Жаҳон | 08:54
759
5 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда суд можароси: AI тўқиб чиқарган қарорлар ишда асос бўлган

Ҳиндистон Олий суди сунъий интеллект томонидан яратилган сохта суд қарорларига таянилган ҳолда мулк бўйича низони ҳал қилган судя аниқланганидан кейин, ҳуқуқий оқибатлар бўлиши мумкинлигини билдирди.

Фото: Getty Imagеs

Жанубдаги Андхра-Прадеш штати қуйи инстанция суди чиқарган қарорга нисбатан жавобгарлар (ҳимоя томони) апелляция берганидан сўнг, Олий суд эндиликда ўша қарорни кўриб чиқади.

Олий суд бу ишни “институционал ташвиш” масаласи деб атади ва сохта, AI яратган “суд қарорлари судлов жараёнининг ҳалоллигига бевосита таъсир қилади”, деди.

Бу воқеа сарлавҳаларга чиқди ва Ҳиндистонда ҳам, дунёнинг бошқа жойларида ҳам AI суд жараёнларини издан чиқарган ҳолатлар қаторидаги энг сўнгги мисолга айланди.

Ишдаги муаммолар Андхра-Прадешда ўтган йил август ойида, Вижаявада шаҳридаги биринчи инстанция судида ёш (лавозими пастроқ) фуқаролик судяси баҳсли мулк ҳақидаги иш бўйича қарор чиқарганида бошланган.

Суд аввалроқ мулкни ўрганиб чиқиб, ҳисобот тайёрлаш учун масъул шахсни (мансабдорни) тайинлаган. Бироқ ишдаги жавобгарлар бу тайинловга эътироз билдирди. Судя эса уларнинг эътирозини рад этди ва бунга асос сифатида олдинги тўртта суд қарорини келтирди — кейинчалик маълум бўлишича, уларнинг барчаси сунъий интеллект томонидан яратилган экан.

AI дастурлари иш жойида кўп вазифаларни анча осонлаштирди, аммо генератив AI тизимлари “галлюцинация” қилиш — яъни ёлғон маълумотни ҳақиқат сифатида қатъий айтиш, ҳатто баъзан нотўғри ахборот учун манбаларни ўйлаб топиш қобилияти билан ҳам машҳур.

Жавобгарлар штатнинг Олий судига шикоят қилди ва келтирилган қарорлар сохта эканини кўрсатди. Олий суд буни тан олди, аммо ёш судя хатони “яхши ният” билан қилган, деб қабул қилди ва барибир суд қарорини тўғри, деб топди.

Олий суд ўз қарорида шундай деди: “Манбалар мавжуд бўлмаслиги мумкин, лекин агар суд тўғри ҳуқуқий тамойилларни инобатга олган бўлса ва уларни иш фактларига қўллаш ҳам тўғри бўлса, қарорда нотўғри ёки умуман мавжуд бўлмаган қарорларни тилга олишнинг ўзи қарорни бекор қилиш учун асос бўла олмайди”.

Олий суд, шунингдек, AI яратган қарорларга таянган ёш судядан тушунтириш ҳам сўраган. Судя судга бу — AI воситасидан биринчи марта фойдаланиши бўлганини ва келтирилган қарорларни “ҳақиқий” деб ўйлаганини айтган. У қарорларни нотўғри келтириш ёки ҳақиқатни бузиб кўрсатиш ниятида бўлмаган, “хатога фақат автоматик манбага суяниш сабаб бўлган”, дея ёзган Олий суд.

Олий суд “сунъий интеллектдан кўра, ҳақиқий интеллектни ишга солиш” лозимлигини ҳам таъкидлаган.

Шундан кейин жавобгарлар яна апелляция бериб, ишни Олий судга олиб чиқди. Олий суд эса AI’нинг таъсирига нисбатан унчалик кечиримли бўлмади.

Сохта қарорларни кескин қоралаб, Олий суд ўтган жума куни мулк низосига оид қуйи суд қарорини вақтинча тўхтатди. Унинг айтишича, қарор чиқаришда СИдан фойдаланиш оддий “қарор қабул қилишдаги хатолик” эмас, балки “интизомий бузилиш” ҳисобланади.

“Бу иш катта институционал ташвиш уйғотади — бу ишнинг моҳияти бўйича қандай қарор қабул қилингани учун эмас, балки судлов ва аниқлаш жараёнининг ўзи нуқтаи назаридан”, дея маълум қилди Олий суд.

Суд ишни батафсилроқ ўрганишини билдирди ва мамлакатнинг бош прокурори, шунингдек, Ҳиндистон Адвокатлар кенгашига расмий хабарномалар юборди.

Бошқа бир ишда, ўтган ой Олий суд адвокатларнинг даъво аризаларини тайёрлашда AI воситаларидан фойдаланиш тенденциясидан хавотир билдирган. LiveLaw ҳуқуқий янгиликлар сайти келтиришича, суд буни “умуман кераксиз” деб атаган.

Судларда AI таъсири билан ҳисоблашиш борасида Ҳиндистон ёлғиз эмас.

Октябр ойида АҚШда икки федерал судя AI воситаларидан фойдалангани учун танқид қилинган — бу уларнинг қарорларида хатоларга олиб келган. 2025 йил июн ойида Англия ва Уэлс Олий суди бир қатор ишларда ўйлаб топилган ёки қисман тўқиб чиқилган қарорлар келтирилганидан кейин, адвокатларни AI яратган “иш материаллари”ни қўлламасликка огоҳлантирган.

Дунё бўйлаб бошқа тизимлар қаторида, Ҳиндистоннинг ҳуқуқий институтлари ҳам суд залларида AI'дан фойдаланишни қандай тартибга солиш ва назорат қилиш масаласида курашмоқда.

Ўтган йил Олий суд Ҳиндистон суд ҳокимиятида AI ҳақида “оқ китоб” эълон қилган бўлиб, унда энг яхши амалиётлар ва суд муассасалари, адвокатлар ҳамда котиблар учун AI'дан фойдаланиш бўйича йўриқномалар келтирилган.

Суд инсон назорати зарурлигини ва институционал ҳимоя чораларини “мустаҳкам ҳолда сақлаб туриш” муҳимлигини алоҳида таъкидлаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид