Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
"Меценатлик фаолияти ва маданий ҳомийлик тўғрисидаги" қонун лойиҳаси муҳокама қилинди
2018 йилнинг 6 июнида Ўзбекистонда "Меценатлик фаолияти ва маданий ҳомийлик тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокама учун тақдим этилди. 7 июнь куни Халқаро Пресс-клуб, Маданият вазирлиги ва унинг қошидаги Маданият ва санъат фондини ривожлантириш фонди ҳамкорлигида ўтган "Меценатлик - янги анъананинг шаклланиши" сессиясида ушбу қарор лойиҳаси бўйича фикрлар алмашилди ва хорижий малакали мутахассислар тажрибаси тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда иштирок этган KUN.UZ мухбирининг хабар беришича, янги қонун лойиҳасида Меценатлик фаолияти ва Маданий ҳомийлик тушунчаларига аниқлик киритилди.
Меценталик фаолияти - бу бенециар (пул маблағларини қабул қилувчи юридик ёки жисмоний шахс) томонидан Ўзбекистон Республикасининг моддий ва номоддий маданий меросини ташкил қилувчи маданий объектларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш мақсадида беминнат асосда ҳар қандай мулкий ҳуқуқларнинг берилиши, пул қийматига эга ишларнинг бажарилиши, хизматларнинг тақдим этилиши.
Маданий ҳомийлик - меценат томонидан меценатлик фаолиятининг юридик шахс шаклида солиқ имтиёзларига эга бўлиш эвазига амалга оширилиши.
Солиқ идораларида рўйхатдан ўтган маданият ва санъат, илм-фан ва ижод, таълим соҳаларида фаолият юритаётган ҳар қандай давлат, нодавлат нотижорат ташкилотлари меценатлар томонидан қўллаб-қувватланиши мумкин. Асосийси, уларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси маданий бойликлари ва маънавий меросини сақлаш ҳамда ривожлантиришга йўналтирилган бўлиши керак.
Тадбирда шунингдек меценатлик фаолиятининг рағбатланитириш тизими ҳақида ҳам маълумот берилди.
Унга кўра, ҳар йили меценатлар учун Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги томонидан махсус мукофот тақдим этилади (маданий ҳомийлик билан шуғулланувчи юридик шахслар бундай мукофотларга даъвогарлик қила олишмайди). Мамлакат маданий меросига мансуб бўлган маданий қадриятларни харид қилган шахслар махсус мукофотлар ва рағбатлантириш шаклларига эга бўлишади. Бенефициар меценатга бир йилда бир марта рағбатлантирувчи мукофот тақдим этиш ҳуқуқига эга, бунда мукофот ҳажми меценатдан олинган ёрдам қийматининг 20 фоизидан ошмаслиги кераклигига эътибор қаратилади. Бенефициар меценатлик фаолияти доирасида меценатнинг исми шарифи, номи, логотипи ёки бошқа идентификация шаклини эслатиш ҳуқуқига эга.
10 минг АҚШ долларига тенг ёки ундан ортиқ меценатлик кўмагини тақдим этган юридик шахслар бундай меценатлик фаолиятини маданий ҳомийлик сифатида қайд этиб, солиқ имтиёзларини қўлга киритади.
Тадбирда шунингдек Франциядаги Лувр музейи ва Россиядаги Третьяков галереяси вакиллари қатнашиб, ўзларининг бу йўналишдаги қизиқарли тажрибалари билан бўлишишди.
"Меценатлик фаолияти ва маданий ҳомийлик тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ҳақида батафсил маълумот олишни истаганлар Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамасига қўшилишлари мумкин.