Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
1,8 млрд сўмлик жаримани камайтиришни ваъда қилган муҳандис қўлга олинди
Фарғона вилоятида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати бўйича ҳисобланган йирик миқдордаги жаримани камайтиришни ваъда қилган мансабдор шахс пора олиш вақтида қўлга олинди.
Маълум бўлишича, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “Энергосавдо” филиали Фарғона бўлинмаси муҳандиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, Ўзбекистон туманида яшовчи, 1962 йилда туғилган фуқарога тегишли хонадон ва хусусий боғчада электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани юзасидан расмийлаштирилган далолатнома бўйича ҳисобланган 1,8 млрд сўм жаримани 210 млн сўмга тушириб беришни ваъда қилган.
Бунинг эвазига у фуқародан 10 минг АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда муҳандис сўралган пул маблағининг 9 минг АҚШ долларини учинчи шахс орқали олган вақтида ушланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.