Жамият | 22:48 / 25.05.2021
22796
2 дақиқада ўқилади

Сентябрдан мактаб ўқувчилари ва уларнинг ўқитувчиларига ҳоким стипендияси жорий қилинади – Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Тошкент шаҳар ҳокимининг маълум қилишича, шу йил сентябрдан бошлаб мактабларда ўқувчи ва ўқитувчи учун ҳоким стипендияси жорий қилинади. Бунда 9 ой давомида ўқувчига ойига 500 минг сўмдан ва унинг ўқитувчисига 1 миллион сўмдан стипендия бериб борилади.

“Тошкент 5 ташаббус ҳаракати” доирасида Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбирда Жаҳонгир Ортиқхўжаев мактаб ўқувчилари учун стипендия жорий этилиши тўғрисида сўз юритди.

“Мактаб ўқувчиларига ҳоким стипендияси бериш масаласи бўйича бу йилдан режа қилдик. Ҳар битта мактабдан 5та фан - физика, математика, биология, кимё ва бу йил чет тилини қўшдик. Сентябрдан бошлаб 5 нафар ўқувчига ҳоким стипендияси берилади. Ҳар бир ўқувчига ойига 500 минг сўмдан ва унинг ўқитувчисига 1 миллион сўмдан берилади”, - деди Ортиқхўжаев.

Шунингдек, Жаҳонгир Ортиқхўжаев талабаларга ҳам Тошкент шаҳар ҳокими стипендияси жорий қилинадими, деган саволга жавоб берди.

“Секин-секин бойисак, талабаларга ҳам стипендия жорий қилинади. Бу йил мактабга қилдик. Энди талабаларимиз ичидан яхшилари етишиб чиқиб, катта-катта корхоналар қуриб, катта-катта солиқлар тўлаганидан кейин ҳоким стипендиялари пайдо бўлади. Талабалар зўр ўқиб, чет элга бориб, у ерда ишлаб, Ўзбекистонга солиқ тўламаса, қаердан стипендия бўлади, тўғрими? Шунинг учун ўзларингиз катта бўлиб, корхона очиб, солиқ тўлайсизлар. Шунда имкониятлар яратилади”, - деди Тошкент шаҳар ҳокими.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид