Ўзбекистон | 08:30 / 02.04.2022
8848
4 дақиқада ўқилади

Навоий давлат кончилик институти университет сифатида қайта ташкил этилади

Президент “Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Янги университет ҳузурида битта институт, илмий технология саноат парки, 2 та политехника ҳамда 2 та саноат техникуми бўлади.

Фото: Навоий давлат кончилик институти

Матни ЎзАда келтирилган президент қарорига кўра, университет фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • саноат, техника-технология, муҳандислик соҳалари учун олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш;
  • етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, таълим жараёнига илғор педагогик ва масофавий таълим технологияларини, илм-фан ва техниканинг янги ютуқларини жорий этиш;
  • замонавий ўқув ва илмий лаборатория базасини шакллантириш, иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиши учун янги ишланмаларни яратиш, талабаларга таълим жараёнида илмий фаолият билан шуғулланиш учун шарт-шароит яратиш;
  • саноат ташкилотларининг муаммоларини ечишга қаратилган илмий, амалий ва инновацион тадқиқотларни ривожлантириш, тадқиқот натижалари ва илғор технологияларни амалиётга жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • таълим ва илмий изланишлар жараёнига малакали мутахассисларни жалб этиш, республика ва етакчи хорижий олий таълим муассасалари, илмий марказлар ва ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;
  • ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларини жорий этиш, талабалар назарий билимларининг ишлаб чиқариш амалиёти билан узвий боғлиқлигини таъминлаш, битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича мақсадли ҳамкорликни йўлга қўйиш;
  • талабаларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, Ватанга муҳаббат, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш;
  • ўқув жараёнини талабаларда мустақил таълим олиш, тизимли таҳлил қилиш, ижодий фикрлаш ва амалий, жумладан, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга йўналтириш;
  • илмий-педагогик салоҳиятни ошириб бориш, жумладан, профессор-ўқитувчилар стажировкаси ва малака оширишини нуфузли республика ва хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот марказларида ташкил этиш.

Университет ҳузурида Навоий давлат кончилик институтининг Нукус филиали негизида Нукус кончилик институти ва “Навоий” илмий-технология саноат парки ташкил этилади. 2022/2023 ўқув йилида эса Навоий давлат педагогика институти ҳузуридаги Кармана хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми негизида – Кармана политехника техникуми; “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси тизимидаги Нурота саноат-кончилик коллежи негизида – Ғозғон политехника техникуми; Навоий давлат кончилик институти ҳузуридаги Учқудуқ саноат техникуми ва Зарафшон саноат техникуми университет ҳузурига ўтказилади. Мазкур техникумларда саноат, кончилик, металлургия, машинасозлик, қурилиш, энергетика, электротехника, хизмат кўрсатиш каби йўналишларда кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Кармана хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми ҳамда Нурота саноат-кончилик коллежида таълим олаётган ўқувчилар ўқишни битиргунларига қадар мазкур таълим муассасаларида амалдаги таълим дастурлари бўйича ўқишини давом эттиришади.

Қарор билан университет фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича бошқарув кенгаши ҳам ташкил этилиб, унинг таркиби тасдиқланди ҳамда вазифалари ва ваколатлари белгилаб берилди.

Университет давлат ОТМ ҳисобланади ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида фаолият юритади. Университет ва унинг ҳузуридаги Нукус кончилик институтига талабаларни қабул қилиш параметрлари ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси доирасида аниқланади. Шунингдек, Навоий давлат кончилик институти ва унинг Нукус филиали талабалари ўқишини тегишлилиги бўйича университет ва унинг ҳузуридаги Нукус кончилик институтида давом эттиради. 

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид