Фақат Тожмаҳал эмас: Ҳиндистонда Бобурийлар қурган обидалардан репортаж
Ҳиндистон деганда хаёлимизда бирдан Тожмаҳал гавдаланади. Лекин ўзининг уч асрдан ортиқ ҳукмронлиги даврида Бобурийлар ҳатто бугунги даврда ҳам Ҳиндистон бюджетига ҳар йили миллионлаб даромад келтираётган юзлаб обидалар қолдирган. Kun.uz мухбири Бобурийларга оид оммага маълум ва номаълум манзилларда бўлиб, сулоладан қолган маданий мерос ҳақидаги қизиқарли маълумотларни улашади.
Бобурийлар бугунги Ҳиндистон яримороли ҳудуди атрофида уч асрдан кўпроқ ҳукмронлик қилган бўлишса, шундан қарийб 200 йил давомида мамлакат сарҳадларини тобора кенгайтириб, фотиҳ ҳукмдорларга айланишган. Бугун Ҳинд диёрига саёҳат қилаётган хорижий сайёҳларнинг аксарияти ҳинд маданиятидан ҳам кўра кўпроқ Ҳиндистон тарихида 300 йиллик ўрни бўлган, Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан давом этган сулола қолдирган меъморий обидаларни кўришга ошиқишади.
Бобурийлардан қолган айрим ёдгорликлар бугун ҳинд ибодатхоналарига айлантирилаётган бир шароитда сулоланинг маданий мероси асрлар ўтса-да, ҳамон мамлакат хазинасига мўмайгина даромад ҳам олиб кираётганини инкор қилиб бўлмайди.
Тўғри, келтираётган фойдасига кўра, темурийзода, бобурийзода Шоҳжаҳон томонидан қурдирилган Тожмаҳалга етадигани йўқ. Қанча дейсизми? Ўтган йили биргина шу масжид-мақбара давлат ғазнасига деярли 10 млн доллар ёки кунлик 27 минг доллардан фойда олиб келган. Йиллик ўртача 14 миллион даромад келтириши айтилса-да, бу миқдорнинг энг кўпи 30 млн АҚШ долларигача ҳам етган. Бу ҳали чипта нархлари холос.
Шу обидани кўриш учунгина келадиган ҳар йилги 6-7 миллион сайёҳ учун транспорт, овқатланиш, савдо, меҳмонхона, суғурта даромадлари ва бошқа хизмат кўрсатиш турларидан келадиган фойдалар ҳақида эса гапирмадик.
Тожмаҳалга тўланадиган 13 долларли чиптадан ташқари, хорижий сайёҳлар сулолага оид буюк Бобурийлар қароргоҳи бўлган Агра қалъаси (8 АҚШ доллари миқдорида), Акбаршоҳдан қолган вақтинчалик пойтахт Фотиҳпур шаҳри (7 АҚШ доллари миқдорида), Уттар-Прадешдаги Акбар мақбараси (4 АҚШ доллари миқдорида), Жаҳонгир Мирзонинг бош рафиқаси Нуржаҳонбегим қурдирган “Кичик Тожмаҳал” – Эътимод-уд-Давла ёдгорлиги (3,5 АҚШ доллари миқдорида), Бобурдан қолган Меҳтоб (3,5 АҚШ доллари миқдорида) ва Ором боғлари (3,5 АҚШ доллари миқдорида), Акбар Мирзонинг суюкли рафиқаси бўлган Марям уз-Замоний мақбараси (3,5 АҚШ доллари миқдорида), Аврангзебнинг аёли Дилроз Бонубегим учун қурдирилган Аврангободдаги Бибика мақбараси (3,5 АҚШ доллари миқдорида), Шоҳжаҳон қурдирган Марварид масжиди (9 АҚШ доллари миқдорида) ҳамда Шалимар боғи (6 АҚШ доллари миқдорида) ва яна Паримаҳал боғи, Аллоҳобод қалъаси, Жаҳонгир шоҳ томонидан аёли Шоҳбегим шарафига бунёд этилган Қусро боғидаги мақбара, Шишмаҳал, яъни Кўзгулар саройи, Муҳаммад Шоҳ Мирзонинг бош вазири Сафдаржанг учун қурилган мақбара, хуллас, бу рўйхатни давом эттираверсак, қимматли вақтингиз тугаса тугайди-ю, рўйхатимизнинг тугаши амримаҳол...
Ўз даврида “Муборак Қалъа” деб ҳам аталган, ҳиндча “Лал Кила”, инглизча “Red Fort”, яъни “Қизил Қалъа” қароргоҳи Шоҳжаҳон Мирзо буйруғи билан Тожмаҳал меъмори Устод Аҳмад Лаҳорий томонидан қурилган. 200 йиллик Шоҳжаҳонобод, яъни бугунги Деҳли марказидаги сарой сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган манзиллардан бири сифатида эътироф этилади.
