10:16 / 18.06.2024
1576

ЕИ кенгаши экотизимларни тиклаш бўйича баҳсли қонунни қабул қилди

Австриялик вазир канцлер позициясига зид равишда экология қонунини ёқлаб овоз берди ва натижада ЕИ кенгаши уни қабул қилиш учун зарур бўлган кўпчилик овозни олишга муваффақ бўлди. Қонун Европа Иттифоқи давлатлари ва Европа парламенти томонидан келишилган.

Фото: RAUNO VOLMAR / DELFI MEEDIA

Бир неча ой давом этган мунозаралардан сўнг Европа Иттифоқининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлари экотизимларни тиклаш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. 17 июн, душанба куни Люксембургда бўлиб ўтган ЕИ кенгаши йиғилишида Австриянинг розилигидан сўнг керакли кўпчилик – камида 15 мамлакат ва Европа Иттифоқи аҳолисининг камида 65 фоизи қўллаб-қувватлови олинди. Австрия федерал канцлери, консерватив Карл Нехаммернинг позициясидан фарқли ўлароқ, мамлакат иқлимни муҳофаза қилиш ва энергетика вазири Леоноре Гевесслер қонунни ёқлаб овоз берди, бу унинг қабул қилинишида ҳал қилувчи омил бўлди.

Янги қонунчилик нормаси Европа Иттифоқи мамлакатларига 2030 йилга бориб зарарланган қуруқлик ва денгиз экотизимларининг камида 20 фоизини, 2050 йилгача эса хавф остида қолган барча экотизимларни тиклашга мажбур қилади. Мақсадлардан бири CO2’ни ўзига сингдира оладиган торф ерларини тиклашдир. Янги қонун ёрдамида Европа Иттифоқи атроф-муҳитнинг вайрон бўлиш жараёнини ортга қайтармоқчи. Бу иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича Европа стратегиясининг муҳим қисмидир. 

Қонун узоқ вақт давомида ЕИ кенгашидаги бир қанча давлатлар томонидан блокланган

Европа Иттифоқи давлатларидан музокарачилар ва Европарламент аъзолари 2023 йилнинг ноябрида қонун бўйича келишиб олди, шундан сўнг унинг Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан якуний маъқулланиши расмиятчилик сифатида қабул қилинди. Бироқ Европа Иттифоқи кенгашининг қатор аъзолари ҳужжат қабул қилинишига бир неча ой давомида тўсқинлик қилган. Италия, Финландия, Нидерландия, Полша, Швеция ва Венгрия унга қарши чиқди, Белгия эса бетараф қолди, деб ёзади AFP дипломатик манбаларга таяниб. 

Хусусан, Нидерландия шамол станциялари қурилишининг секинлашиши мумкинлигидан хавотир билдирди, Полша эса атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирларни молиялаштириш режаси йўқлигини таъкидлади. Бундан ташқари, қонун консерватив сиёсий кучлар ва Европа мамлакатлари қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари томонидан танқид қилинмоқда. 

Вена ўз вазирининг «конституцияга зид» ҳаракатлари юзасидан судга мурожаат қилади 

Брюсселдаги қарордан сўнг Австрия федерал канцлери идораси уни бекор қилиш учун Европа судига даъво аризаси билан мурожаат этиш ниятида эканлигини билдирди. Австрия вазирининг қарори «конституцияга мос келмайди», дея маълум қилди Вена. Ўз навбатида, Леоноре Гевесслер ўз мамлакатидаги қаршилик ҳақида билишини таъкидлади. Бироқ, у даъвони қондириш учун ҳеч қандай қонуний асос кўрмаяпти. «Ишончим комилки, энди бу қонунни қабул қилиш вақти келди», деб таъкидлади Гевесслер. 

Ўз навбатида, Германия атроф-муҳит вазири Штеффи Лемке атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қишлоқ хўжалиги манфаатлари ўртасида мувозанатга эришиш зарурлигини таъкидлади. «Европа Иттифоқи яхши муросаларни топишга қодир», деди у. Германия вазирининг сўзларига кўра, қабул қилинган қонун «ҳеч бир ҳукумат ёки партия табиатни муҳофаза қилиш ва атроф-муҳит муаммоларини эътиборсиз қолдира олмаслигини» кўрсатади. 

Май ойида Германия ва бошқа ўнта Европа давлати Европа Иттифоқига раислик қилаётган Белгия ҳукуматини июн ойида экотизимларни тиклаш бўйича қонунни қабул қилиш жараёнини якунлашга чақирди. Ирландия ташаббуси билан жўнатилган мактубда таъкидланишича, аввалроқ келишилган муроса бўйича юзага келган боши берк кўча «демократик институтларни хавф остига қўяди». Июл ойида Европа Иттифоқининг раислиги Венгрияга ўтади, унинг ўнг қанот миллий ҳукумати бошқа нарсалар қатори бу қонунга ҳам қарши. 

Top