўз фикрини давом эттирар экан, жумладан қуйидагиларни қўшимча қилди: «Бугун Фориш туманида жуда катта ўзгаришлар бўляпти. Ҳар бир хонадонга ўзим кириб бориб, тушунтиришга ҳаракат қиляпман, мақсадим қўлимдан келганча ёрдам қилиш. Бир сўз билан айтганда, туман аҳолисининг 80 фоизи қўлидан келганича бизга ёрдам бериб, ободонлаштириш ишлари билан машғул. Қувонарлиси шуки, бошқа вилоятларда яшаб ишлаётган, асли форишлик ҳамюртларимиз келиб, «биздан қандай хизмат», деб ҳомийлик асосида ўз ёрдамларини таклиф қилишяпти. Мен уларни чақирганим йўқ. Бу, албатта, мени қувонтиради. Ким юртини севмаса, у ҳеч нимани сева олмайди. Мен бундай инсонларни асл ватанпарварлар дея айта оламан. Афсуски, бу туйғуни ҳамма ҳам ҳис қилавермас экан. Мен Ватанга бўлган муҳаббатни ўтаям нозик ва назокатли туйғу, деб биламан. Шу боис бу ҳақида кўп гапирмай, яхшиси, унинг фаровонлиги ва ободлиги йўлида меҳнат қилай».
Бу вазиятда кимнидир айблаш ниятидан йироқмиз. Мақола Форишда кузатганларимиз ва гувоҳ бўлганларимиз асосида тайёрланди. Хулоса чиқариш эса ўқувчининг ўзига ҳавола.
Гулчеҳра ШАРИПОВА,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
09:40 / 12.11.2024
«Фориш» полигонида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбий машғулотлари бошланди
12:31 / 10.11.2024
2024 йилда Жиззах вилоятида болалар иштирокида 59 та ЙТҲ содир бўлди
09:56 / 24.09.2024
Жиззахда ҳайдовчи Дамасга катта ёшдаги 14 кишини миндириб ҳаракатланди
14:28 / 08.09.2024