Тожмаҳалдан кейин келтирадиган фойдаси бўйича Агра қалъаси ўтган йилларда 1,8 млн АҚШ доллари билан 2-ўринда бўлган бўлса, 3-ўринни Қизил қароргоҳ – Ред Форт йиллик 1,5 миллион АҚШ доллари билан банд қилган. Кириш чиптасини 500 рупий ёки 75 минг сўмга сотиб оласиз.
Деҳлининг энг юқори нуқтаси. Шоҳжаҳон Мирзо шу ерда ҳатто бугунги Ҳиндистонда ҳам энг катта, дея баҳоланадиган Жамоа масжидини қурдиради ва бу манзил шоҳ масжиди сифатида ҳам доим сиёсий аҳамиятга эга бўлиб келган. “Жамоа” сўзининг талаффузи “жума”га яқин бўлгани учун уни “Жума масжиди” ҳам дейишади.
Яна бир муҳим ва қизиқ маълумот: масжид очилганда ҳукмдор бу ерга биринчи бош имомни Бухородан чақиртиради ва бугунги замонамизда ҳам Жамоа масжидига ўша даврдаги имом Сайид Абдулғофур Шоҳ Бухорийнинг 14-авлодлари имомлик қилади.
Масжидни фото ёки видеотасвирга олишга кирганлар 300 рупий (45 000 сўм) пул тўлашади. Ичкарига оёқ кийимларда кириш тақиқланади. Ёки кираверишда сотилаётган 100 рупийлик оёқ кийимни сотиб оласиз, ё ҳамма қатори оёқ яланг юришингизга тўғри келади.
Бу тасвирлар олинган пайтда ташқаридаги ҳарорат 5 даража илиқ эди. Шу совуқда одамлар оёқ кийимсиз қандай юришганини тасаввур қилаверинг.
XIX асрда ташкил этилганидан бери сийраклашмайдиган гавжум Чаури бозорида сотилмайдиган маҳсулот-у, кўрсатилмайдиган хизматнинг ўзи бўлмаса керак. Бир пайтлар зодагон ҳам, авом ҳам йиғилиб, ҳам тижорат, ҳам маданий ҳордиқ чиқарган, шаҳарнинг энг қайноқ нуқтаси бўлган бу бозор кўчаларида сиз бошқа мамлакатларда учратмайдиган ҳолатларга дуч келишингиз мумкин. Мисол учун, тартибсиз тортилган минглаб электр симлари, эски ва янги уйлар, кўча таомлари, кўча сартарошлари ёки қулоқ тозалаш хизматлари шулар жумласидан.
Куннинг исталган қисмида бу манзилдан мана шундай тирбандликлар-у шовқин аримайди. Ғала-ғовурлардан сўнг руҳият сокинлик истаб қолади. Шунда кўчадаги исталган бир рикшага ўтирасиз-да, Деҳли йўллари бўйлаб Ҳумоюн Мирзо боғ-мақбарасига қараб йўл оласиз.
1547 йилда қурилган Ҳумоюн Мирзо мақбараси Бобурийлар тарихидаги энг муҳташам боғ-мақбара ҳисобланиб, Шоҳжаҳонобод, яъни бугунги Деҳли марказидаги 27 гектарли катта майдонда жойлашган.
Мақбарада нафақат Ҳумоюн Мирзо, балки унинг аёллари Бека Бегим, Ҳожи Бегим, шунингдек, невараси Шоҳжаҳоннинг ўғли Дара Шикоҳ ва Бобурийзода Жаҳондаршоҳ, Фаррухсияр, Рафи Ул-Даржот, Рафи Уд-Давлат, Муҳаммад Кам Бахш ва Оламгир иккинчилар дафн этилган.
Мавсум бўлмаса ҳам, мақбарага ташриф буюрган сайёҳлар сонининг қанчалик кўплигини кўриб, бу манзил ҳам мамлакат бюджетига яхшигина даромад келтираётганини хулоса қилиш мумкин.
Биз бугун 17-аср охирида ўзининг қудрати чўққисига етган, 3,2 млн кв.кмли майдони бугунги Эрон ёки Мўғулистон ҳудудларидан икки баравар катта бўлган, дунё аҳолисининг қарийб 29 фоизини ўзида жамлаган, империядаги 150 млндан ортиқ одам сони ҳозирги Россия давлатиникидан ҳам кўп бўлган буюк Бобурийлар давлатининг Ҳиндистон яриморолида қолдирган бой маданий мероси ҳақида қисқагина маълумот бердик.
Аслида эса бу мавзу доимий равишда тадқиқ этилиши, ўрганилиши, ўргатилиши, замонамизда яшаётган ҳам темурийзода, ҳам бобурийзода бўлган бу сулола авлодлари билан алоқалар йўлга қўйилиб, муҳим ва қизиқ маълумотлар барчага улашиб борилиши лозим.
Сардорбек Усмоний
Мавзуга оид
20:02 / 17.12.2024
Ҳиндистон ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ чекловларни кучайтирди
21:54 / 12.12.2024
Ҳиндистон ва Россия нефт бўйича тарихий келишувга эришди — ОАВ
23:45 / 09.12.2024
Ҳиндистонлик миллиардерларнинг умумий бойлиги 905 млрд доллардан ошди
11:04 / 04.12.2024