Ўзбекистон | 19:22 / 06.05.2020
35820
5 дақиқада ўқилади

«Қизил китоб»га киритилган жониворлар ҳам зарар кўрган» — Сардобадаги офат экотизимга қандай таъсир қилади?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Экологик партия фракцияси аъзоси Ислом Хушвақтов Kun.uz мухбири билан суҳбатда «Сардоба» сув омборидаги фалокат ва унинг экотизимга таъсири ҳақида маълумот берди.

Ислом Хушвақтов

Ислом Хушвақтовнинг сўзларига кўра, «Сардоба» сув омборининг ҳажми Тошкент денгизидан тўрт баравар катта.

«Сардоба сув омборининг умумий ҳажми 920 млн метр кубни ташкил этади. Тасаввур қилиш учун айтиш мумкинки, бу Чорвоқ сув омборидан 42 баравар кичик, Тошкент денгизидан эса 4 баравар катта ҳажмга тенг.

Ҳисоб-китоблар ҳали якунлангани йўқ. Ҳозиргача маълум бўлишича, омборда сақланган сувнинг тахминан 35 фоизи (яъни 322 млн метр куб сув) техноген фалокат туфайли оқиб чиқиб кетган», – дейди у.

Сувнинг тақдири нима бўлади?

«Табиатнинг ўз қонунлари бор. Омбордан оқиб чиққан сувнинг маълум бир қисми атмосфера ҳавосига буғланиб кетадиган бўлса, яна бир қисми ерга сингиб кетади. Қолган қисми эса зовур ва каналлар орқали Айдар-Арнасой кўллар тизимига йўналтирилади.

Сувнинг тарқалиш географиясини кўрадиган бўлсак, Сирдарёнинг уч тумани – Сардоба, Мирзаобод, Оқолтинга ва Қозоғистоннинг баъзи ҳудудларига етиб борган. Бу ҳудудларда қанчадан-қанча каналлар, коллекторлар бор. Сув уларни ҳам тўлдиради, улар қайсидир ҳудудларни сув билан таъминлайди. Сув омборларига уланган канал ва коллекторлар орқали сув бошқа омборларга тушади.

Физика қонунларига кўра, сув бир турдан иккинчи турга ўтади, яъни ерга сингган сувдан ерости сувлари бойиши, атмосферага буғлангани эса ёмғир билан тушиши мумкин. Чиқиб кетган сувнинг маълум қисми омборга қайтарилади. Йўқотиш деярли сезилмайди. Аммо, ачинарлиси, тайёр йиғилган сувнинг йўқотилиши бўлди», – дейди Ислом Хушвақтов.

Нобуд бўлган жониворлар касаллик тарқатиши мумкин

Экопартия вакили офатда нобуд бўлган жониворларнинг жасадлари тезда йиғиб олиниши ва бу ҳудудлар дезинфекция қилиниши кераклигини таъкидлади.

«Офатдан энг биринчи зарарни омборга энг яқин ҳудуд – Сардоба тумани «Юртдош» маҳалласи кўрган. Дамба очилиши билан сув аввал баландликдан катта босим билан ўтади. Кейинчалик сув ёйилиб кетиши туфайли тезлик ҳам пасаяди. Оқолтин, Мирзаобод туманлари, Қозоғистон ҳудудига боргунча, Абай каналига сув бориб тушгунча бўлган ҳудуд катта зарар кўрган. Хусусан, уй ҳайвонлари ҳам.

Биринчи офат кўрган жойларда аҳоли зудлик билан эвакуация қилингани учун одамлар уй ҳайвонларини оғилхонадан чиқаришга, молларнинг ипини бўшатиб қўйишга ҳам улгурмаган. Кейинги босқичларда эвакуация қилинган аҳоли эса уй ҳайвонларини ҳайдаб чиқишга улгурган.

Талафот ҳудудида тозалаш ишлари олиб борилаётганда маълум бўлдики, сув босиши, уйлар қулаши натижасида ҳайвонлар нобуд бўлган. Нобуд бўлган жониворлар сони аниқ эмас. Аммо қишлоқ шароитида битта хонадонда ўрта ҳисобда битта сигир, бир нечта қўй бўлишини инобатга олиб, тахмин қилиш мумкин.

Жониворларнинг жасадлари тезда йиғиб олиниши, бу ҳудудлар дезинфекция қилиниши керак. Акс ҳолда кунлар исиши билан уларнинг жасади касаллик тарқатувчисига айланиб қолиши мумкин».

«Қизил китоб»га киритилган жониворлар ҳам зарар кўрган

Ислом Хушвақтов техноген офат ёввойи ҳайвонларга ҳам зиён келтирганига эътибор қаратди.

«Офатда нафақат уй ҳайвонлари, ёввойи табиат ҳам зиён кўрган. Ноёб қушлар ва ўсимлик турлари катта зарар кўрди. Сирдарё вилоятида лайлаклар жуда ҳам кўп келади. Сирдарё бўйида жойлашган тўқайзорларда кўчиб ўтувчи қушлар, «Қизил китоб»га киритилган ноёб қушлар ҳам яшайди. Айниқса, ҳозирги баҳор фасли уларнинг кўпаядиган, тухум қўйиб, полапонлари чиқа бошлайдиган давр эди.

Ёввойи табиатга етказилган зарарни ҳисоблаб чиқиш учун вақт керак. Талафот ҳажми катта бўлганлиги эҳтимоли бор, ҳисоблаб чиқилгач, улар маълум қилинади».

Объектлар қурилишида жамоатчилик назоратидан тортиб парламент назоратигача бўлиши керак

Хушвақтов гидроиншоотлар қурилиши ва фаолиятининг назорат қилиниши бўйича ҳам изоҳ берди.

«Сув объектларини назорат қилувчи ташкилотлар бор. Сув хўжалиги вазирлиги гидротехнологик иншоотлар назоратини юритувчи ваколатли орган ҳисобланади. Улар бўйича бирон нарса дейиш қийин, чунки уларнинг фаолиятини биз яқиндан ўрганмаганмиз. Аввалги парламент чақириғида «Экоҳаракат» депутатлари республикада мавжуд 55та сув иншоотининг 35 фоизини ўрганиб чиққан.

Сардоба сув омбори қуриб битказилган 2017 йилда давлат раҳбари бориб танишган эди. Шундан бери омборда назорат инспекциялари ишлаган бўлиши мумкин, лекин Экопартия бу объектда парламент назоратини ўтказмаган.

Республикада 50дан ортиқ гидроиншоот бор. Уларнинг барчаси мелиорация, ирригация, энергетика – қайси мақсадда қурилишидан қатъи назар, қурилиш давомида сифат назорати кучли бўлиши керак. Объектлар қурилишида жамоатчилик назоратидан тортиб парламент назоратигача мавжуд бўлиши лозим».

Саодат Абдураҳмонова суҳбатлашди.

Мавзуга оид