Жамият | 10:00 / 22.02.2020
3893
4 дақиқада ўқилади

«Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида «Биз коррупцияга қаршимиз» шиори остида семинар бўлиб ўтди

Фото: Хоразм ҳудудий электр тармоқлари

Коррупция ва порахўрлик – ҳокимият ва бошқарув асосларини емирадиган, унинг аҳоли олдидаги обрўсига путур етказадиган, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қиладиган ҳавфли жиноий ҳодисалардан биридир.

Ушбу иллатга қарши курашишни жаҳон талаблари асосида ташкил этиш мақсадида 2008 йилда мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2003 йил 13 октябрдаги «Коррупцияга қарши» Конвенциясини ратификация қилди, шунингдек, «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Коррупцияга қарши» конвенциясига Ўзбекистон Республикаси қўшилиши тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Шунингдек, давлатимиз 2010 йил март ойида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига (2003 йил 10 сентябрь) қўшилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги «Ўзбекистон республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармони имзоланди.

Шу асосда барча идора ташкилотларда ушбу иллатга қарши курашиш, фуқароларни коррупцияга қарши курашишда фаол бўлишга ундовчи тадбирлар, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

«Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖда вилоят адлия бошқармаси, вилоят прокуратураси ва Давлат хизматлари агентлиги билан ҳамкорликда «Биз коррупцияга қаршимиз» шиори остида семинар бўлиб ўтди.

Жамиятга қарашли ташкилотларнинг ҳисобчилари, юридик бўлим бошлиқлари, мажбурий ижро билан ишлаш муҳандислари юристконсультлари, жамият қошидаги давлат хизматлари бўлимида фаолият олиб борувчи барча ходимлар ҳамда барча бўлим бошлиқлари иштирокидаги ушбу семинарда ходимларнинг иш фаолияти давомида камчиликларга йўл қўймасликлари, коррупция иллат эканлиги мутасаддилар томонидан тушунтирилиб ўтилди.

Хоразм вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими терговчиси Р.Исматов йиғилганларга Республикамиз Президенти томонидан қабул қилинган қарорлар ва уларнинг ижроси юзасидан тушунтириш ишларини олиб борди.

Жиноятга жазо муқаррар. Қолаверса коррупция келажак учун иллатлиги, ҳар қандай соҳага бундай иллат аралашса ушбу тизимда ривожланиш бўлмаслиги ва албатта, бундай хатога йўл қўйган инсонлар жазога тортилишлари ҳақида вилоят адлия бошқармаси ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлим бошлиғи К.Маткаримов алоҳида маъруза қилди.

Шундан сўнг жамият юридик бўлим бошлиғи А.Каримов сўзга чиқиб семинар қатнашчиларига фаолиятлари давомида юзага келаётган муаммолар борасида ҳуқуқий кўникмалар берди.

Бундан ташқари Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бўлими бошлиғи Ф.Юсупов бугунги кунда электр таъминоти корхоналарида олиб борилаётган ишлар тўғрисида ва мавжуд муаммолар ҳақида ўзаро фикр алмашинилиб, саволларга атрофлича жавоблар бердилар.

«Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бош директори М.Базаримбетов семинарни якунида сўзга чиқиб йиғилганларга ҳуқуқий маслаҳатлар берди. Бундан ташқари, жамиятда бундай коррупция иллатлари юзага келмаслиги учун биргаликда фаолият олиб боришга чорлади.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, бўлиб ўтган семинарда коррупция мураккаб ижтимоий ҳодиса эканлиги, унга қарши курашиш учун алоҳида чораларни қўллаш, коррупцияга қарши курашиш давлат ва жамият ўзаро жипслашиши лозимлиги яна бир бор ходимларга тушунтирилди. Зеро, бу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар фуқаролар томонидан ҳам фаоллик кўрсатилсагина, кўзланган натижани бериши мумкин.

«Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Матбуот хизмати

Жамшид Рузибаев
Тайёрлаган Жамшид Рузибаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид