Жамият | 12:01 / 06.03.2026
18511
2 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Туркияда ўзбекистонлик яна бир аёлнинг жасади топилди

Туркияда топилган жасад Самарқанд вилоятида туғилган 46 ёшли Дилафруз Чўллиевага тегишли экани ДНК экспертизаси орқали тасдиқланди. Бу ҳақда Туркиядаги «Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» жамияти хабар берди.

Экспертизада марҳуманинг оила аъзоларидан олинган ДНК намуналари билан солиштирув ўтказилган ва натижалар тўлиқ мос келган.

Жамият маълумотига кўра, ҳозирда марҳуманинг жасадини яқинларига топшириш билан боғлиқ маъмурий ва ҳуқуқий ишлар расмийлаштирилмоқда. Жасадни ватанга юбориш жараёни Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консуллиги томонидан мувофиқлаштирилмоқда.

«Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» жамияти бу иш адолатли якунига етиши, айбдор шахслар аниқланиб, қонун доирасида жавобгарликка тортилиши учун жараённи назоратда ушлаб туришини маълум қилган.

Аввалроқ Туркияда аёл кишининг таниб бўлмас даражадаги жасади топилган ва унинг Дилафруз Чўллиевага тегишли бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Ушбу қотилликда гумонланиб 4 киши қўлга олинган. Уларнинг Ўзбекистон фуқаролари экани айтилганди.

Маълумотларга кўра, Дилафруз Чўллиева Туркияда қонуний яшаш ва ишлаш рухсатномасига эга бўлган. У Баликесир вилоятининг Бурҳония туманидаги хонадонда ишлаган. У 21 январдан бери қидирувда бўлган.

Бу сўнгги вақтларда Туркияда ваҳшийларча ўлдирилган учинчи ўзбекистонлик аёл бўлмоқда. Истанбулда олдинроқ ўзбекистонлик – Дурдона Ҳакимова ва Сайёра Эргашалиева ҳам қотиллик қурбонига айланганди. Уларнинг ўлими турк жамоатчилигида катта муҳокамаларга сабаб бўлганди. 

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид