Сулҳ таклифини ўрганаётган ҲАМАС, Украинада кескинлашган фронт ва Нигерияда тирбандликда ёнган машиналар — кун дайжести
Дунёда содир бўлган воқеа ва ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг кундалик шарҳи билан таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда Жаҳон иқтисодий форумининг икки кунлик махсус йиғилиши ўтказилмоқда. Саммитда Исроил ва ҲАМАС ўртасида музокараларни тиклашга ҳаракат қилинмоқда.
Саммит иштирокчилари орасида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳам бор. Шунингдек фаластинлик етакчилар ҳамда Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатишда воситачилик қилишга ҳаракат қилаётган бошқа мамлакатларнинг юқори мартабали мулозимлари таклиф этилганди.
«Бугун дунё хавфсизлик ва фаровонлик ўртасидаги мувозанатни топишга ҳаракат қилиб, тор канат йўлидан юрмоқда», — деган Саудия Арабистони режалаштириш вазири Файсал ал-Иброҳим. «Биз битта нотўғри мулоҳаза, нотўғри ҳисоб ёки бирор тушунмовчилик муаммоларимизни янада чуқурлаштирганида учрашамиз», деган у.
Жаҳон иқтисодий форуми президенти Борге Бренде «гаровдагилар бўйича музокараларда, шунингдек… Ғазодаги боши берк кўчадан чиқиш эҳтимоли бўйича музокараларда янги импулс кўзга ташланаётгани»ни айтган.
Саммитда чиқиш қилган Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос фақат АҚШ Исроилни Рафаҳга ҳужум қилишдан қайтариши мумкинлигини айтиб, ҳужум яқин кунларда амалга оширилиши кутилаётганини қўшимча қилган.
Саудияга таклиф қилинмаган Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац эса агар ҲАМАС гаровдагиларни қўйиб юборишга рози бўлса, Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳрига режалаштирилган юриш тўхтатилиши мумкинлигини таъкидлаган.
Шанба куни ҲАМАС улар ҳали тириклигини кўрсатиш учун гаровдагиларнинг икки нафари иштирокидаги видеони намойиш этди.
ҲАМАС вакиллари Исроилнинг Ғазода ўт очишни тўхтатиш эҳтимоли тўғрисидаги сўнгги таклифини ўрганаётганини маълум қилган. Axios порталига кўра, янги таклиф ҲАМАСнинг кўплаб талабларига жавоб беради, жумладан унда кўчирилган ғазоликларни эксклавнинг шимолидаги ўз турар жойларига қайтариш ҳам кўзда тутилган.
АҚШдаги аксилисроил намойишлар
АҚШда Ғазони қўллаб-қувватлаб ўтказилаётган тинч намойишларга қарши полициянинг жалб қилиниши Исроилга қарши барча олий ўқув юртлари оёққа қалқишига сабаб бўлмоқда.
Борган сари Америкадаги кўплаб олий ўқув юртларидаги талабалар Исроилнинг Ғазода амалга ошираётган геноцидига қарши норозилик ҳаракатига қўшилмоқда. Талабалар билан бирга ўқув юртларининг профессор ва ўқитувчилари ҳам акцияларда иштирок этишмоқда.
Талабалар касаба уюшмаларининг бу занжирли реакцияси Ню-Йоркдаги Колумбия университетида ўтказилган тинч акция полиция ёрдамида бостирилганидан сўнг рўй берган.
АҚШдаги ўнлаб университетлар ва коллежлар, уларга қўшилган чет эллик талабалар Ғазода ўт очишни тўхтатиш, олий ўқув юртларининг Исроилни қўллаб-қувватлаб келаётган компаниялар билан ҳамкорлик қилишини бас қилиб норозилик намойишлари ўтказишмоқда. АҚШда аксилисроил тинч намойишларда иштирок этаётган талабаларга қарши полиция зулми мамлакатдаги барча олийгоҳларни оёққа турғизган.
Қизил денгиздаги вазият
Яманий ҳусийчилар яқинда Қизил денгиздаги Исроил кемасига ҳамда Исроилнинг Эйлат шаҳрига уюштирилган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.
Бу анча вақтдан буён тинчиб қолган эскалациянинг янги босқичи бошланганидан далолат беради.
Эслатиб ўтамиз, ўтган пайшанба куни ҳусийчилар Исроилга тегишли MSC Darwin кемасига ракеталар ва пилотсиз парвоз қурилмалари билан ҳужум уюштирган эди. Бундан бир кун илгани Maersk Yorktown ва MSC Veracruz кемалари АҚШ ва Исроилники деб белгиланиб, уларга ҳам ҳужум қилинганди.
Ҳусийчиларнинг бу ҳаракатлари Вашингтоннинг Сано ва Ҳудайдадан қамал олиб ташланиши эвазига Яманда тинчлик музокаралари ўтказилиши ва Қизил денгизда ҳужумлар уюштирилишининг бас қилиниши борасидаги таклифлари Яман гуруҳи томонидан рад этилганини билдириши мумкинлиги айтилмоқда.
Бироқ ушбу ҳужумлар можаронинг янада авж олишига олиб келмаслиги ҳам мумкин. Шунчаки исёнчи гуруҳнинг 6 ойдан буён давом этаётган ҳужумларининг мантиқий давоми ҳам бўлиши мумкин.
Украина фронтидаги вазият
Украина фронтидаги вазият янада чигаллашди. Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский ҳафта ичида барча фронт чизиғи бўйлаб оғир жанглар бўлиб ўтаётганини таъкидлади.
Аввалроқ Урушни ўрганиш институти (ISW) Россия яқин ҳафталар ичида — Америка ёрдами етиб келгунга қадар ҳужумга ўтишни фаоллаштириши ҳақида хабар берган эди. Сирский эса Россия ҳарбийлари 9 майга қадар Бахмутдан ғарброқдаги Часив Яр посёлкасини эгаллаш тўғрисида Кремлдан буйруқ олишганини қайд этган эди.
«Душман бутун фронт линияси бўйлаб ҳужумга ўтмоқда, айрим йўналишларда тактик муваффақиятга эришмоқда. Вазият динамик тарзда ўзгариб бормоқда, алоҳида позициялар сутка давомида бир неча бор «қўлдан қўлга» ўтиб турмоқда ва бу вазиятни аниқ тушунишни қийинлаштирмоқда», — деган Сирский.
Бу орада Россия Мудофаа вазирлиги Донецк областидаги Новобахмутивка қишлоғини ўз назоратига олганини эълон қилди. Сирский ва украиналик бошқа расмий шахслар бунга изоҳ бермаган.
Сирскийнинг баҳолашларига кўра, Покровск ва Курахове йўналишларида вазият жуда мураккаб, бу ерларда қақшатқич жанглар давом этмоқда. Россия армияси Авдийивка ва Марйинкадан ғарброққа ҳужум қилмоқда ҳамда Покровск ва Курахове қишлоқларини эгаллашга ҳаракат қилмоқда.
«Украина мудофаа кучлари бўлинмалари ватандошларимизнинг ҳаёти ва жонини сақлаб қолиш учун Бердичив, Семёнивка ва Новомихайливкадан ғарбдаги янги мудофаа сарҳадларига кўчган. Умуман олганда, бу йўналишларда душман маълум бир тактик муваффақиятларга эришган, аммо оператив устунликка эга бўлолгани йўқ», — дея қайд этган Сирский.
Урушни ўрганиш институти (ISW) экспертлари Украина 2024 йилнинг охири ёки 2025 йилнинг бошларида чекланган қарши ҳужум бошлаши мумкин, деб ҳисоблаётгани маълум қилинган эди.
Тадқиқотчиларига кўра, яхши қуролланган украиналик ҳарбийлар Россиянинг ёзда кутилаётган қарши ҳужумини муваффақиятли қайтариб, олдинга силжиши мумкин.
Гуржистондаги намойишлар
Гуржистон пойтахти Тбилисида парламент биноси ёнида Россиянинг «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунига ўхшаш «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасига қарши бўлиб ўтган минглаб кишиларнинг намойишида вазият кескинлашди.
Бир неча юзлаб полициячилар калтак ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланиб, намойишчиларни қўлга олишни бошлади. Намойишчиларни парламент биноси ёнидаги кўчалардан ҳайдаб чиқарган махсус кучлар Руставели шоҳкўчасига сув пурковчи машина келтирган.
Гуржистонда сўнгги бир неча кун ичида мухолифат кучлари парламент томонидан «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун қабул қилинишига қарши норозилик намойишлари ўтказиб, уни Гуржистон парламентидан чақириб олишни талаб қилмоқда. 28 апрел оқшомида акция Республика майдонида бошланган, у ерда 20 мингга яқин одам йиғилган.
Гуржистон Ички ишлар вазирлиги ўз сайтида одамларни қонун билан рухсат этилган йиғилишлар эркинлиги чегарасидан чиқмасликка ва парламент олдида ўрнатилган саҳнани бузмасликка чақирган баёнот эълон қилди. «Ҳар қандай қонунбузарлик полиция томонидан дарҳол бостирилади», дейилади баёнотда.
Европа Иттифоқи Гуржистон ҳукуматини қонун лойиҳасини қайтариб олишга чақирмоқда. «Бу қонун лойиҳаси Европа меъёрлари ва қадриятларига тўғри келмаслиги аниқ, агар у қабул қилинса, Гуржистоннинг келажакдаги Европа томон тутган йўлини хавф остига қўяди», деди Европа комиссари Янез Ленарчич.
Тирбандликда ёнган машиналар
Нигерияда ёнилғи ташувчи цистернанинг портлаши туфайли тирбандликда турган 100 га яқин автомобил ёниб кетган. Қурбонлар ҳам бор.
Ҳодиса 26 апрель куни Риверс штатидаги Порт-Ҳаркорт шаҳри яқинида содир бўлган. Гувоҳларга кўра, ёнилғи ташувчи автомашина автофалокатга учрагани оқибатида портлаш содир бўлган. Ёнилғи ташувчи автомобил бошқа транспорт воситаси билан тўқнашиб, ёниб кетган ва портлаш рўй берган.
Ёнғин тирбандликда турган бошқа автомобилларга ҳам ўтган. Айрим ҳайдовчилар саросимада тезда ёна бошлаган машинасини қутқариб қолиш умидида охиригача рулда қолган ва ҳалок бўлган.
Тирбандлик туфайли ҳайдовчилар учун ҳаракатланадиган жой қолмаган, айримлар эса автомобилидан чиқа олмаган. Оқибатда тўрт киши, жумладан, ҳомиладор аёл ёниб кетган.
Ёнғин бир неча соат ўтгач ўчирилган. Қурбонларнинг аниқ сони ҳозирча номаълум. Сўнгги маълумотларга кўра, 100 га яқин автомобил ёниб кетган.
Мавзуга оид
13:00 / 31.10.2024
Қамалда қолаётган ғазоликлар, АҚШнинг Исроилга ёрдами ва фронтда бой бераётган Украина — кун дайжести
13:40 / 30.10.2024
Байт Лаҳияга ракета ҳужуми, «Ҳизбуллоҳ»нинг янги етакчиси ва АҚШни кўндира олмаётган Зеленский — кун дайжести
13:45 / 29.10.2024
Эрон ракеталаридан айрилган Путин, урушга йўл олган КХДР аскарлари ва Гуржистон мухолифати шартлари — кун дайжести
13:49 / 28.10.2024