Жамият | 12:30 / 27.05.2021
2143
2 дақиқада ўқилади

ТАТУ Самарқанд филиали мутасаддиси фуқароларга Қозоғистон ОТМда ўқиётганлик ҳақида сохта ҳужжат сотаётганда ушланди

Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиали бўлим бошлиғи ва унинг шериги фуқароларга Қозоғистон Республикасидаги институтлардан бирида ўқиётгани ҳақида ҳужжат тайёрлаб сотаётганда ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Каттақўрғон шаҳар бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Қозоғистондаги институтлардан бирида ўқиётгани ҳақида ҳужжат тайёрлаб сотаётган ТАТУ Самарқанд филиали бўлим бошлиғи ва унинг шериги ушланган.

Жумладан, Б.Т. танишлари орқали фуқаро Ш.нинг укаси ва жиянига Қозоғистондаги институтлардан бирида 2020 йил сентябрь ойидан ўқиётгани тўғрисида ҳужжатларни тайёрлаб бериш эвазига 4 200 АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

Сўнг унинг кўрсатмаларига кўра, тадбир давом эттирилганда, ТАТУ Самарқанд филиалида бўлим бошлиғи лавозимида ишловчи М. фуқаро Б.Т.дан 3 000 долларни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, прокуратурага юборилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид